Ўзбекистон | 21:52 / 13.12.2021
80959
3 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирлиги ходимлари қанча маош олмоқда? Шоҳрух Ғиёсов жавоб берди

Самарқандда ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. ОАВ вакиллари, блогер ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан мулоқотда бўлган Ғиёсов матбуот анжуманидан кейин Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

– Матбуот анжумани вақтида ИИВ ходимларининг ўзига хос рейтинги ҳақида гапирдингиз. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

– Рейтинг тизими ходимларни моддий рағбатлантириш учун ишлаб чиқилди. Ходимларга эгаллаб турган лавозимига қараб режа белгиланади. Масалан, ИИВ ахборот хизмати тизимида 79 нафар ходим ишлайди. Уларнинг ой давомида қилган ишлари режага солинади. Берилган режани бажарган мукофотланади, бажармаган эса огоҳлантирилади. Ҳамма ходимнинг қилган иши бўйича тайёрланган шарҳ ҳисобот тариқасида вазирга олиб кирилади. Режани бажарганлар маошининг 50 фоизи миқдоригача устама олиши мумкин. Ҳамма бошқармаларда талаблар турлича.

– Ўзбекистонда охирги йилларда давлат идораларидаги коррупциянинг олдини олиш бўйича кўп гапирилмоқда. Бу борада самарали усуллардан бири давлат хизматчисининг маошини ошириш ҳисобланади. Сиз айтаётган рейтинг тизими ходимларнинг маошига ҳам таъсир қилади. Айтинг-чи, ички ишлар ходимлари ҳозирда қанча маош олишмоқда?

– Ички ишлар органи ходимларининг маоши оширилган. Янги ходим 4 миллион сўмдан кўпроқ ойлик олади. Ходимлар фаолияти давомида қилган ишига қараб 15-20 миллион сўмгача ойлик маош олиши мумкин.

– Ички ишлар тизимидаги ахборот хизматлари ўлим билан тугаган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида тўлиқ маълумот бермаётгандек. Яъни ўлим билан тугаган ҳолатлар ижтимоий тармоқда тарқалиб бўлгачгина расмий маълумот берилмоқда. Аслида сиз учун барча ўлим ҳолатлари ҳақида маълумот бериб, уларни таҳлил қилган тўғри эмасми?

– Албатта, ўлим билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси таҳлил қилинади, бу борада ҳеч қандай ҳодиса эътибордан четда қолмайди. Сиз айтаётган масала ҳолатларни ахборот тариқасида етказиш билан боғлиқ. Ҳа, биз ўлим билан тугаган, қўрқинчли, даҳшатли ҳолатлар ҳақида ахборот тарқатишдан тийиламиз. Ижтимоий тармоқда тарқалгач эса улар ҳақида расмий маълумот беришга мажбурмиз. Аммо юқоридаги каби ҳолатларнинг ҳаммасини беришдан тийилишимиз рост.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид