Ўзбекистон | 15:09 / 01.12.2021
27533
3 дақиқада ўқилади

Турин университети талабаси ўлими: воқеанинг қўшимча тафсилотлари маълум қилинди

Талаба ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Олмазор туман ИИО ФМБ катта терговчиси Баҳодир Олимжонов Тошкент каналига берган интервьюсида Турин университети талабаси ўлими билан боғлиқ воқеа ҳақида батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, 25 ноябр куни Олмазор тумани ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига 2-сонли тиббий муассаса шифокори томонидан хабар келиб тушган. Хабарга кўра, Турин университети олдида мазкур университетнинг 1-босқич талабаси, 2003 йилда Андижон шаҳрида туғилган Шерзодбек вафот этгани маълум қилинган.

Ушбу мудҳиш ҳодиса юзасидан ички ишлар органлари тезкор суриштирув ишларини олиб борилган.

«25 ноябр соат 14:30ларда Турин политехника университети ҳовлисида Суннат ва Муҳаммадазиз  ўзаро кўришиб ярашиб олганда, шу курсда ўқийдиган Самандар исмли талаба келиб «ярашиб олдингларми?» деб турган жойида жабрланувчи Шерзод исмли шахс «нима қиласиз аралашиб», деб гап ташлаб қолган. Шунда Самандарнинг ёшликдан бирга ўсган дўстлари Аббос ва Алимбек воқеа жойига келиб қолган ва Аббос воқеа жойида бўлган талабаларни айланиб ўтиб, Шерзоднинг олдига келиб, юзига бир мушт уриб, ерга йиқитган. Натижада Шерзод воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейди терговчи

Суд тиббий экспертизасининг бирламчи маълумотига асосан, марҳумнинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мия ости пардалари ва мия тўқималарига қон қуйилиши жароҳати сабаб бўлган.

Шерзодга тан жароҳати етказишда гумонланувчи тариқасида қўлга олинган, 2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Аббосхон воқеа қандай содир бўлгани ҳақида гапириб берди.

«Туриннинг олдига борганда ўртоғим машинадан тушиб кетди. Мен машинани қўйиб борсам, болалар уришаётган экан. У ерда ўртоғим уришаётганини кўриб болалар ажратишди (ким ажратганини кўрмадим). Урушган болаларнинг олдига борганимда улар мени сўкканидан кейин жаҳл устида, билмай бир мушт урдим. Мушт урганда одам ўлади, деб ўйламагандим. Ўзим тенгиларга ҳам айтиб ўтаман, қўл билан урасизми, у ўлиб қолиши мумкин экан. Шунинг учун урушларга аралашиш керак эмас, мен қилган хатони, ўз бошимдан ўтаётгани учун қилмасликни маслаҳат бераман.

Ҳозир мен жиноий жавобгарликка тортилиб, 8 йилдан 10 йилгача қамалишим мумкин экан. Ҳозир у боланинг ота-онаси қанақа вазиятда экан, улардан минг бор узр сўрайман. Мен 8-10 йилдан кейин ота-онамнинг олдига бораман, у боланинг ота-онаси 18 йил катта қилган, энди у қайтмайди. Қилган ишимдан пушаймонман, бунақа нарса бўлиб кетишини билмаган эдим», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ҳолат юзасидан жорий йилнинг 25 ноябр куни гумонланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш») бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид