Ўзбекистон | 20:44 / 04.12.2021
13036
6 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий мулоқот учинчи давлатлар манфаатларига қарши қаратилмаган” — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон етакчиси қозоқ нашрига берган интервюсида Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, минтақа ва Афғонистондаги муаммолар ҳақида тўхталди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи муносабати билан “Казахстанская правда” нашрига катта интервю берди.

Давлат раҳбари интервюда Қозоғистон ва Ўзбекистон муносабатлари, Марказий Осиё давлатларининг сиёсий яқинлашуви, Орол муаммоси ва Афғонистондаги вазият ҳақида фикр билдирди.

Kun.uz ушбу интервюни баъзи қисқартиришлар билан тақдим қилади.

Қозоғистонга ташрифдан кутилаётган натижалар ва мақсадлар ҳақида

— Ташриф кун тартибидан сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ўрин олган.

Шу билан бирга, умумий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашишда шерикликни мустаҳкамлашга оид муҳим ҳужжатлар қабул қилинади.

Ўзбекистон–Қозоғистон иқтисодий ҳамкорлиги ҳақида

— Ўзбекистон ва Қозоғистон табиий иқтисодий шериклар эканини, иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришини алоҳида таъкидламоқчиман. Мамлакатларимиз ўзаро талаб қилинадиган маҳсулотлар тури ва ҳажмини сезиларли даражада кенгайтириш учун етарли салоҳиятга эга.

Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ошди ва йил охирига қадар 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда – бу савдо алоқаларимиз учун рекорд кўрсаткичдир. Аммо бу реал чегарадан анча узоқ. Икки давлат иқтисодиётининг салоҳиятини инобатга олган ҳолда, келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни дадил мақсад қилиб қўйишимиз керак.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.

Икки йилдан ортиқ вақтдан бери мамлакатимизда Қозоғистон Тенге банки фаолият юритиб, ҳудудларда ўз филиаллари тармоғини кенгайтирмоқда.

Мамлакатларимизнинг геостратегик позициясидан келиб чиққан ҳолда транспорт-логистика соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Гап Учқудуқ – Қизилўрда темир йўли қурилиши, шунингдек, Туркистон ва Тошкент ўртасида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши каби муҳим лойиҳалар ҳақида бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда темир йўл ва автомобил юкларини ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди. Ҳаво қатнови тўлиқ тикланди.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари ҳақида

— Яна бир бор таъкидламоқчиманки, биз янги халқаро ташкилот ёки ўз устави ва мамлакатлар миллий органларидан юқори органларга эга интеграция тузилмасини яратишга интилмаяпмиз.

Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни барқарор, очиқ, жадал ривожланаётган, ишончли ва прогнозлар қилиш мумкин бўлган халқаро ҳамкорга айлантиришдир. Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва давлатлараро яқинлашувнинг ижобий жараёнлари очиқ ва конструктив характерга эга ҳамда учинчи давлатлар манфаатларига қарши қаратилмаган.

Маслаҳатлашув учрашувлари минтақадаги барча давлатлар вакиллари иштирок этадиган муҳим формат бўлиб, уларнинг асосий тамойиллари консенсус ва тенгликдир.

Шунингдек, бу учрашувлар тўпланган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича узоқ вақтдан бери кечиктириб келинган сўровларга шошилинч жавоб бериш имкониятини яратмоқда.

Марказий Осиёнинг келажаги ҳақида

— Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, очиқ ва барқарор характер касб этадиган даражага чиқди деб айтиш мумкин.

Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий вазифаларимизни изчил ҳал этиш бўйича ишлар минтақанинг барча давлатлари томонидан давом эттирилади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, минтақавий ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантириш нафақат географик яқинлик, тарихий ҳамжиҳатлик, савдо-иқтисодий, маданий ва цивилизациявий алоқалар каби объектив омиллар, балки яқин шериклик муносабатлари орқали ўсиб борадиган ўзаро манфаатларга ҳам асосланади.

Орол инқирози, экология ва иқлим ўзгариши ҳақида

— Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш муаммолари ҳақида гап кетганда, албатта, замонамизнинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол фожиасини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Ўз вақтида сув ресурсларидан ўйламай фойдаланиш оқибатида бу ҳудудлардаги минглаб одамлар азоб чекишмоқда. Вазият мисли кўрилмаган иқлим ўзгариши туфайли янада оғирлашмоқда. Ўртача йиллик ҳароратнинг ошиши кузатилмоқда, қурғоқчилик, чанг бўронлари, сув тошқинлари ва селлар тез-тез учрамоқда, музликлар эриши тезлашган.

Бунинг оқибатларини юмшатиш учун маълум чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, салбий оқибатларни камайтириш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси, Сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилашга қаратилган бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Афғонистондаги вазият ҳақида

— Агар мувофиқлаштирилган самарали чоралар кўрилмаса, Афғонистон узоқ вақт давомида минтақавий хавфсизликка янги таҳдидлар манбайи бўлиб қолиши мумкин. Тинчлик ва барқарорликка қанча эрта эришилса, бу мамлакат ривожланишига йўл очади, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик йирик иқтисодий ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш учун янги стратегик имкониятлар яратади.

Евросиё ва Жанубий Осиё, Шарқий ва Ғарбий Осиё ўртасида табиий қуруқлик кўприги бўлган Афғонистоннинг географик жиҳатдан қулай жойлашуви трансминтақавий алоқаларни ривожлантиришда унинг қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб беради.

Афғонистоннинг иқтисодий жиҳатдан тикланиши – бу ерда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг энг муҳим шартидир.

Менинг фикримча, вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун янги ҳокимият билан мулоқотни ривожлантириш, афғон халқига ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш зарур. Бу вазиятда Афғонистонда кенг кўламли гуманитар инқироз юзага келиши ва унинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқини мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклади.

Мавзуга оид