Mitsubishi Fuso’дан BharatBenz’гача – Mercedes-Benz юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи нечта компанияга эгалик қилади?
Бугун жаҳон иқтисодиётини юк автомобилларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маҳсулотларнинг қарийб ярми улар ёрдамида ташилади. Шу сабабли ҳам жаҳон бозорида турли ҳажмдаги юк автомобилларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда дунёда 80 га яқин компания ҳар йили 4 млн дона атрофида турли ҳажмдаги юк автомобилларини ишлаб чиқармоқда.
Агар автосаноат тарихига қаралса, илк юк автомобиллари енгил автомобиллар билан бир хил пайтда тайёрлана бошланганини кўриш мумкин.
Жумладан, 1896 йилда Готтлиб Даймлер биринчи юк ташувчи транспортни ясаб чиқади. У двигател билан жиҳозланган тиркама кўринишида бўлган. Кейинчалик енгил юк автомобиллари тайёрлана бошланади.
Дунёдаги биринчи оғир юк автомобили 1923 йилда Карл Бенцнинг корхонасида тайёрланган. У дизелда ҳаракатланган.
Ўша пайтларда дунё бўйлаб юклар асосан темирйўл ва орқали ва кемаларда ташилган. Кейинчалик, иккинчи жаҳон уруши арафасида юк автомобиллари бирмунча кўпайди ва турли мамлакатларда юкларнинг бир қисми уларда ташила бошланди.
Юк автомобилларининг мукаммаллашиши ва уларда юк ташишнинг ортиши Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланади. Талаб ортгач турли компаниялар ўзлари ишлаб чиқараётган юк автомобилларини мукаммаллаштира бошлашади.
Масалан, двигателлар кабина остига жойлаштирилади. Бунда ҳайдовчига шовқин камроқ эшитиладиган бўлади. Двигателлар қуввати оширилади ва натижада юк автомобиллари кўпроқ юк кўтариш имкониятига эга бўлишади.
Шунингдек, 1970-80 йилларга келиб кабинада ҳайдовчи учун қулайликлар қилинади. Ихчам совиткич, музлаткич ўрнатилади. Ётоқхона қўшилади.
Шунга яраша дунё иқтисодиёти кескин ривожланади ва натижада юк автомобилларида ташувлар ҳажми ортиб боради.
Ҳатто дунёда жуда кўп юк орта оладиган супер танкерлар ва бошқа йирик кемалар қурила бошлаганда ҳам юкларни юк автомобилларида ташиш ҳажми пасаймайди.
Маълумотларга кўра, сўнгги 10-15 йилда дунё бўйлаб барча юкларнинг 40 фоизи юк автомобиллари орқали ташилмоқда.
Жумладан, 2022 ва 2023 йилларда дунё бўйлаб юкларнинг 41 фоизи юк автомобилларида, 32 фоизи кемаларда, 23 фоизи темирйўллар орқали, 4 фоизи ҳаво транспорти орқали ташилган. Прогнозларга кўра, кейинги 5-6 йилда ҳам бу кўрсаткичлар ўзгармайди.
Юк автомобилларида юк ташиш ҳажми мўътадил турар экан, уларни ишлаб чиқариш ҳам ортиб бормоқда. Бугун бу соҳада дунё бўйлаб юзга яқин брендлар ўртасида кескин рақобат кетмоқда.
Қуйида дунёдаги юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар ҳақида маълумот берамиз.
Daimler Group
Германиянинг Daimler Group корпорацияси юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Бу концерн таркибидаги корхоналарда Mercedes-Benz, Western Star, Freightliner, Mitsubishi Fuso, Setra, Thomas Built Buses ва BharatBenz номлари остида юк автомобиллари тайёрланади.
Корпорация номи 1998 йилгача Daimler-Benz бўлган, ўша йили DaimlerChrysler деб ўзгартирилган. У 2007 йилда Daimler AG, 2022 йилдан бошлаб Mercedes-Benz Group номини олган.
