Ўзбекистон | 08:05 / 23.11.2021
12798
3 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақадан чегирма қилиш тартибига ўзгартириш киритилади

Фото: Kun.uz

Молия вазирининг “Пенсия, нафақа ва бошқа тўловлардан чегирма қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзгартиришларга кўра, тайинланганига ва қайта ҳисобланганига (пенсионер ёки нафақа олувчи томонидан тақдим этилган қўшимча ҳужжатларга асосан) уч йил ва ундан ортиқ вақт ўтган пенсия ва нафақа ишларига Пенсия жамғармаси бўлимининг ортиқча тўланган пенсия ёки нафақа суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Пенсионер ёки нафақа олувчи Пенсия жамғармаси бўлимининг ортиқча тўланган пенсия ёки нафақа суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда судга даъво ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Судга даъво ариза киритилганда чегирма қилиш тўғрисидаги комиссия қарори тўхтатиб турилади.

Пенсионернинг ёки нафақа олувчининг яшаш жойи Ўзбекистон ҳудуди доирасида ўзгарганлиги тўғрисида маълумот олинганда Пенсия жамғармаси бўлими шуъбаси пенсия йиғмажилдини унда ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммасини кўрсатган ҳолда пенсионернинг ёки нафақа олувчининг янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига юборади.

Ижро ҳужжати бўйича ундирилиш тамомланиши (кўрсатилган сумманинг тўлиқ ундирилиши, ижро ҳужжатини юборган орган томонидан қайтариб олиниши ёки суд томонидан белгиланган муддат бўйича алиментларнинг ундирилиши) юзасидан Пенсия жамғармаси бўлими шуъбаси масъул ходими пенсионернинг ёки нафақа олувчининг ахборот тизими орқали амалга оширилган чегирмаларнинг тўғрилигини текширади.

Пенсия жамғармаси бўлими шуъбаси масъул ходими пенсионернинг ёки нафақа олувчининг ахборот тизими орқали ижро ҳужжатида чегирма қилинган сумма ёки чегирма амалга оширилган санани кўрсатган ҳолда амалга оширилган ундиришлар тўғрисида белги қўяди, уни имзо билан тасдиқлайди, ижро ҳужжатини юборган суд ёки бошқа органга илова хатини расмийлаштиради ва Пенсия жамғармаси бўлими шуъба мудирига текшириш учун тақдим этади.

Пенсия жамғармаси бўлими шуъба мудири чегирмалар ёпилишининг асослилигини ва ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилганлигини текширади. Ижро ҳужжати Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи имзоси ва Пенсия жамғармаси бўлими муҳри билан тасдиқланади ҳамда масъул ходимга қайтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид