Москва вилоятида жойлашган Архангелск шаҳарчаси ўзининг Техника музейи билан анча машҳур. Бу музейда турли техникалардан иборат 1000 дан ортиқ қимматбаҳо экспонатлар сақланади. Улар орасида тарихий шахслар фойдаланган, шу жумладан, аввалига Ҳитлер, уруш тугагандан сўнг Усмон Юсуповни олиб юрган Mercedes-Benz 770К автомобили ҳам бор.

Дунёдаги турли кимошди савдоларида таниқли шахслар фойдаланган автомобиллар жуда қиммат нархларда сотилади. Агар улар тарихий бўлса нарх янада баланд бўлади. Гарчи дунё фашизмининг «отаси» бўлса ҳам, Адолф Ҳитлер минган ҳашаматли машиналар ҳам бундан мустасно эмас. Унинг автомобиллардан бири бўлган Mercedes-Benz 770K бугун Москва вилоятида хусусий коллекционер Вадим Задоржнийнинг техника музейида сақланади.

Фото: 24tv.ua

Ана шу автомобиль бир пайтлар Ўзбекистон раҳбари бўлиб ишлаган Усмон Юсуповни ҳам олиб юрган. Усмон Юсупов автомобилни ўз ҳайдовчисига совға қилгач, Mercedes-Benz 770K оддий ўзбек оиласига яна бир неча йил хизмат қилган. Сўнг россиялик коллекционер тарихий автомобил ҳақида хабар топиб уни олиб кетгунча Mercedes-Benz 770K узоқ йиллар носоз ҳолда бостирмада сақланган. Хўш, Ҳитлерга тегишли автомобиль Ўзбекистонга қандай келиб қолган эди?

Германия автосаноатининг дурдонаси

Mercedes-Benz 770K ўз вақтида Германия автосаноати лидерларидан бири бўлган Mercedes-Benz автоконцернининг энг ҳашаматли автомобилларидан бири бўлган. Бу турдаги зирҳланган автомобиллар нафақат Адольф Ҳитлер ва унинг яқин сафдошлари бўлган Ҳерман Геринг, Пауль фон Гинденбург кабиларга балки, Япония императори Хирохито, Рим Папаси, Норвегия қироли ва Испания диктатори Франсиско Франко кабиларга ҳам хизмат қилган.

Фото: alamy.com