Жаҳон | 21:42 / 28.11.2021
49928
17 дақиқада ўқилади

«Омикрон» дунё бўйлаб «сайрга чиқди», чегаралар ёпилиб, бозорлар «қуламоқда». Янги штамм бўйича сўнгги маълумотлар

Британия ниқоб ва «қизил рўйхат»ни қайтармоқда, Европа ва Америка жанубий африкаликлар учун, Исроил эса барча хорижликлар учун ёпилди. Дунё давлатлари «Омикрон» номини олган янги штаммга хавотир билан қарамоқда.

Жанубий Африкадан ташқари, «Омикрон» дастлаб Бельгия, Исроил, Ботсвана ва Ҳонгконгда қайд этилганди. Шанба куни Чехия, Германия ва Британия, якшанба куни эса Австралияда ҳам янги вариант билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабар қилишди. Айни вақтда бу штамм билан айнан қанча одам зарарлангани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, лекин тасдиқланган ҳолатлар сони аллақачон 100дан ошиб кетган.

Олимлар «биз кўрганларнинг энг ёмони» деб атаётган янги штаммнинг тарқалиши кўплаб чегаралар ёпилиши, рейслар бекор қилиниши ва дунё бўйлаб бозорлар қулашига олиб келди. ЖССТ янги вариантни расмий равишда «ташвишга солувчи» дея таснифлади. Буюк Британия ҳукумати мамлакатда иккита янги ҳолат аниқлангач, эпидемиологик чораларнинг айримларини қатъийлаштиришга қарор қилди.

Кўплаб давлатлар Африканинг қатор мамлакатларидан келувчилар учун чекловлар жорий этмоқда. Экспертларнинг ҳисоблашича, вируснинг сўнгги мутацияси дастлабки вариантлар билан таққослаганда жиддий ўзгаришларга учраган, шу туфайли у вакциналарга нисбатан чидамли бўлиб чиқиши мумкин. Фармацевтик компаниялар «Омикрон»ни ўрганишаётгани ва унга қарши кураш йўлларини топишга ҳаракат қилишаётганини айтишмоқда.

Жанубий Африкада аҳолининг атиги 24 фоизи эмланган

ЖССТнинг фавқулодда йиғилиши

«Омикрон»дан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат 9 ноябрь куни қайд этилган, 24 ноябрь куни ЖАР вакиллари ЖССТга янги вариант ҳақида расман маълум қилишган. Айни вақтда ушбу штамм ЖАРнинг барча регионларига тарқалган.

26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Женевада бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида мутант VOC «ташвиш уйғотувчи вариант» дея расмий равишда таснифланди. Унга «Альфа», «Бета», «Дельта» билан бўлганидек, ўзининг ҳарф белгиси берилди. Вариант грекча «Омикрон» ҳарфи номи билан аталди.

«Бу вариантда жуда кўп мутациялар мавжуд, улардан айримлари хавотир уйғотади. Дастлабки маълумотлар шуни кўрсатадики, бу вариант бошқа [VOC] билан солиштирганда қайта юқтириш хавфи юқори. Бу вариант инфекциянинг аввалги вариантларига қараганда тезроқ тарқалаётгани аниқланган. Шундан келиб чиқиб, тарқалиш учун катта истиқболга эга бўлиши мумкин», дея қайд этди ЖССТ.

Мавжуд вакциналар янги вариантга қарши самарасиз бўлиши мумкин

Аввалроқ олимлар вирусга қарши кураша олмайдиган, иммунитети заиф бемор танасида ноодатий тарзда юқори даражада мутациялар юзага келиши мумкинлигини тахмин қилишганди.

ЖССТ янги вариант қанчалик хавфлилиги борасида нисбатан тўлиқ маълумотни фақат бир неча ҳафтадан кейин қўлга киритиш мумкинлигини қайд этмоқда. Британ экспертларининг ҳисоблашича, ҳозирда мавжуд бўлган вакциналар «Омикрон»дан маълум даражада ҳимоя қилса-да, амалда «деярли заиф» бўлиб қолиши мумкин. «Бу ёмон янгилик, аммо гап тўла фалокат ҳақида эмас», дейди Оксфорд университети биологи Жеймс Найсмит.

