Жамият | 14:07 / 05.12.2021
14832
11 дақиқада ўқилади

Ёлғиз фарзанд бўлишнинг ўзи касалликми? — бу фикр атрофидаги баҳслар

Ота-онасининг ёлғиз фарзанди бўлиб улғайган кишиларда характернинг салбий жиҳатлари ривожланиши ҳақидаги фикрлаш одатга айланган. Бундай болалар эркатой эгоист бўлиб ўсишади – нима учун ана шу тарзда фикрлаш юзага келган ва у адолатданми? Бу борада тадқиқотчиларнинг фикри қандай?

Мен ана шундай бола бўлганман. Бироқ болалигимда ўзимни ёлғиз ҳис этмаганман ва менда ука-сингилларим бўлса эди, деган истак йўқ эди. Лекин ёлғиз эканим билан ҳам мақтанмасдим, дея ёзади BBC мухбири Уокер Женевьев.

Ёлғиз фарзандни аяманг. Эҳтимол, у ҳаётга сиз ўйлаганингиздан кўпроқ мослашган бўлиши мумкин. Фото: Getty Images

Ёлғиз фарзандлар салбий сифатларга эга бўлиши ҳақидаги фикрларни доимо билганман ва ундай эмаслигимни исботлашга ҳаракат қилганман.

Ёшлигимда бирор киши билан танишганимда ва суҳбат давомида ёлғиз фарзанд эканим аён бўлса, суҳбатдошимнинг одатий реакцияси қуйидагича бўларди: «Йўғэ, ҳеч қачон шундай деб ўйламаган эканман!»

Дарҳол «нима учун менда ҳаммаси жойида экани» борасида ёдлаб олган фикрларимни айтишга киришардим: тўлиқсиз оилада катта бўлганим ва болаликдан ишларга ёрдам беришга мажбур бўлганим, бундан ташқари, оиламиз ўрта синфнинг қуйи қатламига мансуб экани, шунинг учун ҳам мени тантиқ қилиб ўстирмаганликларини тушунтира бошлардим.

Кейинчалик бошқа ёлғиз фарзандлар ҳам ягона фарзанд бўлиш камситилганликдек, дарҳол бу ҳолатдан чиқишга ҳаракат қилишларини пайқадим.

Ёлғиз фарзандлар ҳақидаги салбий стереотиплар бир неча асрлардан бери мавжуд: вазият қандай бўлишидан қатъи назар бундай бола тантиқ, йўл бўшатишга мойил эмас, жамиятга мослашмаган, буйруқ беришни яхши кўради ва бир вақтнинг ўзида уятчан.

Шу билан бирга, бир неча ўн йилликлар давомида синчковлик билан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу нуқтайи назар ҳақиқатга яқин эмас – илмий ва хулқ-атворга хос асослар ҳам йўқ. Индивидуал характер ҳар қанақа бўлиши мумкин. Гуруҳ сифатида ёлғиз фарзандлар уларга тегишли деб аталувчи жиҳатларни рад этишади.

Шунга қарамай, исталган танишингиздан ёлғиз фарзандга хос бўлган хусусиятлар ҳақида сўраб кўринг-чи, яна ўша таниш фикрларни эшитасиз: энг яхши ҳолатда тантиқ ва ёлғиз, ёмон ҳолатда эса ота-онаси уни муваффақиятсиз бола тақдирига маҳкум қилган.

Нима учун бу стереотип ўзгармас? Бутун дунёда болалар сонининг камайиш тенденцияси ҳисобга олинса, бу стереотип йўқоладими?

«Ўхшаш жиҳатлар»

Ёлғиз фарзандлар тўғрисидаги ўхшаш фикрлар тарихи анча узоқ тарихга эга. Масалан, Буюк Британияда Виктория даври ва болалар психологиясининг фан сифатида пайдо бўлиши билан боғлиқ.

XIX аср охири ва XX аср бошларида кўплаб олимлар, энг аввало, болалар психологияси асосчиларидан бири Стэнли Ҳолл ва унинг издошлари ёлғиз фарзандларга одатий муносабатга асос солган асарларини чоп эттиришди.

Фарзандларини телбаларча севадиган ота-оналар уларни эркалайдилар ва шу тариқа ўз шахсиятига оид барча нарсага ўта таъсирчан бўлган катта нарциссларни тарбиялашади, дея ёзишганди тадқиқотчилар.

Ҳоллнинг қуйидаги фикри кўпчиликка маълум: «Ёлғиз фарзанд бўлишнинг ўзи касаллик».

Индивид психологияси мактаби асосчиси Альфред Адлер мазкур назариянинг яна бир нуфузли тарафдори бўлган.

