Жаҳон | 15:33 / 14.12.2021
21044
12 дақиқада ўқилади

Омикрондан илк ўлим, январда кутилаётган навбатдаги тўлқин. Коронавирус бўйича сўнгги хабарлар

Фото: Михаил Джапаридзе/ТАСС

Британия ҳукумати коронавируснинг янги варианти омикрон ҳаддан ташқари юқори тезликда тарқалаётганини маълум қилди, мамлакат бош вазири янги штамм билан боғлиқ илк ўлим ҳолати ҳақида хабар берди, экспертлар янги вариант нисбатан юқумли экани, аммо касаллик оғир кечмаслигини айтишмоқда, шу билан бирга ҳали хулоса қилишга эрталиги ҳақида огоҳлантиришмоқда. Покистонда омикронга чалинишнинг илк ҳолати аниқланди, Хитойда дельтанинг нисбатан зарарли штамми қайд этилди.

Дунёдаги коронавирус пандемияси бўйича сўнгги маълумотлар.

Британияда омикрондан илк ўлим
Бош вазир Борис Жонсон Британияда омикрон штамми билан касалланган беморларнинг бири вафот этганини маълум қилди.

«Афсуски, омикрон касалхонага ётқизишларни кучайтирмоқда ва афсуски, камида битта беморнинг омикрондан вафот этгани тасдиқланди. Шундай экан, бу вируснинг қандайдир енгил версияси экани ҳақидаги гапларни унутиб, янги вариант катта тезликда тарқалаётганини тан олиш керак» деди у. 

Бунгача дунёда омикрон штаммидан бирорта ўлим ҳолати маълум эмасди.

Борис Жонсон душанба куни Лондондаги эмлаш марказига ташриф буюрди / GETTY IMAGES

Британия ҳукумати январдаги тўлқинда мамлакатда ҳар куни ўртача 200 минг кишида омикрон аниқланишини кутмоқда. Бундай юқори кўрсаткичлар пандемия бошидан буён қайд этилмаган (душанба кунги ҳолатлар сони 54,6 минг атрофида бўлди).

Ҳозирча Британияда омикрон билан зарарланишнинг 4,7 минг ҳолати рўйхатга олинган, аммо бу сон ҳар икки-уч кунда икки баробар ошади. Ҳозирда Лондондаги жами касалланиш ҳолатларининг 44 фоиздан ортиқ қисми омикрон ҳиссасига тўғри келмоқда, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид тез орада мамлакат пойтахтида янги мутация доминионлик қила бошлашини айтди.

Ҳукумат фуқароларга имкон қадар тезроқ бустер доза билан эмланишни таклиф этмоқда, чунки мавжуд маълумотларга кўра, икки доза билангина эмланган одамлар касалликка нисбатан кучсиз ҳимояга эга бўлади.

Бирлашган Қиролликда янги штамм аниқланган 27 ноябрдан буён бош вазир Борис Жонсон чекловларни кучайтирган, якшанба куни у миллатга мурожаатида омикрон туфайли мамлакатда янги тўлқин бошланиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

«Ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак: омикрон тўлқини яқинлашмоқда», дейди у телемурожаатида. У вакцинанинг икки дозаси етарли эмаслиги, бироқ учинчиси коронавируснинг янги вариантига қарши курашда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди ва вояга етган барчага Янги йилга қадар ревакцинациядан ўтишга рухсат берди.

«Энди биз омикрон ҳақида биламиз, у феноменал тезликда тарқалмоқда, биз бунақасини аввал ҳеч қачон кўрмаганмиз, инфекция юқтириш ҳолатлари сони ҳар икки-уч кунда икки баробар кўтарилмоқда», деган соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид Sky News телеканалига берган интервьюсида. Вазир мамлакатда омикронга чалинганларнинг 10 нафари оғирлашиб, шифохонага ётқизилгани, аммо тезда улар орасида илк ўлим рўй берганига эътибор қаратган.