Британия - «қизил рўйхат» ва ниқобларнинг қайтиши

Шанба куни Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавод мамлакатга келган икки кишида янги мутация аниқланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, икки ҳолат ўзаро боғлиқ, бу одамлар Африка жанубига сафар вақтида вирус юқтириб олишган, ҳозирда бу беморлар ўз уйида иҳоталанган. Бунинг ортидан Африканинг ўндан ортиқ мамлакати Британиянинг «қизил рўйхати»га (ЖАР, Ботсвана, Лесото, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Эсватини, Танзания, Ангола, Замбия, Малави ва Мадагаскар) тушди.

Шанба куни фавқулодда йиғилиш чоғида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон эпидемия тарқалишига қарши чоралар вақтинча (ҳозирча уч ҳафтага) қатъийлаштирилиши ҳақида маълум қилди.

У ҳозирча «Омикрон» жуда тез тарқалаётгани аниқ экани маълумлигини билдирди. У янги вариант тарқалишини секинлаштириш ҳамда олимлар уни ўрганишига вақт қолдириш учун ҳукумат яқин кунларда янги чоралар киритишини айтди. Бундай чоралар фақат Англия учун тўғридан тўғри тааллуқли бўлади, чунки Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландияда бундай чора қўллаш маҳаллий ҳукуматлар ваколатига киради; аммо одатда бу ҳукуматлар вирус тарқалишига қарши Англиядан кўра қатъийроқ чоралар қўллаб келишган.

Хусусан, Англияга хориждан келувчиларнинг барчаси мамлакатга киришининг иккинчи кунидан кечга қолдирмай ПЦР-тест топшириши керак. Октябрь ойида бу талаб мустақил тарзда амалга ошириладиган тезкор тестларга алмаштирилганди. 

Ниҳоят, ревакцинация бўйича кампания суръатини тезлаштириш ва уни қўллашни кенгайтириш режалаштирилмоқда - айни вақтда Бирлашган Қиролликда фақат 40 ёшдан катталар ёки сурункали касалликлари бор одамлар вакцинанинг учинчи дозасини олиши мумкин - бунда қўшимча доза ундан олдинги дозадан олти ой ўтибгина берилади. Бунга ўзгартириш киритиш бўйича қарор ҳукумат қошидаги мустақил экспертлар қўмитаси томонидан қабул қилинади.

«Қизил рўйхат»даги мамлакатлардан келувчиларнинг Британияга кириши тақиқланади, Британия ва Ирландия фуқаролари, ушбу мамлакатда доимий яшовчилар эса меҳмонхонада 10 кунлик карантин муддатини ўташи талаб этилади.

Якшанба куни соғлиқни сақлаш вазири Англия Бирлашган Қиролликнинг бошқа мамлакатлари ортидан дўкон ва жамоат транспортида тиббий ниқобни мажбур қилгани ҳақида эълон қилди (бунгача тавсиявий эди).

Жонсон ва унинг маслаҳатчилари айни вақтда мавжуд вакциналар янги вариантга қарши қанчалик чидамлилиги номаълум эканини қайд этишган - назарий жиҳатдан баъзи инфекциялар вакцина ҳосил қилган иммун ҳимоясини айланиб ўтиш имконига эга бўлади.

Исроил яна ёпилмоқда

Беннетнинг сўзларига кўра, Исроил фавқулодда ҳолат ёқасида

Исроил бош вазири Нафтали Беннет мамлакат «фавқулодда вазият ёқасида экани» ҳақида эълон қилди ва барча исроилликларни «тун-у кун ишлашга тайёрланиш»га чақирди.

Бир неча ҳафта аввал мамлакатда «Омега» умуммиллий ўқув машғулотлари ўтказилганди. Унда коронавируснинг янги варианти сезиларли даражада ҳалокатли бўлган ҳолатда эпидемияга қарши курашиш бўйича сценарий устида ишланди. «Кўпчилик учун бу ғалати бўлиб кўринса-да, ҳозирда биз тушиб қолган вазиятга тайёргарлик кўришда бу муҳим қадам эканини гапириш ортиқча», дея қўшимча қилди Беннет.