2021 йилда Mercedes-Benz корпорациясининг юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи бўлими Daimler Truck номи остида алоҳида компанияга айлантирилади. Ҳозирда унинг 35 фоиз акцияси Mercedes-Benz Group’да, қолгани бошқаларда.
Бугунги кунда Daimler Truck компаниясининг Шимолий Америка ва Мексикада юк машиналари, тиркамалар ва қурилиш техникалари ишлаб чиқарувчи 15 та заводи бор. Уларда асосан Freightliner, Western Star ва Thomas Built Buses русумлари тайёрланади.
Европа ва Жанубий Америкада Mercedes-Benz русумидаги юк автомобилларини ишлаб чиқарувчи 9 та заводи бор. Осиёда Mitsubishi Fuso Японияда, BharatBenz Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, Хитойда Foton русумли юк автомобилларини тайёрловчи Beijing Foton Daimler Automotive Co. Ltd компаниясида ҳам Daimler Truck ҳиссадор ҳисобланади. Компаниянинг Индонезияда ҳам йиғув корхонаси фаолият юритади.
2023 йилда компания корхоналарида турли брендлар остида ярим миллион дона атрофида юк автомобиллари ишлаб чиқарилган.
TATA Motors Limited
TATA Motors Limited – Ҳиндистоннинг автомобиллар ишлаб чиқарувчи йирик компанияси ҳисобланади. Унинг юк автомобиллар ишлаб чиқарувчи бўлими 1945 йилда ташкил этилган.
Компания аввалига лицензия асосида немисларнинг Daimler AG компанияси юк автомобилларини ишлаб чиқарган. Кейинчалик ўз русумларини тайёрлаган.
Ҳиндларнинг немис компанияси билан ҳамкорлиги узоқ йиллардан буён давом этиб келяпти. Ҳозирги кунда кунда TATA Motors Limited’нинг 10 фоиз акцияларига Mercedes-Benz Group эгалик қилади.
Сўнгги йилларда бу компания ҳар йили қарийб 200 минг дона ўрта ва йирик юк автомобилларини ишлаб чиқариб келмоқда. Компания тайёрлаётган юк автомобиллари дунёнинг кўплаб давлатларида сотилади.
Dongfeng
Хитойнинг Dongfeng компанияси 1969 йилда ташкил этилган. Компания ҳарбийлар учун юк автомобиллари ишлаб чиқарган. 1978 йилдан бошлаб оддий юк автомобиллари тайёрлай бошлаган.
1990-йиллар бошларидан компания енгил автомобиллар ҳам ишлаб чиқаришга ўтган.
Кейинчалик компания юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи бўлимини Dongfeng Trucks номи остида алоҳида қилади. Dongfeng Trucks Швециянинг Volvo компанияси билан қўшма корхона ташкил этган ва ҳамкорликда юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.
Бугун компания юк автомобиллари Шарқий Европа, Жанубий Америка, Яқин Шарқ, Жанубий-Шарқий Осиё ва Африка давлатларида муваффақиятли сотилмоқда.
Dongfeng Trucks ишлаб чиқараётган юк автомобиллари Ғарбнинг таниқли автокомпаниялари тайёрлаётган юк автомобилларидан қарийб икки баробар арзон сотилмоқда. Сифат бўйича эса рақобатчилардан қолишмайди.
Нархларнинг кескин арзонлигига асосий сабаб Хитойдаги арзон ишчи кучи ҳисобланади. Dongfeng Trucks юк автомобиллари учун ишлатиладиган деталлар ҳам рақобатчиларникига нисбатан арзонроқ тайёрланади.
Dongfeng Trucks ҳар йили ўртача 150 мингдан ошиқ юк автомобиллари ишлаб чиқариб сотади.
Navistar International Corp
Navistar International Corporation 1902 йилда International Harvester номи остида ташкил этилган ва у International бренди остида юк машиналари ишлаб чиқарган.
У Navistar International Corporation номини 1986 йилда олган. 2016 йилда компания Volkswagen Truck and Bus бўлими таркибига кирган. Ўшандан буён у Volkswagen Group’нинг шуъба корхонаси ҳисобланади.
