20:31 / 03.12.2021
17085

Меҳнат миграцияси: янги тизим қандай ишлаяпти? Вазир билан суҳбат

Меҳнат вазири Нозим Ҳусанов Kun.uz'га берган интервюсида ватандошларни чет элларга ишга юбориш бўйича вазифалар ижроси ва янги режалар ҳақида маълумот берди.

Янги даврда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ташқи меҳнат миграцияси бўйича кўплаб вазифалар юклатилган. Вазирлик хорижда ишлаш истагидаги ватандошларни бунга тайёрлаш ва ўқитиш, уларни ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилишга масъул.

Бундан ташқари, бу вазирликка ўз тузилмасидаги агентлик орқали ватандошларнинг ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш вазифаси ҳам топширилган.

Kun.uz мазкур вазифалар ижроси юзасидан бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан интервю ташкил этди.

Ташқи меҳнат миграцияси йўналишидаги “Йўл хариталари” ижроси ҳақида

— 2021 йил 10 ойида “Йўл хариталари” асосида 50 минг фуқародан 45,2 минг нафари ўқитилиб, шундан 43 минги (25 турдан ортиқ) касб-ҳунарга ва 2,2 минг киши чет тилларини (рус, инглиз, корейс, япон ва бошқалар) ўрганишга жалб қилинди. 115 минг кишидан 92,1 минг фуқаро хорижда ташкилий тартибда ишга жойлаштирилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига (3383 та) нисбатан 88,7 мингтага ёки 27 бараварга ўсган.

Хорижга ишлаш учун кетаётган 27 191 меҳнат мигрантининг ҳаёти ва соғлиғи суғурта қилинди, 640 кишига хорижга кетиш ва ишга жойлашиш учун микроқарзлар берилди ҳамда 2629 фуқарога ишлаш рухсатномаси расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилди.

Хорижда ишлаётган 314,1 минг меҳнат мигрантига ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 892,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари иш берувчилардан ундириб берилди. Бошпанасиз қолган 308 меҳнат мигранти вақтинча яшаш жойлари (хостел) билан таъминланди, оғир вазиятга тушиб қолган 302 киши, шунингдек, турли сабаблар боис вафот этган 408 фуқаро жасади Ватанга қайтариб олиб келинди.

Шунингдек, ташқи меҳнат миграциясининг географиясини кенгайтириш мақсадида Германия, Япония, Словакия, Швейцария, Нидерландия, Болгария, Латвия, Литва каби 25та давлат иш берувчилари билан 382та ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Халқаро Миграция Ташкилоти билан ҳамкорлик ҳақида

— ХМТ билан ҳамкорлик меҳнат миграциясини тартибга солишда, меҳнат мигрантларига молиявий кўмак кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.

Ҳозирда “Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Унда белгиланган вазифалар доирасида COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари таъсирини камайтириш, потенциал меҳнат мигрантларини касбий тайёрлаш бўйича пилот марказини яратиш, “Миграция бошқаруви индикаторлари”ни (“Migration Governance Indicators (MGI)”) Ўзбекистонда жорий этиш, меҳнат мигрантларини хорижга кетишдан аввал тайёрлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.

ХМТнинг молиявий кўмагида COVID-19 пандемияси даврида Россия ва Қозоғистон ҳудудида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган 167 фуқаро Ватанга қайтарилди. Наманган шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида “Қабул қилувчи (Resepshionist) ва хизмат кўрсатиш (Houskeeping) учун профессионал тайёргарлик ҳамда потенциал мигрантлар учун кетиш олди тайёргарлигини амалга оширишга ихтисослашган ўқув хоналари ташкил этилди ва ХМТ томонидан жиҳозланиб, жорий йил 30 сентябрида фойдаланишга топширилди.

Келгусида, ХМТ билан ҳамкорликда меҳнат миграцияси соҳасини диверсификация қилиш, хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларимиз учун виза расмийлаштириш жараёнларида кўмаклашиш учун Ўзбекистон ҳудудида виза марказларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Европа ва океанорти давлатларига юқори иш ҳақи тўланадиган соҳаларга мигрантларини жўнатиш хусусида

— Фуқароларимизнинг хорижда меҳнат фаолиятини ташкил этишда уларнинг танлов имкониятларини ошириш, борувчи давлатлар географиясини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Европа, океанорти давлатларида тажрибали ҳайдовчиларга ва юқори ҳақ тўланадиган, шу билан бирга, маълум бир малакага эга мутахассисларга талаб кучайиб бормоқда.