Шанба куни ҳукуматнинг фавқулодда йиғилиши чақирилди ва унга кўра, Исроил душанба кунидан хорижликларнинг мамлакатга киришини икки ҳафтага тўхтатади, хориждан кириб келувчи исроилликлар эса мажбурий карантинни ўтайди.

Ундан олдинроқ, жума куни Исроил Африка мамлакатларидан келувчилар учун чегарани ёпганди.

Ҳозирча Исроилда фақат бир кишида - яқинда Малавидан қайтган аёлда коронавируснинг янги штамми аниқланган. Шанба куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги яна етти кишида ушбу штамм борлиги гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Хориждан келган ва тўлиқ эмланган исроилликлар меҳмонхонада уч кун давомида карантинда бўлишади, эмланмаганлар учун эса бу муддат етти кунни ташкил этади. Бундан ташқари, Исроил ҳукумати «Шин Бет» махсус хавфсизлик хизматига коронавирусга чалинган одамларнинг ҳаракатини ва уларнинг мобил телефонларини кузатиш, шунингдек, сўнгги кунларда Африка жанубида бўлиб қайтганларни қидириш бўйича топшириқ берилган.

«Омикрон» Чехияда

Чехиянинг Либерец шаҳри шифохонасида «Омикрон» вариантини юқтириб олган бемор аниқланди. «Генетика ва молекуляр ташхис бўлимидаги ҳамкасбларим 90 фоиз эҳтимоллик билан ушбу штаммни тасдиқлашди. Бемор қаердан учиб келганини ҳисобга олган ҳолда ишонч билан тасдиқлаш мумкинки, бу айнан ўша штамм», деган шифохона вакили Вацлав Рикар.

Аввалроқ Чехиянинг истеъфога чиқаётган бош вазири Андрей Бабиш журналистларга яқинда Намияда бўлган ва у ердан ЖАР ва Дубай орқали Чехияга қайтган аёл мамлакатдаги илк «Омикрон» ташувчиси экани ҳақида айтганди.

Жигар муаммолари туфайли бир ярим ойни ҳарбий госпиталда ўтказган Чехия президенти Милош Земан у ердан чиққанидан бир неча соат ўтиб, стационарга қайтишга мажбур бўлди. Унда Covid-19 тести мусбат натижа берди ва 77 ёшли президент яна касалхонага ётқизилди. Шифокорларнинг аниқлик киритишича, Земан коронавирус вакцинасининг учта дозасини олган ва ҳозирча касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмаган. Бироқ у ҳар эҳтимолга қарши шифокорлар кузатуви остида бўлиши бўйича қарор қилинган.

Нидерландияда - қисман локдаун

Нидерландия ноябрь ойи бошида жорий этилган коронавирус чекловларини янада қатъийлаштирди. Кейинги уч ҳафтада кафе, бар, ресторан, музейлар ва кинотеатрлар, шунингдек, спорт объектлари соат 17:00да ёпилади. Шу билан бирга, кечки машғулотлар ва профессионал спортдаги ўйинларга рухсат берилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дорихоналар кечқурунги соат 8дан эрталабки соат 5гача ёпиқ бўлиши керак.

Уйда ёши 13дан катта бўлган тўрт нафаргача меҳмонни қабул қилиш мумкин. Ҳукумат фуқароларга имкон қадар уйдан туриб ишлашни тавсия этмоқда. Болалар боғчалари, мактаблар ва университетлар очиқ қолади.

Бу чекловлар тўғридан тўғри янги штамм билан боғлиқ эмас - ҳозирда Нидерландияда эски штаммлар туфайли юзага келган вазият ҳам оғир. 17 миллион киши яшайдиган мамлакатда жума куни 22 мингта янги зарарланиш ҳолати аниқланди, шифохоналарга беморлар сиғмай қолмоқда ва ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимида коллапс юзага келишининг олдини олиш мақсадида қўшимча чекловлар киритишга қарор қилди. Лекин чекловлар қайтарилиши жойларда намойишларга ва полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди.