Кейинчалик немислар Volkswagen Truck and Bus’нинг номини Traton Group деб ўзгартиришади. Ҳозирда Navistar International Corporation’нинг қарийб 20 фоиз акциясига Traton Group эгалик қилади.
Traton Group компанияси Navistar International’дан ташқари MAN, Scania, Volkswagen Caminhões e Ônibus брендларига ҳам эгалик қилади. Компания ҳар йили Navistar International бренди остида 150 минг атрофида юк автомобиллари ишлаб чиқаради.
Компания ўз автомобилларини дунё бўйлаб сотади. Улар кўпроқ АҚШ, Канада, Мексика, Жанубий Америка, Австралияда оммабопроқ ҳисобланади. Бундан ташқари, буюртмалар асосида ҳарбийларга юк автомобиллари тайёрлаб берилади.
Volvo Group
Швециянинг Volvo Group концерни ҳам қарийб 100 йиллик тарихга эга. У 1927 йилда ташкил этилган. Аслида Volvo номи савдо белгиси сифатида 1911 йилда рўйхатдан ўтказилган. 1915 йилдан бошлаб компания автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар тайёрлай бошлаган.
Кейинчалик Volvo автомобил ишлаб чиқаришга қарор қилади ва 1927 йилда ўзининг илк автомобилини чиқаради. Кейинчалик компания юк автомобилларини ишлаб чиқаришга кўпроқ урғу беради.
Ўтган йиллар мобайнида Volvo Group бир нечта юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарувчи компанияларни ўз таркибига қўшиб олади. Сўнг юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи бўлимини Volvo Trucks Corporation деб алоҳида номлайди.
Жумладан, концерн бугунги кунда Volvo Penta, Американинг Mack, Rokbak Prevost, Франциянинг Renault Trucks, Arquus, Канаданинг, Prevost ва Nova Bus брендларга эгалик қилади.
2021 йилда Volvo Trucks Corporation 122 минг 525 дона, 2022 йилда 145 минг 195 дона, 2023 йилда 150 минг донадан ошиқ юк автомобиллари ишлаб чиқарган.
Жаҳонда сотилаётган оғир юк автомобилларининг (16 тоннадан ошиқ юк кўтарадиган) 40 фоиздан ошиқроғини Volvo Trucks Corporation ишлаб чиқаради.
Компания Европа юк автомобиллари бозорининг 40 фоиз, Шимолий Америкада 25 фоиз, Жанубий Америкада 8 фоиз, Осиёда 20 фоиз, Африка ва Океанияда 6 фоизини эгаллайди.
Hino Motors Limited
Hino Motors, Ltd. компанияси тарихи ҳам 20-асрнинг биринчи ярмига бориб тақалади. Компания 1942 йилда ташкил этилган. Ўшанда унинг номи Hino Heavy Industry Co., Ltd. бўлган.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг компания ўз номидан Heavy – оғир сўзини олиб ташлайди ва кемалар учун двигателлар тайёрловчи бўлимини ёпади. Сўнг юк автомобиллари ҳамда автобуслар ишлаб чиқаришга урғу беради.
1948 йилда компания номига “дизел” сўзи қўшилади ва у Hino Diesel Industry Co., Ltd деб аталади. 1953 йилда компания Франциянинг Renault компаниясига тегишли юк автомобилларини лицензия асосида ишлаб чиқара бошлайди.
Кейинроқ Hino Toyota билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек ўзининг юк автомобилларини ҳам тайёрлайди. Компания номи Hino Motors, Ltd. деб ўзгартирилади.
1997 йилда Toyota концерни Hino Motors, Ltd.’нинг 16,4 фоиз акцияларига эгалик қиларди. 2001 йилда унинг бошқарув пакети Toyota’га ўтади. Ҳозир ҳам унга Toyota эгалик қилмоқда. Компания йилига ўртача қарийб 150 минг дона юк автомобили ишлаб чиқаради.
