Жаҳон | 20:43 / 08.01.2022
16169
2 дақиқада ўқилади

Олимлар «омикрон» штамми пандемия тугашидан дарак бераётганини айтишди

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, ҳар бир янги тўлқинда касалликнинг тобора енгил кечиши кузатилмоқда.

Фото: Xisco Navarro / ZUMA / ТАСС

Жанубий Африка Республикаси олимлари коронавируснинг «омикрон» штамми COVID-19 пандемиясини якунлаши мумкинлигини маълум қилди. Тадқиқот натижалари South African Medical Research Council сайтида эълон қилинди.  

Олимлар Цване округидаги шифохонага «омикрон» тўлқини вақтида олиб келинган 466 ва илгари ётқизилган 3976 нафар беморга оид маълумотларни ўрганиб чиқди.

Уларнинг аниқлашича, охирги тўлқинда COVID-19га чалинган беморларнинг 4,5 фоизи вафот этган – аввалги ўртача кўрсаткич 21 фоизни ташкил этган.

Шифохонада ётиш давомийлиги илгариги 8,8 кундан тўрт кунга қисқарган, интенсив терапия бўлимига ётқизилганлар сони 4,3 фоиздан 1 фоизга тушган.

Ҳар бир янги тўлқинда касалликнинг тобора енгил кечиши кузатилмоқда, дея қайд этган олимлар. Бу эса «омикрон» штамми коронавирус пандемияси эпидемиядан эндемияга – маълум бир ҳудудга хос касалликка айланаётганини билдиради.

«Омикрон» штамми ўтган йил ноябрда Жанубий Африкада аниқланганди. Бугунга қадар мазкур штамм 100дан ортиқ мамлакатда қайд этилди.

Мавзуга оид