Мамлакат расмийлари ЖАРдан келган икки рейснинг 61 нафар йўловчисини текширмоқда. Бу йўловчиларнинг таҳлиллари организмда коронавирус борлигини кўрсатган ва улар Схипхол аэропорти яқинидаги меҳмонхонада иҳота қилинган. Ҳозирча уларда ковиднинг қайси штамми чиққани маълум эмас.

Жанубий Африканинг изоляция қилиниши

26 ноябрь куни ЖАРдан учиб кетишни режалаштирган айрим йўловчилар Йоханнесбург аэропортида ўз рейслари бекор қилинганини билишди.

Сўнгги кунларда «Омикрон» пайдо бўлишига жавобан дунёнинг кўплаб давлатларида чекловлар қайтарилди:

  • 26 ноябрь куни Россия расмийлари янги вариант тарқалаётгани сабабли Африканинг саккиз мамлакати, шунингдек, Мадагаскар ва Ҳонгконг фуқаролари учун мамлакатга киришни чеклашга қарор қилди. 
  • АҚШ, Евроиттифоқ ва Канада Жанубий Африкадан келувчи хорижликларга киришни тақиқлади.
  • Австралия шанба куни нафақат Жанубий Африкадан келувчи хорижликларга тақиқ қўйди, балки икки ҳафтага ўз ҳудудидан ушбу минтақага авиарейсларни ҳам бекор қилди.
  • Япония шанба кунидан Жанубий Африкадан келувчилар учун ўн кунлик карантин ва тўрт марта тест топшириш режимини жорий этади.
  • Ҳиндистон ЖАР, Ботсвана, шунингдек, Ҳонгконгдан келувчиларни қатъий назорат қилади.
  • Эрон Жанубий Африканинг олти мамлакати, жумладан ЖАРдан келувчилар учун тақиқ қўйди. Давлат телевидениеси маълумотига кўра, ушбу ҳудудлардан келувчи эронликлар ковид тестининг иккита манфий натижасини кўрсатиши керак.
  • Бразилия Африканинг олти мамлакатидан киришда чеклов ўрнатди.
  • Канада сўнгги 14 кун мобайнида ЖАР, Намибия, Зимбабве, Ботсвана, Лесото, Эсватини ва Мозамбикда бўлган барча хорижликларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.
  • Таиланд Африканинг саккиз мамлакати учун тақиқ қўйган.

Европа хавотирда

Европада илк касалланиш ҳолати Бельгияда қайд этилди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европанинг барча мамлакатларини вируснинг янги варианти аниқланган минтақалардан келувчи сайёҳларнинг мамлакатга киришини вақтинча тўхтатиб туришга чақирди. «Ҳозир биз Европада ҳақиқатан ҳам жуда тез, қатъий ва келишган ҳолда ҳаракат қилишимиз муҳим», деди у.

Аввалроқ Европа комиссияси у ёки бу йўловчи келган мамлакат ёки минтақага эмас, балки унинг эмланиш мавқейига кўпроқ эътибор қаратган ҳолда ЕИ мамлакатларига киришга чекловларни ўзгартиришни таклиф қилганди. Тўлиқ эмланган сайёҳларни блокнинг барча 27 мамлакати ҳудудига чекловларсиз киритиш таклиф этилганди. Умуман олганда, бу ҳақда «Омикрон» деб аталган B.1.1.529 мутацияси пайдо бўлгунига қадар гапирилган эди.

Германияда коронавирусдан вафот этганлар сони жами 100 мингдан ортгани ҳақида эълон қилинган куннинг эртасига мамлакатда янги вариант ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлади. Лавозимини тарк этаётган канцлер Ангела Меркель вориси Олаф Шольц ва унинг ҳали охиригача шаклланмаган ҳукумати аъзоларини эпидемия билан курашда «тезкор ва қатъий чоралар кўриш»га чақирди. У Германияда ижтимоий контактларни чеклашга йўналтирилган чораларни кучайтиришга чорлади ва янги ҳукуматга «ўтиш даврини биргаликда бошқариш»да ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Францияда касалланганлар сони кескин ўсиши сабабли коронавирус вакцинасининг учинчи дозасини нафақат хавф гуруҳидагилар, балки мамлакатнинг исталган катта ёшли фуқароси олиши мумкинлиги эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран иккинчи ва учинчи укол ўртасидаги муддат ярим йилдан беш ойга қисқаргани ҳақида расмий равишда маълум қилди.

