Бензин – Ўзбекистонда йил бошидан бери нархи энг кўп қимматлашган маҳсулотлардан бири. Ўзбекистондаги бензин нархлари Туркманистон ва Қозоғистонга қараганда қарийб 2 баробар қиммат.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz мухбири билан суҳбатда муаммо ечими учун масъуллар нималарга эътибор қаратиши кераклиги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бензин нархи ўсишига катта таъсир қилган омиллар қайсилар?

Энг муҳими – талаб ва таклиф ўртасидаги муносабат. Ўзбекистонда талаб билан таклиф ўртасида катта номутаносиблик бор. Бунинг ортидан нархлар ошиб боришига кенг имконият яратиб берилган. Бу қандай имкониятлар?

Биринчи навбатда, нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қилиш йўлидаги тўсиқлар. Яъни импорт қилиш учун корхоналар махсус лицензия олиши керак. Бунинг учун эса жуда оғир талаблар қўйилган. У талабларни бажаришнинг ўзи мураккаб. Бажарилган тақдирда ҳам у талабларга риоя қилишда айрим муаммолар бор. Умуман олганда, импорт билан шуғулланаман деган ҳар бир корхона эркин ҳаракат қила олмайди ва бир неча таҳдидларни бўйнига олишига тўғри келади.

Шунинг учун нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қиладиган корхоналар сонини санаш учун бир қўлимизнинг бармоқлари ҳам етади.

Иккинчи таъсири, бугунги кунда нефтни қайта ишлаш заводлари Бухоро ва Фарғонада бор ва уларда бензин ҳам ишлаб чиқарилади. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзининг маҳсулотини илгари кичик-кичик лотлар билан сотган бўлса, эндиликда катта-катта ҳажмда сотмоқда. Уни фақат нефт базаларида олиш имконияти бор. Чунки уларда айланма маблағлар катта.

Кичик-кичик бензин шохобчалари эса бундай катта ҳажмдаги маҳсулотни сотиб ололмайди ва ўйиндан чиқиб кетади. Оқибатда катта нефт базалари маҳсулотга ўз устамаларини қўйиб, истаган нархда сотмоқда. Сунъий равишда нархларни кўтариб юборяпти.

1 литр бензин 1 долларга яқин бўлиши, тўлов қобилиятимизни чекловчи жиҳатлардан.

Бугунги кунда нефт маҳсулотлари, хусусан бензин нархи ошиб кетиши, бу – бозордаги сунъий ва монополистик чеклашлар оқибати.

“Ўзбекнефтгаз” ва Иқтисодиёт вазирлиги биргаликда бу муаммони бемалол ҳал қилса бўлади ва нархни илгариги даражага тушириш мумкин.

Ўзбекистон билан атрофдаги регионал бозорлардаги бензин нархлари жуда катта фарқ қилади. Агар шу маҳсулотлар Туркманистон, Қозоғистон ёки Россиядан бевосита чекловларсиз олиб кирилса, ўйлайманки, нархлар тезда тушиб кетарди. Ҳақиқий рақобатбардош бозор бўлса, нархлар пасаяди албатта.