Ўзбекистон | 19:29 / 07.12.2021
4296
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолияти: Назорат ва таҳлил

Фото: Халқ демократик партияси

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг ўрни албатта, беқиёс. Партия дастуридан жой олган қонун ижодкорлиги йўналиши ва фракция аъзолари томонидан электорат манфаатларидан келиб чиқиб янги қонунлар ташаббусини илгари суришда фракция алоҳида ўрин тутади.

Қайд этиш керак, фракция – сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан сиёсий партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалайдиган механизмдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракция томонидан жойларда тизимли муаммоларни ҳал этиш, Президент Фармон ва қарорларининг ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни парламент назорати таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда назорат қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган давр давомида Қонунчилик палатаси томонидан 4 та ҳукумат соати ўтказилган бўлса, улардан 2 таси, 7 та парламент сўровидан 2 таси, 5 та парламент эшитувидан 1 таси Ўзбекистон ХДП фракциясининг ташаббуси билан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Биргина мисол. Жорий йилнинг 25 март куни фракциянинг ташаббуси асосида Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга “Фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги Парламент сўрови юборилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг “Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновнинг “Аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг шакллантирилиши ҳамда унинг бажарилиши борасидаги ишлар тўғрисида”ги ахбороти Ҳукумат соатида эшитилди.

Шунинг билан бирга, партия ташаббуси билан Парламент эшитувида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ҳамда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг «Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Эътиборлиси, парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб, Ҳукуматнинг Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳар чоракда ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳисоботни эшитишда фракция ўз ташаббусини амалга ошириб намуна бўлиб келмоқда.

Ушбу тизим ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш билан бирга, фракция аъзоларининг ҳам ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишини таъминламоқда.

Ҳисобдорликнинг бундай шаклларининг жорий этилиши ҳукумат фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги ҳамда масъулиятини, фуқароларнинг давлат институтлари фаолиятидан хабардорлик даражасини тубдан оширишга хизмат қилмоқда.

Фракция томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари юзасидан 14 маротаба назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди.

Депутатларнинг жойларда ўтказилган ўрганишлари, сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлари жараёнида ва фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш учун давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига жами 84 маротаба депутат сўрови юборилди. Бу рақам Қонунчилик палатаси томонидан умумий юборилган депутат сўровининг 22 фоизини ташкил этади.

Юборилган депутатлик сўровларининг 21 таси Халқ таълим вазирлигига, 20 таси Соғлиқни сақлаш вазирлигига, 15 таси мактабгача таълим вазирлигига, 10 таси транспорт вазирлигига, 18 таси бошқа турли вазирлик ва идораларга тўғри келади.

Халқ билан очиқ самарали мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолининг қийнаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни Ҳукумат ва ижро ҳокимияти олдига қўйиш фракция аъзолари фаолиятининг асосий мезонига айланмоқда.

Бугунги кунда фракция аъзоларининг ҳар ой охирги ҳафтасида сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиб бораётганликлари камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда одамларни рози қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юқорида баён этилганлар билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан назорат таҳлил фаолияти бундан буён ҳам доимий тарзда олиб борилади.

Дурбек Худойқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси ижрочи котиби Ⓣ

Мавзуга оид