ЖАР: жазоламанг, балки мақтанг!

"Рейс бекор қилинган". Йоханнесбургдаги аэропорт таблоси. Фото AFP

ЖАР ташқи ишлар вазирлиги шанба кунги баёнотида мамлакатни коронавируснинг янги штаммини тезкорлик билан аниқлагани учун мақташ кераклиги, лекин бунинг ўрнига жазолашаётгани айтиб ўтилган.

«Зўр илмий ютуқлар учун олқишлаш керак, жазолаш эмас. Худдики бу тақиқлар Жанубий Африкага геномлар расшифровкасидаги илдамлик ва янги вариантни тезда аниқлаганлик учундек», дейилади вазирлик баёнотида.

Африка иттифоқи вакили BBC билан суҳбатда янги вариант пайдо бўлишида бадавлат мамлакатларни айблаган.

Африка иттифоқининг эмлаш ишлари бўйича комиссияси ҳамраиси Айоаде Алакиджининг сўзларига кўра, янги штамм - бой мамлакатлар ўзи учун вакциналарнинг улкан захирасини ғамлаган ҳолда, уларни бошқалар билан бўлишмагани оқибатида юзага келган.

«Чегараларнинг ёпилиши илмий маълумотлар асосида эмас, сиёсий мотивлар бўйича бўлмоқда. Бу тўғри эмас. Биз нима учун Африкани ёпяпмиз, ахир бу вирус уч қитъада аниқланиб бўлди-ку?» деган у.

Мексика: чегарани ёпиш ёрдам бермайди
Африкаликларни Мексика соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, коронавирусга қарши кураш масалаларига масъул бўлган Уго Лопес Гателль қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, чегарани хорижликлар учун тўлиқ ёки қисман ёпиб қўйиш - янги штамм тарқалишига қарши курашда етарлича ёрдам бера олмайди.

«Унда кучли юқувчанлик ёки вакцина ҳосил қилган иммун жавобни айланиб ўтиш хусусияти аниқланмади. Сафарларни чеклаш ёки чегараларни ёпиш - жуда ҳам фойдали чоралар эмас. Бу чоралар иқтисодиётга ва инсонлар фаровонлигига зарба бўлади», дея ёзган у твиттерида.

Бозорлар қуламоқда

Вируснинг янги варианти тўғрисидаги янгиликлар дунё биржаларида нефть нархи 26 ноябрь куни 12 фоиздан кўпроққа тушиб кетишига олиб келди. Бу сўнгги бир ярим йил ичида кунлик пасайишнинг энг катта кўрсаткичидир.

Давом этаётган энергия инқирозига қарамай, инвесторлар пандемиянинг янги тўлқини одамлар ҳаракатланишини сезиларли даражада чеклаши, бу эса ёнилғига бўлган талаб пасайиши ва умуман иқтисодий ўсишни секинлаштиришидан хавотирда.

Шу билан бирга, олтин қимматлашмоқда. Одатда уни инвесторлар волатиллик паст бўлган беқарор вақтларда «тинч бандаргоҳ» деб ҳисоблашади.

Агар ёнилғига бўлган талаб пасайишда давом этса, жаҳон иқтисодиёти тикланиши узоқ ва мураккаб бўлади

Авиакомпания ва туризм соҳаси корхоналари акциялари айниқса сезиларли – 10-15 фоизга тушиб кетди. Бироқ ЖССТ вакиллари барча мамлакатларни ваҳима қилмасликка ва янги чекловларни жорий этишга шошмасликка чақиряпти.

Нью-Йорк биржасида Dow Jones индекси кун якунларига кўра 2,5 фоизга пасайди.

Мавзуга оид