Замонавий, тартибли ва жуда совуқ – Ўзбекистон президентини кутаётган Нур-Султон Kun.uz нигоҳида
Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси президентига мезбонлик қилади. Айни пайтда шаҳарда бу ташрифга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Кўпчилик Нур-Султоннинг бугунги замонавий қиёфасини бир жиҳат – шаҳар янгидан қурилгани билан боғлайди. Яъни Қозоғистон пойтахти яйдоқ далада барпо этилган шаҳар, деган янглиш тушунча мавжуд. Аслида Нур-Султон анчагина қадимий тарихга эга, ҳатто шаҳар мақомини 1862 йилдаёқ қўлга киритишга улгурган.
1997 йилдан буён Қозоғистон пойтахти ҳисобланган Нур-Султон шу пайтгача тўртта номга эга бўлган. Акмолинск, Целиноград, Акмола, Астана каби номларнинг барчаси айни шу шаҳарга тегишли.
1997 йилга қадар аҳолиси 280 минг киши атрофида бўлган ва мунтазам кўпайиб бораётган Нур-Султонда бугунги кунда 1,2 млн атрофида одам доимий истиқомат қилади. Аҳоли шиддат билан ўсиши икки рақамда кўринади – 24 йилда аҳоли сони 4 каррадан кўпроқ ошган бўлса, сўнгги 4 йилнинг ўзидаёқ 20 фоизга кўпайган. Нур-Султон 2017 йилнинг июнь ойида расман “Миллионер шаҳар” мақомини олган ва бу борада Қозоғистоннинг Олмаотадан кейинги иккинчи шаҳрига айланган.
Лекин Нур-Султонни янги шаҳар деб атовчилар ҳам маълум маънода ҳақ. Шаҳарнинг марказий қисмида бирорта эски бино ёки уйга кўзингиз тушмайди. Осмонўпар бинолар сони ва баландлиги жиҳатидан Нур-Султон Дубайнинг ортидан қувиб кетаётганга ўхшайди.
Шаҳарга қадам босишингиз билан Ўзбекистонда тасаввур қилиб бўлмайдиган изғиринга дуч келинади. Умуман Нур-Султонни учта сўз билан таърифлаш мумкин – замонавий, тартибли ва жуда совуқ.
Замонавийлиги шаҳар янгидан барпо этилгани билан бевосита боғлиқ. Яъни бутун пойтахт қачондир тасдиқланган бош режага изчил амал қилиб бораётгани, ҳар бир қурилган бино умумий композицияга қўшимча безак тарзида пайдо бўлаётганини ҳис қилиш мумкин. Осмонўпар биноларнинг ҳеч бири иккинчисини такрорламайди. Албатта, эгизак бинолар ҳам бор, аммо улар шундай режалаштирилгани аниқ. Нафақат баланд бинолар, балки кўп қаватли уйларда ҳам алоҳида ёндашув, ўзига хос ёрқин ранглар кўзга ташланади.
Тартибли жиҳати дастлаб тозалигида кўринади. Айни пайтда Нур-Султонда бир қарич қор бор. Лекин музламалар тинимсиз тозаланиб турилади, қорлар олиб чиқиб кетилади. Умуман, пойтахт тозалаш тизими шу қадар узлуксиз ва мукаммал ишлайдики, бирор жойда чиқинди тўпланиб ётганига кўзингиз тушмайди. Бу ўринда аҳоли маданиятининг ҳам юқорилигини таъкидлаш шарт.
Алоҳида жиҳат – йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш. Қозоқлар қачон бу қадар тартибли бўлишга улгурди, буниси катта савол. Бирор жойда сигнал овози, асабий ҳайдовчилар сўкиниши, катта тезликда кетаётган машиналарнинг чийиллаган товуши эшитилмаслигига ҳайратланмай илож йўқ. Мана шу нуқтада барча йирик шаҳарларимизда, наинки шаҳарлар, ҳаракат у қадар тиғиз бўлмаган туманларимизда ҳам бу борада қилинадиган ишлар кўплиги кўзга ташланади. Тартиб билан, қоидани бузмай ҳам манзилга етиш мумкинлигини Нур-Султон ҳайдовчиларидан ўрганса арзийди.
Совуқлиги табиий. Нур-Султонда айни пайтда ҳаво ҳарорати кундузи 5 даражагача, кечаси 15 даражагача совуқ. Ўзбекистондан келган меҳмонлар бу совуқдан ҳайратланишини мезбонлар янада кучайтириб юбордилар: “Бу яқин йиллардаги энг иссиқ қиш, олдинлари бу пайт камида 20 даражагача совуқ бўларди”, – деди улардан бири. Умуман, Қозоғистон пойтахтида ёзда +50, қишда -50 қайд қилиниши билан кимнидир ҳайрон қолдириш қийин.
Пойтахтнинг иқлими мўътадил, ўзи ям-яшил ва катта шаҳар бўлган Олмаотадан 1300 км узоқликдаги совуқ, чанг-тўзонларга кўмилган бу шаҳарчага кўчирилиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлган. Танқид қилишган, кўчиб келишни исташмаган, барибир эртами-кечми пойтахт ўз ўрнига қайтишига ишонилган. Аммо инсон иродаси (аниқроғи бир одам қатъияти) билан бу режа амалга ошди – бугун ҳеч ким Қозоғистон пойтахти дейилганда Нур-Султондан ўзга шаҳарни тасаввур қила олмайдиган даражага келди. Шундан кейин бошқа ҳудудлардан, ҳатто Олмаотанинг ўзидан ҳам одамлар оқиб кела бошлади. Бугунги кунда динамик ривожланаётган Нур-Султон аҳолисининг учдан биригина туб аҳоли ҳисобланади.
Нур-Султон Ўзбекистон президенти ташрифига катта тайёргарлик кўрмоқда. Барча меҳмонхоналар тўла, ташрифгача турли тадбирлар, музокаралар, форумлар ўтказиляпти. Бу ташриф ҳам икки томонлама муносабатларда янги саҳифа бўлишига ишонилмоқда.
Аброр Зоҳидов, Тошкент – Нур-Султон
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:39 / 15.02.2024
Қозоғистон Ўзбекистондан тарихий мерос буюмларини қайтаради
18:33 / 14.02.2024
Қозоғистондаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
10:15 / 12.02.2024