Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саакашвили 48-кун қулади. Адвокатлар билан учрашувга чиққан собиқ президент ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган
Грузиянинг учинчи президенти Михаил Саакашвили қамоқхонада ҳушидан кетиб йиқилди. Бу ҳақда унинг адвокати маълум қилди. 1 октябрь куни қўлга олинган собиқ президент шундан буён очлик эълон қилганди.
Грузия инсон ҳуқуқлари ташкилоти эгидаси остида ҳаракат қилувчи мустақил шифокорлар гуруҳи 48 кун давомида очлик эълон қилган қамоқдаги собиқ президент Михаил Саакашвилини текширган. Шифокорлар хулосасига кўра, узоқ вақтдан буён давом этаётган очлик сабаб Грузия собиқ президентининг аҳволи ёмонлашган ва унинг тикланиши учун қамоқхона касалхонасида шароит етарли даражада яхши эмас – сиёсатчини фуқаролик касалхонасига ўтказиш керак.
Аммо хулоса берилган куниёқ Грузия жазони ижро этиш хизмати Саакашвилининг аҳволи қониқарли экани, ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилган. Мустақил шифокорлар гуруҳини Грузия омбудсмани вакили Нино Ломжария йиғган. Шифокорлар қамоқхона касалхонасида Саакашвилининг тикланиши учун етарли шароит йўқ деб топишган.
«Михаил Саакашвилининг аҳволи ёмон. Буни кўплаб ҳаётий зарур кўрсаткичлар айтиб турибди. Бундай ҳолатда қамоқхона касалхонасида даволаниш учун етарлича имконият йўқ деб ҳисоблаймиз», дея шифокорлар гуруҳи вакили Георгий Григолининг сўзларини келтирмоқда «Интерфакс».
Шифокорнинг айтишича, Саакашвили 48 кундан буён очлик эълон қилган. Оқибатда В1 витамини етишмовчилиги сабаб Саакашвилининг миясида оғриқ пайдо бўлган.
Шифокорлар собиқ президент очликни давом эттирса, унда ички қон кетиши кузатилишини тахмин қилган. Оқибатда Саакашвили комага ёки аритмия ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Шифокорлар хулосасига кўра, Саакашвили кўп тармоқли клиникада тўлақонли даволаниши керак.
Сентябрь ойи охирида мамлакатга яширинча қайтган собиқ президент 1 октябрь куни қўлга олинганди. Унинг Грузияга қайтганини Батумидан видео жойлагач билиб қолишди. Ҳукуматдагилар аввалига бу видео янги эканига шубҳа ҳам билдиришганди.
Саакашвилига Грузияда кўплаб ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан 6 йиллик қамоқ жазоси ҳам эълон қилинганди.
Шов-шувли видео
Ўтган ҳафта Грузия жазони ижро этиш хизмати Саакашвилининг қамоқхонадан касалхонага олиб кетилаётгани тасвирланган видео эълон қилди. Унда аввалига хотиржамлик билан нарсаларини йиғиштираётган Саакашвили кўринади. Кейинроқ ярим ялонғоч ҳолатдаги сиёсатчи хонада турган шифокорлар ва бир неча кишидан бири билан жанжаллашиб қолгани кўринади. Маълум бўлишича, Саакашвилига шаҳар касалхонасига олиб боришларини айтиб, уни қамоқхонадан алдаб олиб чиқишган ва қамоқхона касалхонасига олиб боришган.
Саакашвили инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сўровига кўра очликни тўхтатиши, аммо бунинг учун уни мустақил шифокорлар текшириб, етарли шароитлари бўлган касалхонага ўтказишни талаб қилган.
Сиёсатчининг адвокатлари қамоқхонада унга қўпол муносабатда бўлишаётганини айтиб келади. Қамоқхона вакиллари эса Саакашвилининг аҳволи яхши эканини такрорлашмоқда. Қамоқхона шифокорининг айтишича, собиқ президент дориларни қабул қилмагани сабаб унинг тиббий кўрсаткичлари ёмонлашиб кетган. Сешанба куни эса барча дориларни қабул қилгач, унинг аҳволи яхшиланган, барча ҳаётий кўрсаткичлар тикланган, ҳозирда ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.
Грузия ҳукмрон партияси «Грузия орзуси» етакчиси Ираклий Кобахидзенинг айтишича, Саакашвили очликни ва шу билан бирга ҳукуматни шантаж қилишни бас қилиши керак. У Саакашвилини текширган мустақил шифокорларни ҳам сиёсий тарафкашликда айблаган.
Грузия жазони ижро этиш қўмитаси Михаил Саакашвилининг аҳволи яхши эканини айтаётган бўлса-да, унинг адвокатлари сиёсатчи 18 ноябрь куни кечга яқин ҳушини йўқотиб йиқилганини маълум қилишди. Уларга кўра, адвокатлар билан учрашувга келган Саакашвилининг боши айланиб, ҳушсиз ҳолатда ерга йиқилган.
«У адвокатлар билан учрашувга чиққанида ҳушсиз йиқилди. Замбилга солиб олиб чиқиб кетишди. Қаерга олиб кетишганини ва аҳволи қандай эканини билмайман», деган журналистлар билан суҳбатда сиёсатчининг адвокати Бека Басилая. Бу хабардан кўп ўтмай Грузия жазони ижро этиш хизмати Саакашвили ҳушсиз йиқилганини тасдиқлаб, унинг аҳволи яхшиланганини маълум қилди.
Михаил Саакашвили 2004-2013 йиллар давомида Грузия президенти бўлиб ишлаган. Президентлик муддати тугагач, мамлакатдан чиқиб кетган Саакашвили 8 йил ўтиб қайтиши билан қамоққа олинди. Қўлга олингунига қадар Украинада яшаган Саакашвили бу ерда ҳам давлат лавозимларида ишлашга улгурди.
Мавзуга оид
14:29 / 03.05.2026
Халқаро қидирувдаги шахс Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
23:19 / 13.11.2025
Саакашвили 2022 йилдан бери яшаган клиникадан қамоққа қайтарилди
08:52 / 13.11.2025
Михаил Саакашвили касалхонадан яна қамоққа қайтарилди
23:41 / 29.09.2025