Шу сабабли хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида Германия, Япония, Словакия, Швейцария, Голландия, Болгария, Латвия, Литва каби давлатлар иш берувчилари билан ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Германия, Япония ва Словакия иш берувчилар талаблари асосида ҳар йили 2000дан 4000гача фуқароларни ушбу давлатларга ишга юбориш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, фуқароларимизни Кореяга ишга юбориш жараёни қайта тикланди. Кореянинг 5та округ ва провинцияси билан эришилган келишувларга асосан фуқароларни ташкиллаштирилган тарзда Кореяга мавсумий ишларга юбориш йўлга қўйилди. Булар ҳар йили 3 мингдан ортиқ фуқарони Кореяга ишга юбориш имконини беради.

Меҳнат мигрантларини Россияга ташкилий юбориш борасида

— Россия билан ҳамкорликнинг ривожланиши фуқароларимизнинг қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишига, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси улуши кўпайишига таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 2017 йилда 922, 2018 йилда 992, 2019 йилда 1425 фуқаро Россияга ташкилий ва манзилли тарзда ишга юборилган бўлса, 2020 йилда 8128 ва 2021 йилнинг 10 ойида 84598 фуқаро ишга жойлаштирилган.

“Ишга марҳамат” мономарказларида 2 сменада ўқиш ташкил этилган

— Ҳозирда мавжуд 15 та “Ишга марҳамат” мономарказларининг асосий қисми, яъни 12 таси 2021 йилдан ўз фаолиятини бошлади. Шу қисқа муддатда 12 243 фуқаро, улардан хорижда ишлаш истагида бўлган 7530 киши 30га яқин касбга ўқитиш бўйича қамраб олинди.

Мономарказда ўқитиш сифатининг бошқа таълим муассасаларидан фарқ қилиши, фуқароларнинг касбга қизиқтира олиши, чуқурлаштирилган тартибда ўқув машғулотларни ўтказиш имкониятининг мавжудлиги сабабли уларда ўқиш истагини билдирган фуқаролар сони ҳар бир курс давомида ошиб бормоқда. Шу сабабли бугунги кунда мономарказлар тўлиқ қувватда фаолият юритмоқда. Бу борада касбий малакага эга бўлиш натижадорлиги бўйича эришилган ижобий натижалар кенг аҳоли ўртасида тарғиб этиб бориляпти.

Россияда ишлаш учун патентни Ўзбекистондан туриб олиш мумкин

— Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берадиган рухсатнома (патент)ни Ўзбекистонда расмийлаштиришни йўлга қўйиш орқали фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида март ойида Москва шаҳридаги “Кўп тармоқли миграция маркази”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди.

Ушбу ваколатхона томонидан жорий йилнинг 23 ноябр ҳолатига 1937 нафар фуқарога Россияда ишлаш учун патентни расмийлаштириш бўйича турли хизматлар кўрсатилиши таъминланди.

Ҳозирда “пилот лойиҳа” доирасида 10 минг нафар фуқарони қурилиш йўналишида Россияга ишга юбориш бўйича танловлар ўтказилмоқда.

Танловдан ўтган фуқароларнинг барчасига мазкур “Кўп тармоқли миграция маркази” орқали патент учун ҳужжатларни расмийлаштириш хизматлари кўрсатилади. Амалга оширилаётган ижобий кўрсаткичлар натижасида келгусида ушбу марказ хизматига мурожаат қилувчилар сони кескин ошиши кутилмоқда.

2022 йилда камида минг киши Японияга ишга юборилади

— “Япон тили ва касбий малака” тест марказининг Наманган, Навоий вилоятларидаги “Ishga marhamat” мономарказларида филиаллари ҳам ташкил этилган. Уларда Японияда ишлашни хоҳловчи 400 фуқаро ўқитилди. Ўқиш жараёнини муваффақиятли якунлаган 255 талабага япон тили бўйича имтиҳон жараёнларига йўлланма тақдим этилди, шундан 93 киши (68 нафари “N4” даража ва 25 нафари “N5” даража) сертификатларни қўлга киритди.

