Жаҳон | 22:59 / 10.12.2021
53591
6 дақиқада ўқилади

СССРдан кейинги 30 йил. Собиқ иттифоқ республикаларининг иқтисодиёти қандай ривожланди?

Эстония, Литва, Латвия, Арманистон ва Грузия бошқаларга қараганда яхшироқ ислоҳотлар қила олди. Ўзбекистон хомашё экспортига қарамлигича қолмоқда: аввалига пахта, ҳозир эса олтин мамлакат экспортининг катта қисмини ташкил этади.

Фото: Всеволод Тарасевич / РИА Новости

Иқтисодий қудрати бўйича дунёда иккинчи ўринда бўлганини иддао қиладиган СССР парчаланганига 30 йил бўлди. Унинг ўрнида эса ҳозирда умумий ялпи ички маҳсулоти салкам 2,5 триллион долларга тенг 15та мустақил давлат шаклланди. Россиянинг РБК нашри мустақилликдан кейин собиқ совет республикалари қандай ривожланганини таҳлил қилиб чиқди.

БМТ маълумотларида, 1990 йилдаги совет иттифоқи иқтисодиёти 791 млрд долларга баҳоланган. Бу пайтда СССР иқтисодиёти номинал қийматларни ҳисобга олганда, расман дунёдаги иккинчи иқтисодиёт сифатида кўрсатилса-да, аксарият иқтисодчиларнинг фикрига кўра, 1960-1980 йилларда совет иқтисодиётининг ўсиш суръати доимий равишда пасайиб борган ва бу охир-оқибат режали тизимнинг қулашига олиб келган.

СССРда 1980-йилларнинг охиригача ЯИМни ҳисоблаш “миллий даромад” назарияси орқали амалга оширилган бўлиб, совет иттифоқи ва Ғарб мамлакатлари иқтисодиётларининг ялпи ички маҳсулотларини ҳисоблаш критериялари бир-бирига мос келмаган.

БМТ маълумотларига кўра, 1990 йилда совет иттифоқининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 4,6 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда 15та собиқ совет республикасининг жаҳон ЯИМдаги умумий улуши қарийб 2,6 фоизни ташкил этмоқда. Халқаро валюта жамғармаси эса харид қобилияти паритетига (ППП) асосланган ҳолда, собиқ совет мамлакатлари ЯИМнинг жаҳон иқтисодиётидаги улушини юқорироқ – 4,7 фоиз (шундан Россиянинг улуши 3 фоиз) сифатида кўрсатган.

Renaissance Capital инвестиция банкининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича бош иқтисодчиси Софя Донецнинг таъкидлашича, мустақилликдан кейинги давр мобайнида ҳам постсовет мамлакатларининг иқтисодий ўсишида юқори корреляция сақланиб қолган бўлиб, агар кризис ҳолати юзага келса, барчасига таъсир қилади ва бирдай муаммоларга дуч келади.

СССР парчаланганидан кейин мустақилликка эришган мамлакатларнинг деярли барчасининг иқтисодиётида 1996-1999 йилгача пасайиш кузатилган. 2009 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирози ҳам мамлакатлар иқтисодиётининг секинлашишига ва қисқаришига сабаб бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда Россия, Қозоғистон, Озарбойжон ва Беларус каби иқтисодиёти нефтга қарам мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми камайган. Сўнгги синхрон пасайиш эса 2020 йилдаги коронавирус пандемияси оқибатларида содир бўлган.

Болтиқбўйи мамлакатлари бошқа постсовет мамлакатларидан ажралиб тургани эътиборга молик. Бу мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи камида 1995 йилдан бери ўсиб келмоқда ва 1996 йилда Эстония бу кўрсаткич бўйича Россиядан ўзиб кетиб, биринчи ўринга чиққан. Ҳозирги вақтда ҳам Эстония, Литва ва Латвия собиқ СССР мамлакатлари орасида аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Бундан ташқари, ушбу мамлакатлар 2002 йилда Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди ва 2004 йилда ташкилот иштирокчиларига айланди. Ўтган давр мобайнида иқтисодий ўсиш билан бирга, Болтиқбўйининг бу 3та давлатида умумий аҳоли сони 25 фоизга (7,9 млндан 6 млнга) камайган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, иқтисодиёти табиий газ экспортига асосланган Туркманистон 2020 йилга келиб реал ЯИМнинг 1991 йилга нисбатан энг юқори ўсиш суръатига эришган – 3,6 баробар (Ўзбекистон иккинчи ўринда – 3,4 баравар).

Бироқ Фитч рейтинг агентлиги Туркманистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши ҳақидаги маълумотлар ишончлилигига жиддий шубҳа билан қараш керак деб ҳисоблайди.

“Туркманистоннинг иқтисодий ўсиши ҳақида ёзган ҳар бир киши расмий рақамлар ва ҳақиқат ўртасидаги тафовутни сезади”, дея қайд этган Eurasianet нашри.

Украина 1990 йилга нисбатан (19 фоизга) аҳоли жон бошига ЯИМнинг харид қобилияти паритетидаги ҳажми пасайган ягона постсовет давлати бўлган. Бу пасайиш Россия билан можаро, Донецк ва Луганск халқ республикалари ташкил этилгани сабаб Донбассдаги саноат соҳасидаги катта йўқотишлар билан ҳам изоҳланган.

Софя Донецнинг фикрича, собиқ иттифоқ мамлакатларидаги иқтисодий тебранишларга бир қанча омиллар таъсир ўтказган:

Бошқарув услубларидаги фарқ ва бу борада тараққиётнинг бор-йўқлиги. Сиёсий ислоҳотни муваффақиятли амалга оширган мамлакатларга Арманистон ва Грузия, бунда муваффақиятсизликка учраганларга эса Озарбойжон мисол сифатида кўрсатилган.

Демографик омил. Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларида аҳоли табиий ўсиш ҳисобига кескин кўпайган. Хусусан, 2018 йилгача Тожикистон аҳолиси 67,1 фоиз, Туркманистон аҳолиси 51,4 фоиз, Ўзбекистон аҳолиси 49,8 фоиз, Озарбойжон аҳолиси 35,8 фоиз, Қирғизистон аҳолиси 32,9 фоиз, Қозоғистон аҳолиси эса 12,6 фоизга ошган.

Ташқи омил. Постсовет маконидаги мамлакатларга Россия ва дунёнинг қолган қисмидаги мамлакатлар билан алоқаларни мувозанатлаш оғир юк бўлмоқда.

Табиий ресурсларнинг мавжудлиги. Бу ҳам иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади. Ресурслар ислоҳотларнинг бошланишида устунлик бериши мумкин, аммо кейинчалик давлат институтлари ривожланиши керак (бунда Озарбойжон мисол қилиб олинган бўлиб, 2000-йилларда нефт нархининг ошиши ҳисобига кескин ривожлана бошлаши ва кейинчалик нархларнинг тушиши фонида иқтисодиётининг турғунлаша бошлаши кўрсатилган).

Қайд этилишича, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари (Қозоғистон нефт хомашёси, Туркманистон табиий газ, Тожикистон алюминий, Қирғизистон электроэнергия ва олтин экспорти) каби Ўзбекистон ҳам хомашё экспортига қарамлигича қолмоқда. Мустақилликнинг кейинги йилларида умумий экспортнинг 42 фоизи пахта хомашёсига тўғри келган бўлса, 2019 йилдаги маълумотларда Ўзбекистон умумий экспортининг 37 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келган.

Мавзуга оид