Жума куни эълон қилинган маълумотлар шуни кўрсатдики, омикрон симптоматик кечишининг олдини олиш учун вакцинанинг икки дозаси камлик қилади, фақат учинчи доза ҳимояни 70 фоизга кўтаради. Жавиднинг сўзларига кўра, бу вариант симптомлари енгил кечса-да, унинг юқори тезлик билан тарқалиши, ҳукумат тезкор чоралар кўрмаса, соғлиқни сақлаш соҳаси юкламага дош бера олмай қолишини англатади.

Британиялик олимлар прогнозларига кўра, апрель ойи охирига бориб вакциналар самарадорлигидан қатъи назар, ўлим ҳолатлари 25 мингдан 75 минггача бўлиши мумкин.

GETTY IMAGES

Эҳтимолий сценарийлар қандай кўриниш олган?
Энг оптимистик сценарийга кўра, омикронда иммун тизимини айланиб ўтиш қобилияти паст даражада бўлганда, бустер дозалар юқори самарадорлик кўрсатганда, 1 декабрдан 30 апрелга қадар Англия учун прогноз шундай кўриниш олади:

  • 20,9 млн касалланиш
  • 175 минг бемор шифохонага ётқизилиши
  • 24 700 ўлим

Энг пессимистик сценарийга кўра, янги штамм иммун тизимини муваффақиятли айланиб ўтса ва қўшимча вакцина дозаси самарали бўлмаганда худди шу давр учун Англияда:

  • 34,2 млн касалланиш
  • 492 минг бемор шифохонага ётқизилиши
  • 74 900 ўлим

Шимолий Ирландияда ковид паспорти
Шимолий Ирландияда ковид паспорти энди юридик кучга эга бўлади, меҳмонхоналар ва бошқа дам олиш масканлари бу қоидага риоя этмаса, 10 000 фунтгача жаримага тортилиши мумкин.

Ресторан ёки бошқа кўнгилочар масканларга ташриф буюрувчилар эмлангани, тестнинг манфий натижаси ёки яқинда ковиддан тузалгани тўғрисидаги маълумотни тақдим этиши керак бўлади.

Паспорт 29 ноябрь куни жорий этилганди, аммо дастлабки икки ҳафта мобайнида мажбурий бўлмайди.

Ўтган ойда вазирлар Демократик юнионлар партияси қаршилигига қарамай, мажбурий текширувлар учун овоз беришганди.

Партия аъзоси, Шимолий Ирландиянинг биринчи вазири Пол Гиван ковид паспортлари жорий этилиши инфекция тарқалишининг олдини олишда етарли даражада самарадор эмас деган фикрда.

Аммо бошқа партиялар бу схемани қўллаб-қувватламоқда ва соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бу чора Covid-19 кенг тарқалиши хавфини чеклашда ёрдам беради деб ҳисоблайди.

Шимолий Ирландиядада омикрон билан боғлиқ ҳолатлар ўндан ортган.

Омикрон, афтидан, хавфи камроқ, аммо хулоса қилишга ҳали эрта
Жанубий Африкадан келган дастлабки маълумотлар омикрон варианти аввалроқ пайдо бўлган штаммлар билан солиштирганда у қадар хавфли эмаслигини кўрсатган, деб ҳисоблайди Бёрн университети эпидемиологи, доктор Эмма Ҳодкрофт.

Аммо, унинг сўзларига кўра, хулосалар қилиш учун ҳали эрта. Масалан, Буюк Британия билан таққослаганда Жанубий Африка аҳолиси анча ёшроқ, шунинг учун оғир ҳолатлар ҳам бу мамлакатда камроқ.

Қолаверса, кўплаб жанубий африкаликлар ковидни бошдан кечириб бўлган, шунинг учун уларда касаллик оғир кечиши камроқ кузатилаётган бўлиши мумкин.

Омикрон юқтириб олганларнинг кўпчилигида шифохонага ётқизишни талаб этадиган жиддий симптомлар вақт ўтиб пайдо бўлиши ҳам мумкин.

«Агар омикрон у қадар хавфли бўлиб чиқмаса ҳам, у жуда тез тарқалаётганидан келиб чиқиб, агар Буюк Британияда жуда кўп одам бир вақтда касалланса соғлиқни сақлаш хизмати соҳаси жуда катта зарба остида қолади, соҳа шусиз ҳам дельта варианти туфайли ҳолдан тойган», дейди Ҳодкрофт.