«Оила тузилиши, хусусан, фарзандлар ўртасидаги ака-укалик тартиби шахс ривожланишига қандай таъсир кўрсатишини биринчи бўлиб Адлер ўрганиб чиқди ва батафсил тасвирлади», — дейди америкалик психолог, «Ёлғиз фарзандлар тўғрисидаги стереотиплар ўзгариши, адабиётлар шарҳи ва амалий маслаҳатлар» китоби муаллифи Адриан Мансилас.

«Адлер ўзи дуч келган клиник ҳолатларга асосланган асарларида ёлғиз фарзандларни ўта салбий тасвирлаган. У бундай фарзандлар ҳаётга мослашмагани ва иккинчи фарзанд дунёга келтирмасликка қарор қилган ота-оналар биринчи фарзандларига руҳий зарар етказишини таъкидлаган».

Ана шу позиция умумқабул қилинган позицияга айланди. Эҳтимол, оилалар катта бўлган, ёлғиз фарзанд ўсмирлари орасида истисно саналган даврда бундай тушунча ўз маъносига эга бўлгандир. Ота-оналар эса ўз фарзандлари ҳақида айниқса кўпроқ ғамхўрлик қилиш ва уни ҳимоялашга инстинктив равишда киришишган.

«Муаммо шундаки, улар камчилик эди. Сутэмизувчи ҳайвонларнинг исталган гуруҳида айрим белгиларга кўра камчиликка тегишли бўлсангиз, сизни заҳарлай бошлашади», дейди Буюк Британия психология жамияти аъзоси ва «Оиладаги ўрнингиз характерингиз ҳақида нима дейиши мумкин?» китоби муаллифи Линда Блэр.

Ҳатто кейинчалик АҚШ ва Буюк Британияда оиланинг ўртача ҳажми кичрайган бўлса ҳам ёлғиз фарзандлар нормадан оғиш сифатида қаралган. Икки фарзанддан иборат «нуклеар оила» 1950-йилларда шаклланган идеал ҳисобланган.

«Тўғри оила бу – ота, она ва иккита бола деган тушунча маданиятимизга чуқур сингган ва ундан оғиш кишини безовта қилади», дейди америкалик социал психолог, «Ёлғиз фарзанд ҳолати» китоби муаллифи.

Кўплаб телевизион шоулар, масалан, 1957-1963 йилларда машҳур бўлган «Тасаввур қилинг бу Буверу» ситкоми ота-она ва бир неча фарзанддан иборат оила ҳақидаги тасаввурни сингдирди. 1986 йилнинг «Азоб чекувчи Деннис» фильмида оиладаги ягона фарзанд табиий офат сифатида акс эттирилган.

Ўн йиллар давомида ана шундай давом этиб келган. Агар оилада бир нафар фарзанд бўлса, у оила оила эмас, муваффақиятли фарзанд эса оиладаги ягона фарзанд бўлиши мумкин эмас – нуқта!

Стереотиплар ва ҳақиқат

1980-йиллар охирига келиб, америкалик тадқиқотчилар Тони Фальбо ва Дениз Полит оилада ягона фарзанд бўлган 141 нафар боланинг характери ва хулқ-атворини ўрганди. Улар шундай хулосага келишди – кўплаб жиҳатларига кўра, улар бошқалардан фарқ қилмаган. Ютуқлари, рағбати ва атрофга мослашувчанлиги бўйича ҳатто улардан ўзиб кетишган. Ёлғизлик, эгоизм ва мослаша олмаслик каби ҳислар умуман бўлмаган.

«Тантиқ ва ички ёлғиз «митти император» стереотипи ҳақиқатда ўз тасдиғини топмайди», дейди Вашингтон штати университети антропология профессори ва «Яхши бола: Хитой болалар боғчаларидаги ахлоқий тарбия» асари муаллифи Цзин Сюй.

У ўз китобида шахснинг ахлоқий шаклланишида оиладаги ҳолатлар, таълимнинг ўрни, шунингдек, кенг маънода Хитойдаги ижтимоий ўзгаришлар нуқтайи назаридан масалани очиб беради.

Цзин Сюй асари Шанҳайдаги ўрта синф яшайдиган райондаги болалар боғчасида тўпланган материал асосига қурилган. Мазкур боғча тарбияланувчиларининг кўпчилиги оилада ёлғиз фарзанд бўлган.

Бундай болалар интизом, ижтимоийлашув ва жамоадаги ҳаёт жиҳатидан бошқалардан фарқ қилмаслиги аниқланди. Цзин Сюйнинг сўзларига кўра, ёлғиз фарзандлар атрофдагиларни оқилона баҳолаши, дўстлар танлаши ва муносабатлар қуриши уни ҳайратга солган.