Жорий йилнинг иккинчи ярмида Япониядаги ҳамкорлар билан амалга оширилган музокаралар натижасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги юборувчи ташкилот мақомини қайта тиклади ва ўтган давр мобайнида Япониянинг KOBE International Trade Promotion Association of Japan, Techdas Kyodo Kumiai ва BMA Cooperative ташкилотлари билан тикувчилик ва қарияларни парвариш қилиш соҳасида техник стажёрларни Японияга юбориш бўйича келишувга эришилди.

Келгуси йилда Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари Ўзбекистонга келиб, камида 1000 фуқарони ушбу соҳаларда фаолият юритишга жалб қилишни режалаштиришган.

Умуман, келгуси уч йил давомида 10 минг киши япон тили, қарияларни парваришлаш, тикувчилик каби касбларга ўқитилиб, меҳнат фаолияти олиб боришлари учун Японияга юбориш белгиланган.

“Е-8 виза билан Кореяга борганларнинг 130 дан ортиғи “қочиб кетди”

— Бандлик ва меҳнат вазири сифатида Жанубий Кореяга сафар чоғида ўзбекистонлик ишчиларни Корея қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга (Е-8 визаси асосида) жалб қилиш кўламини кенгайтириш, пандемия сабабли тўхтаб қолган жараёнларни тиклаш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига қўшимча квоталар ажратиш ва Ўзбекистон фуқароларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига (Е-9 визаси асосида) ишга жалб қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Кореяга Е-9 визаси билан ишга юбориш жараёнини тиклаш, уларнинг Кореяда ноқонуний қолиш ҳолатлари олдини олиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

2021 йилда 420 нафар фуқароларимиз E-8 визаси бўйича мавсумий ишларга ташкилий тарзда юборилди. Фурсатдан фойдаланиб, Кореяга меҳнат мигранти бўлиб бормоқчи бўлган фуқароларга мурожаат қилмоқчи эдим. Нега деганда, Е-8 визаси билан борганларнинг 130 дан ортиғи иш жойини ташлаб, бошқа юқорироқ иш берувчиларга кетиб, ноқонуний мигрант бўлишни танлаган. Бу билан ушбу дастур келажаги барбод бўлмоқда. Ўзбекистонликларга Корея томонидан ажратиладиган квота сони камайтирилиши бир ёқда турсин, умуман Е-8 визаси билан ишга жалб қилиш тўхтатилиши мумкин.

2020 йил март ойидан буён карантин чекловлари сабабли Кореяда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни ишлаб чиқариш соҳасига ишга юбориш вақтинча тўхтатилган эди. Ҳозирда фуқароларни Кореяга юбориш жараёни қайта тикланди. 25 ноябр куни E-9 визаси бўйича дастлабки 4 йил-у 10 ой Кореяда фаолият олиб бориб, қайта шартнома билан келган, илк 47 нафар фуқаромиз барча карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкилий тарзда Корея республикасига юборилди. Декабр ойи якунига қадар 800-900 нафар фуқароларни ташкилий тартибда ишга юбориш режалаштирилган.

Норасмий секторда фаолият юритаётган фуқаролар пенсия олиши учун нима қилиши керак?

— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари пенсия ёшига етгандан сўнг (аёллар 55 ёшда, эркаклар 60 ёшда) давлат ижтимоий кафолатларидан фойдаланиш учун унинг иш стажи (аёлларга 20 йил, эркакларга 25 йил) талаб этилади ва иш стажи ҳисобга олиниши учун ижтимоий солиқ тўланиши лозим.

2020 йил 1 июлдан меҳнатга лаёқатли ёшдаги, хусусан, норасмий тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳар бир жисмоний шахсга, якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ўзини ўзи банд қилиш ва ўзини ўзи банд қилувчилар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди. Бунинг натижасида 541 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтди. Уларнинг умумий сони 1 миллиондан ошди.

Бунда, ўзини ўзи банд қилганларнинг иш стажи ҳисобга олинади, даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар йўқ. Бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланади холос.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Top