Iveco
Юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи компаниялар орасида Iveco (Industrial Vehicles Corporation сўзларининг қисқартмаси) анча “ёш” ҳисобланади. Бу компания 1975 йилда Италиянинг Турин шаҳрида Fiat томонидан ташкил этилган.
Бошқа компаниялардан фарқли ўлароқ Iveco фақат юк автомобиллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
1980 йилларда анча оёққа туриб олган бу компания 1986 йилда Ford Motor Company’дан Британиядаги юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи бўлимини, 1990 йилда Испаниянинг ENASA компаниясидан Pegaso ва унинг Британиядаги Seddon Atkinson Group бўлимини, 1992 йилда Австралиянинг ITAL (International Truck of Australia Ltd) компанияларини сотиб олади.
Компания ўзининг илк юк автомобили Iveco Daily’ни 1978 йилдан бошлаб ишлаб чиқарган. 1992 йилда Iveco EuroCargo, 1993 йилда Iveco EuroTech йил автомобили деб топилади.
2000 йилда Iveco Daily юк автомобилининг янгиланган русуми “Йил фургони” деб топилади. 2013 йил Iveco компаниясини Нидерландияда рўйхатдан ўтган, бош офиси Лондонда жойлашган CNH Industrial компанияси сотиб олади.
Компания ҳар йили 150 минг атрофида юк автомобиллари ва ярим миллион дона двигателлар ишлаб чиқаради. Компаниянинг 19 та давлатда 49 та корхонаси бор. Уларда қарийб 40 минг ходим ишлайди.
Бугун Iveco компанияси Iveco, Iveco Motors, Iveco Magirus, Astra, Seddon Atkinson ва Irisbus брендларига эгалик қилади. Дунё бўйлаб компаниянинг мингга яқин дилерлик бўлимлари бор.
PACCAR Inc.
PACCAR Inc. компанияси 1905 йилда АҚШнинг Сиэтл шаҳри яқинида ташкил этилган ва у асосан поезд вагонлари учун жиҳозлар ишлаб чиқарган. Компания номи Pacific Car & Foundry Company бўлган.
1945 йилда компания юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи Kenworth Motor Truck Corporation компаниясини сотиб олади. Юк автомобиллари тайёрлашни бошлагач 1954 йилда Peterbilt Motors Company, 1958 йилда экскаватор ва самосваллар ишлаб чиқарувчи Dart Truck Company компаниялари ҳам харид қилинади.
1971 йилда Pacific Car & Foundry Company номининг қисқартирилган шаклида PACCAR Inc. ҳолдинги ташкил этилади. 1980 йилда холдинг Британияда юк автомобиллари ишлаб чиқарган Fodens Ltd. компаниясини сотиб олади.
1995 йилда ҳолдинг қарийб 300 млн доллар фойда кўради. PACCAR Inc. 1996 йилда Нидерландиянинг DAF Trucks, Британиянинг Leyland Trucks компанияларини ҳам харид қилади.
Бугун Европада компания юк автомобиллари DAF, Шимолий ва Жанубий Америкада эса Kenworth ва Peterbilt брендлари остида савдога чиқарилади.
PACCAR Inc. Таркибидаги компаниялар ҳар йили ўртача 150 минг дона атрофида юк автомобиллари тайёрлаб сотади.
MAN
MAN илк бор 1758 йилда Sander’sche Maschinenfabrik номи остида ташкил этилган. Ўша пайтларда у босмахоналар учун ускуналар ишлаб чиқарган. 1841 йилда компания Maschinenfabrik Augsburg-Nürnberg AG деб атала бошланган. 1908 йилда унинг номи қисқариб, MAN’га айланган.
Компания юк автомобиллар ишлаб чиқаришни 1915 йилда бошлаган. 1921 йилда молиявий қийинчиликлар туфайли MAN акцияларининг назорат пакети сотиб юборилади.
MAN тоғ-кон саноати учун турли техникалар тайёрловчи GHH концерни таркибига ўтгандан кейин ҳам юк автомобиллари ишлаб чиқаришда давом этади.
