Лотереяга ютуққа чиққан «Волга»нинг саргузаштлари – СССРдаги энг шов-шувли ҳодиса тарихи
1972 йилда СССРда шов-шувли суд бўлиб ўтади. Унда «Волга» машинаси ютуққа чиққан лотерея чиптаси туфайли бир неча киши қамоқ жазосини олади. Улар олибсотарлик бўйича айбдор, деб топилганди. Ўшанда ютуққа «Волга» машинаси чиққан чипта сўнгги харидорга 45 минг рублга сотилганди.
Барчаси 1971 йилда бошланган. Ўша йили декабр ойида Киевда яшовчи шахс 30 тийинга пул ва буюмлар ўйналадиган лотерея чиптасини сотиб олади. Кўп ўтмай чиптага кўпчиликнинг орзусидаги машина – ГАЗ-24 «Волга» машинаси ютуғи чиқади.
Ўша пайтларда «Волга» машинасининг нархи 9150 рубл бўлган. Бироқ бу машинани ҳатто навбатга туриб ҳам олиб бўлмас, шу учун унинг нархи иккиламчи бозорда 20-30 минг рубл, ҳатто ундан ҳам ошар эди.
Машинасини сотмоқчи бўлганлар унинг устига пул қўшиб, давлат белгилаганидан қиммат нархга сотиши мумкин эмасди. Бу учун жиноий жавобгарлик белгиланган ва улар олибсотар деб жазоланарди.
Бироқ машинасини қимматроққа сотишни мақсад қилганлар жазодан қочиш учун харидор билан келишарди. Сўнг олди-сотди ҳужжатларида машинанинг давлат нархини кўрсатиб, қолган пулни яширинча оларди.
Машина тақчиллигидан ҳукумат ҳам усталик билан фойдаланарди. «Волга» ГАЗ-24 машиналарини лотереяга ютуқ сифатида қўйиб, бундан катта фойда оларди.
Энди ютуққа эга чиққан киевликка келсак, у «Волга» машинасини эмас, унинг қийматини пул кўринишда олишга қарор қилади.
1972 йил январ ойи бошида байрам таътилидан кейинги дастлабки иш кунида киевлик банкка келади ва лотерея чиптасини кўрсатиб машина эмас, унинг пулини олмоқчилигини айтади.
Тартибга кўра банк лотерея чиптасини ютган одамдан олиши, уни экспертизадан ўтказиши ва барчаси жойида бўлса ютуққа чиққан машина қийматини жамғарма кассада очилган ҳисобрақамга ўтказиб бериши керак эди.
Бироқ Киевдаги банкнинг кассири ҳамда унинг назоратчиси негадир тартибга риоя қилишмайди ва лотереядан ютган шахсга «Волга»нинг давлат нархи, 9 150 рублни нақд кўринишда бериб юборишади.
Икковлон янги «Волга» ГАЗ-24 машинаси ўз нархидан анча қиммат туришини билишарди. Улар лотереянинг ютуқли чиптасини танишлардан бирига сотиб, фойдани бўлиб олишни мақсад қилишганди.
Шу учун ҳам лотереянинг ютуқли чиптасини олиб келган одамга тартибларни бир четга суриб нақд пул бериб юборишади.
Банк ходимлари тез орада ютуқли чиптани сотиб, банкдан олинган пулни ҳеч кимга сездирмай ўрнига қўйишни режа қилишганди. Бироқ ишлар тескарисига айланиб кетади.
Тез орада кассир ва унинг ҳамкасби ютуқли чиптани Оганесян фамилияли танишига 11 минг рублга сотади. Кассадан олинган 9150 рублни ўрнига қўйиб, қолган 1850 рублни бўлиб олишади.
Уларнинг ҳар бирига 925 рублдан тегади ва бу сумма бир ишчи-ходимнинг ўртача бир йиллик маошига тенг эди.
Ютуқли чиптани сотиб олган Оганесянга ҳам қиммат машина керак эмасди. У бу ишдан фойда олишни кўзлаганди. Шу сабабли ютуқли чиптани Арманистонга олиб бориб Мурадян деган танишига салмоқли фойда билан сотади.
Лотерея чиптасининг янги соҳиби Мурадян ҳам олибсотар эди. У ГАЗ-24 «Волга» машинаси Ўрта Осиёда жуда қиммат нархланиши ҳақида эшитганди.
У машинани Боку-Красноводск йўналиши бўйлаб паромдан Туркманистонга олиб ўтади. Сўнг ўзига янги «Волга» излаб юрган бой совхоз директорининг дарагини эшитади ва уни излаб топади.
Мурадян ютуқли чиптани совхоз директорига 45 минг рублга пуллашга муваффақ бўлади. Директор пулларни санаб бергач, бориб янги «Волга»ни олади.
Милиция Киевда яшовчи одамнинг лотереясига ютуққа чиққан «Волга» Туркманистонга қай тарзда бориб қолганини қандай аниқлагани маълум эмас. Бироқ чиптафурушларнинг бу иши фош этилади.
Совхоз директори янги «Волга» олгандан кўп ўтмай бу иш ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар эътиборини тортади. Улар совхоз директорини чақириб янги машинани қайси пулларга олганини сўрашади.
Директор «Волга»ни лотереяда ютганини айтади, бироқ органни бунга ишонтира олмайди. Сўроқ давом эттирилади. Шунда директор лотерея чиптасини арманистонлик шахсдан сотиб олганини айтади.
Шундан сўнг милиция арман миллатига мансуб шахснинг ортидан тушади ва Мурадянни ушлайди. Бу ёғи занжир тарзида кетади ва охир-оқибат Оганесян ҳам, Киевдаги банкнинг кассири ҳамда назоратчиси ҳам ушланади.
1972 йилда суд қарори билан банкнинг икки ходими 5 йил, уларнинг таниши Оганесян 6 йил, ютуқли чиптани Туркманистонга олиб бориб пуллаган Мурадян 2,5 йил муддатга қамалади.
Ютуқли чиптани охирида харид қилган совхоз директорининг номи суд ҳужжатларида эсланмайди. Эҳтимол у катта миқдорда пора бериб, жазодан қутулиб қолган.
Орадан 10 йил ўтгач 1982 йилда таниқли режиссёр Леоний Гайдай «Спортлото-82» кинокомедиясини суратга олади.
Филмда воқеалар бошқача кечади. Режиссёр филмни комедия йўналишида суратга олади. Айримлар ўшанда Гайдай 1972 йилда ютуқли лотерея чиптаси билан содир бўлган ҳодисадан таъсирланиб, филмни суратга олган ҳам дейишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
11:39 / 26.12.2024
Ғилай Ленин – СССРда 10 рубллик пулларни сохталаштирган шахс қандай фош бўлганди?
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024