Ёлғиз фарзандлар уятчан ва ижтимоий мослашмаган тушунчадан фарқли равишда улар жамиятга мослашиш учун яхши тайёрланган экани олим томонидан қайд этилган. Чунки улар опа ва укалари бўлмагани туфайли кўплаб вазиятларда ўзига ишонишга ва бошқа оила фарзандлари билан муносабат ўрнатишни эрта ўрганади.

Бошқа тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оиладаги ёлғиз фарзандлар бир қатор афзалликларга эга: уларда нутқ кўникмалари яхшироқ шаклланган ва уларда рағбат кучлироқ.

Линда Блэрнинг айтишича, ота-оналар томонидан қўшимча эътибор ҳар доим ҳам ёмон дегани эмас.

«Пул аҳамиятга эга. Бироқ муҳими оиладаги ёлғиз фарзандга ота-она кўпроқ вақт ажратади, у катталарнинг бойроқ ва ривожланган нутқини ўзлаштиради ҳамда кўп болали оилаларга қараганда ҳаёти тартиблироқ бўлади», дейди Блэр.

Албатта, салбий жиҳатлари ҳам бор. «Тадқиқотларга кўра, ака-сингиллар ота-она ўртасидаги келишмовчиликларни енгишда бир-бирига ёрдам беради», дейди Адриан Мансиллас.

Ўнлаб йиллар давомида медиа кучли катта оила идеалини сақлаб қолди, бундан халос бўлиш эса қийин.

Даволовчи руҳшуноснинг шахсий тажрибасига асосланган ҳолда, Блэр ёлғиз фарзандлар акаси ёки синглиси бўлганлардан фарқли равишда катталарсиз вақт ўтказмаслигини қайд этади.

Шунинг учун ностандарт вазиятларда реакция қилиш ва ўзгаларнинг туйғуларини ҳис қилиш уларга қийинчилик туғдиради. Масалан, бошқа бола сен йиғган Lego конструкциясини тепиб юборишини.

Блэрнинг таъкидлашича, ёлғиз фарзандлик ҳолати уни ёмон нарсага ҳам, яхши нарсага ҳам йўналтирмайди. Бошқа омиллар муҳим аҳамиятга эга: оиладаги муҳит, ота-оналар амал қиладиган қадриятлар, бошқа қариндошлар билан муносабатлар, дўстларнинг мавжудлиги.

«Оиладаги ёлғиз фарзандлар ва кўп болали оила фарзандлари ўртасида фарқларга қараганда умумий жиҳатлар кўпроқ», дейди Сьюзан Ньюмен.

Қайта ўрганиш мушкул

Бизга маълум бўлган барча нарсаларга қарамай, шаклланган фикр ҳеч қаерга йўқолмайди.

Линда Блэр асосий сабабни стереотипни аниқ фактлар билан инкор этиш қийинлигида кўради. Барча одамлар турлича, агар истасангиз, ҳаётда ҳамма нарсанинг тасдиғини топишингиз мумкин.

Оила тузилиши аста-секин ўзгармоқда. Агар авваллари кўп болали оила табиий ҳолат дея қабул қилинган бўлса, ҳозирда кўпчилик мамлакатлар битта фарзандли оила сари ҳаракатланяпти. Масалан, 2017 йил маълумотларига кўра, инглиз оилаларининг 40 фоизида бир нафар фарзанд бўлган. Канадада эса 2011 йилда бундай оилалар 38 фоизни, АҚШда 2015 йилда 23 фоизни ташкил этган. 2019 йилда Канадада тарихдаги туғилиш кўрсаткичининг энг паст даражаси қайд этилди.

Ёлғиз фарзандлар эндиликда камчилик эмас, бу тобора нормага айланиб бормоқда. Эҳтимол, бу шаклланган стереотипни ўзгартирар?

Бунинг айрим белгилари бор. Сьюзан Ньюман ҳозирда 1990-йилларда бошланган «Ёлғиз фарзанд» лойиҳаси доирасида янги тадқиқот ўтказяпти. Ундаги сўнгги маълумотларга кўра, жамиятнинг ёлғиз фарзандлар тўғрисидаги фикри сезиларли ўзгарган.

«Одамлар бор-йўғи бир нафар фарзанди бўлса, ўзини оқлашни жоиз деб ҳисобламаяпти. Салбий изоҳлар аввалгидан анча кам ва асосан олдинги авлод томонидан билдириляпти», дейди у.