1953 йилда Хитойда юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарувчи Jinhua Youngman Vehicle Co. Ltd. қўшма корхонаси ташкил этилади. 1980-йилларда GHH концерни инқирозга учрайди. Шунда MAN унинг таркибидан чиқади. Компаниянинг янги эгалари уни алоҳида ҳиссадорлик жамиятига айлантиришади.
2013 йилда MAN компанияси Volkswagen AG концерни таркибига киради. Ҳозирда у 2015 йилда тузилган Volkswagen Truck & Bus компаниясининг бир бўлими ҳисобланади.
Маълумот учун, 2009 йилда Ўзбекистонда ҳам MAN юк автомобиллари, автобуслар ва бошқа махсус техникалар ишлаб чиқарувчи “JV MAN Auto-Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилган.
Бугун MAN компанияси юк автомобиллари ва автобуслардан ташқари турли махсус техникалар, яна Германия армияси учун ҳарбий юк автомобиллари ҳам тайёрлайди.
Ҳозирда дунё бўйлаб MAN компаниясига тегишли корхоналарда 50 мингдан ошиқ одам меҳнат қилади. Уларнинг 30 мингдан ошиғи Германиядаги заводларда ишлайди.
2023 йилда компания 120 минг атрофида юк автомобиллари ва уларнинг базасида турли махсус техникалар ишлаб чиқарган.
Scania
1900 йилда Англиянинг велосипедлар ишлаб чиқарувчи Humber компанияси Швециянинг Малме шаҳридаги Сконе саноат ҳудудида Maskinfabriks-Aktiebolaget Scania бўлимини очади.
1902 йилда Scania 1,5 тонна юк кўтара оладиган биринчи юк автомобилини ишлаб чиқаради. 1906 йилда эса 3-3,5 тонна юк кўтара оладиган автомобил тайёрланади.
1911 йилда Scania ўзининг асосий рақобатчиси Vabis (Vagnfabriks Aktie-Bolaget i Sëdertelge) компанияси билан бирлашади. Биринчи жаҳон уруши бошлангач компания Швеция армияси учун юк автомобиллар ва бошқа техникалар тайёрлаб беради.
Урушдан сўнг юк автомобилларига талаб пасаяди. Оқибатда 1921 йилда Scania-Vabis банкрот деб эълон қилинади. Уни Швециядаги банклардан бири сотиб олади ва ишлар давом эттирилади.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида компания яна Швеция армияси учун юк автомобиллари, енгил танклар, зирҳли техникалар тайёрлайди.
Урушдан сўнг Scania-Vabis яна юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқаришга ўтади. 1958 йилда компанияга машҳурлик ва муваффақият олиб келган Scania L75 юк автомобили конвейердан чиқади. Кейинроқ бошқа русумдаги юк автомобиллари ҳам чиқарила бошланади.
1969 йилда компания номи Scania-Vabis’дан Scania’га айланади. Кўп ўтмай Scania Швециянинг яна бир компанияси Saab Automobile AB билан бирлашади ва Saab-Scania концерни тузилади.
1978 йилдан компания юк автомобиллари кабинасига кондиционер ўрната бошлайди. 1995 йилда Saab-Scania концерни парчаланди ва Scania алоҳида бўлади.
2015 йилда Scania немисларнинг Volkswagen Group концерни таркибига киради. Компания пайдо бўлганидан ҳозиргача қарийб 1,5 млн дона юк автомобиллари ишлаб чиқарган. 2023 йилда эса 100 минг дона атрофида юк автомобиллари тайёрланган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:25 / 15.12.2024
Тошкент-Термиз йўлининг Жиззахдаги довондан ўтган қисмида юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланди
13:52 / 15.06.2024
Учтепа туманида Mercedes-Benz микроавтобусида ёнғин келиб чиқди
18:27 / 10.02.2024
Тошкентда Mercedes-Benz қарздорлик сабаб аукционда сотилади
17:56 / 18.11.2023