Жаҳон | 13:10 / 13.12.2021
6815
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик эксперт: «Кейинги йил мартгача 23 миллион афғон очарчиликка дучор бўлиши мумкин»

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, келаси йилнинг ўрталарига бориб Афғонистон аҳолисининг деярли 95 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастга тушиб кетиши мумкин.

Фото: БМТ

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов 10 декабрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар тадқиқот марказлари ва кузатувчиларининг 7-йиғилишида иштирок этди. У Афғонистондаги вазиятни таҳлил қилиб, «Толибон» билан прагматик ва конструктив мулоқот ўрнатиш бўйича ўз ёндашувларини билдирди.

«Афғонистон мамлакат ичидаги барқарорликка тўсқинлик қилувчи, минтақа хавфсизлиги ва ривожланишига таҳдид соладиган бир қатор мураккаб муаммоларга дуч келмоқда.

Менинг фикримча, асосий қийинчилик мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашувидир. Жорий йилда Афғонистон иқтисодиётининг 30-40 фоизга қисқариши кутилмоқда, бу эса келаси йил ўрталарига бориб мамлакат аҳолисининг деярли 95 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастга тушиб кетишига олиб келади. 

2022 йилнинг мартигача 23 миллион афғон очарчиликка дучор бўлиши мумкин. Бу рақамларнинг ўзи мамлакатдаги ҳолат қанчалик аянчлилигидан далолат беради. Афғонистоннинг якка ўзи гуманитар инқироз билан кураша олмайди, мамлакат халқаро ҳамжамият ёрдамига муҳтож. Маълумки, «Толибон» ҳокимиятга келишидан олдин ҳукумат харажатларининг 75 фоизи ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштириб келинган», дейди у.

Неъматовга кўра, молиявий ресурслар етишмаслиги товарлар, айниқса озиқ-овқат ва тиббий буюмлар тақчиллигини кучайтиради. Бу эса аллақачон 30 фоиздан ошган инфляцияни янада тезлаштиради. Нархлар ҳам кўтарилишда давом этмоқда, чунки Афғонистон импортга жуда боғлиқ бўлиб, йил бошидан бери ташқи савдонинг 95 фоизи айнан импорт ҳиссасига тўғри келган.

«Ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашиши ва гуманитар инқирознинг кучайиши жамиятда кескинлик ортишига олиб келади, янги ҳукуматнинг мамлакатдаги хавфсизликни таъминлаш имкониятларига путур етказади. Бу терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик учун имконият яратиб бериши мумкин. Афғонистондаги ҳозирги вазиятнинг ўзиёқ Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдидларни келтириб чиқармоқда», дейди эксперт.

Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, Афғонистонни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик керак. Халқаро ҳамжамият 1990-йилларда «Толибон»ни бойкот қилган, аммо бу иш бермаган.

«Халқаро ҳамжамиятнинг ёндашуви самарасиз бўлди, чунки бу Афғонистон муаммоси кескинлашишига, унинг ҳудудидан келиб чиқадиган таҳдидлар сезиларли даражада ошишига олиб келди. Шу сабаб ўтган хатоларни такрорламаслик, уларнинг қандай ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслик зарур», дейди у.

Экспертнинг қўшимча қилишича, бугун Афғонистонни яккалаб қўйиш сиёсати ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг янада ёмонлашишига, давлатчилик инқирозига, бутун мамлакат бўйлаб тартибсизлик тарқалишига олиб келади. Бу эса фуқаролар урушини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Охир-оқибат вазият қочқинлар оқими, терроризм ва экстремизм таҳдидлари кучайишига олиб келади, буларнинг оқибатларини эса биринчи навбатда қўшни давлатлар ҳис қилади.

Мавзуга оид