Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда, уларга жамиятда ўз ўрнини топишда ёрдам бераётган ташкилот сифатида тилга олинадиган “Тадбиркор аёл” ассоциацияси аёл тадбиркорлар учун имкониятлар эшиги бўлиб хизмат қилмоқда. Ассоциация раҳбари Гулнора Маҳмудова Kun.uz билан суҳбатда тизимдаги муаммолар ва режалар ҳақида ўртоқлашди.

– “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этилганига 30 йил тўлди. 30 йил ичида ассоциация тадбиркор аёлларга нима бера олди? Қандай ишлар амалга оширилди бу борада?

– “Тадбиркор аёл” ассоциацияси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Ўтган давр ичида хотин-қизларнинг ижтимоий нуфузини оширишга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди.

Ассоциация тадбиркор аёлларга аввало билим берди. Тадбиркорликни энди бошлаётган аёлларга ўзини эркин ҳис қиладиган ҳамжамиятни ва ўзига бўлган ишончни берди. Юртимиз истиқболи билан боғлиқ ҳолда аёллар тадбиркорлиги босқичма-босқич ривожланиб бораётганини кўриш мумкин. Тадбиркор аёл бўлишнинг ўзига яраша оғир-енгилликлари ҳақида аёлларимизда етарли даражада тушунча йўқ эди. Ҳар доим ҳам тадбиркор аёлларнинг ижобий имижи яратилмади. Шундай даврларни бошдан кечириш учун аёлларга ёрдам берадиган ташкилотлар йўқ эди. Бизнинг ассоциациямиз эса ана шундай ташкилотга айланди.

Чунки аёлларимиз бирор ишга қўл урганда қаерга мурожаат қилишни билишмайди. Ассоциация шундай вақтда уларга ёрдам бериб, тўғри йўл тутишга имкон яратди.

Аъзоларимиз орасида ўз тадбиркорлигини энг қуйи поғонадан бошлаб бугунги кунда йирик ишбилармонга айланган аёлларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади. Сирдарёлик бир аёл ҳақида айтиб ўтмоқчиман: олий маълумотли, иқтисодий билимларга эга бўлган аёл тақдир тақозоси билан бир неча йил жазони ўташ муассасаларида бўлган. “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар билан олиб бориладиган дастурларимизда ўқиб чиқиб, ўзининг олдинги билимларига таяниб тадбиркорликни бошлаганди. Ҳозирги вақтга келиб шу аёл 100 кишини иш билан таъминлашга эриша олди ва ҳар йили ўтказиладиган “Анор” миллий танловида иштирок этмоқчи.

– Тадбиркор аёллар учун давлат идоралари ва ташкилотлар билан ишлашда қандай муаммолар мавжуд? Умуман олганда ассоциация аёл тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қила оляптими?

– Давлат ташкилотлари билан ишлашда муаммо йўқ десак хато бўлади. Аввало тегишли идораларда жавобгарлик ҳисси йўқлиги, тадбиркорлар олдида тенглик йўқлиги, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилмаслиги тадбиркорларга қийинчилик туғдиради. Суд-ижро тизимининг ўз вақтида амалга оширилмаслиги ҳам муаммолардан бири ҳисобланади.