Йоханнесбургдаги Витватерсранд университети профессори, вакцинолог Шабир Мадҳининг ҳисоблашича, янги вариант аввалгиларига қараганда юқумлироқ, аммо ундан ўлим кўрсаткичи юқори бўлмайди.

У ЖАРда омикронга чалиниб, шифохонага ётқизиладиганлар сони эпидемиянинг аввалги босқичларида шифохоналарга ётқизилганлар сонидан камроқ бўлишини тахмин қилади.

«Масалан, кеча 20 минг атрофидаги ҳолат қайд этилиб, Covid-19дан 25 ўлим ҳолати қайд этилди. Дельта авж олганида Жанубий Африкада кунига 20 минг атрофида янги ҳолатлар қайд этилиб, кунлик ўлимлар сони 250дан 300гача бўлганди», деган у BBC учун интервьюсида.

ЖАР президентида коронавируснинг енгил формаси
ЖАР президенти Сирил Рамафосада якшанба куни тест натижаси мусбат чиққач, Covid-19нинг енгил белгилари кузатилмоқда.

Ҳукумат баёнотига кўра, 69 ёшли Рамафоса тиббий бригада назорати остида бўлиб турибди. Ўтган ҳафтада Ғарбий Африкадаги тўрт давлатга сафари давомида бир неча марта тест топширганди.

Рамафоса ўзининг инфекция юқтириб олгани барча фуқаролар учун огоҳлантириш бўлиши лозимлиги ҳамда вакцинация ва ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига эътиборли бўлиш кераклигини айтиб ўтган.

Сўнгги 24 соатда мамлакатда ковидга чалиниш билан боғлиқ 18 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган.

Францияда олтинчи тўлқин
Ҳамон дельта варианти туфайли юзага келган бешинчи тўлқинни енга олмаётган Франция январда омикрон келтириб чиқарадиган навбатдаги тўлқинга рўбару келади. Бу ҳақда Европадаги йирик шифохоналар тизимининг (AP-HP) Париждаги гуруҳи раҳбари Мартин Ҳирш айтиб ўтди.

«Биз ҳозирча омикрон туфайли олтинчи тўлқин бўлиши ҳақида гапирмадик, бу кейинроқ, январда бўлади», деган Ҳирш RTL радиосига берган интервьюсида.

GETTY IMAGES

Дельтанинг янги варианти Хитойга етиб борди
Хитой ҳукумати шарқдаги Жэцзян провинциясида Covid-19 авж олгани ҳақида хабар берди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, янги ҳолатлар дельта штаммининг июль ойида юзага келган AY.4 суб-линияси (дельта+) билан боғлиқ. Маҳаллий расмийлар жамоавий йиғилишларга ва провинциядан ташқарига чиқишга чекловлар жорий этган.

Якшанба куни Синҳуа агентлиги хабар беришича, Жэцзян провинциясида 5 декабрдан 12 декабргача вақт оралиғида касалликнинг қайталаниши фонида бир вирус ташувчи 138 кишини зарарлагани қайд этилган.

Таҳлилларда аниқланишича, провинциянинг учта шаҳридаги ҳолатларни дельта штаммининг суб-линияси AY.4 келтириб чиқарган. Июнь ойида Ҳиндистонда «ҳиндча» штаммнинг янги варианти тарқалганди. Махараштра штатида аниқланган ушбу тур дельта-плюс деб номланди. Дастлаб, бу вариант оригинал дельта вариантидан ҳам зарарлироқ ва ўта юқумли экани, ҳатто унинг ташувчиси ёнидан ниқобсиз ўтиб кетиш ҳам хавфлилиги ҳақида айтишди. Оксфорд университетининг молекуляр ва ҳужайралар биологияси соҳасидаги фан доктори Розелин Лемус-Мартин куз охирида бу вариант бир неча мамлакатларга тарқалди, аммо ҳеч қаерда доминионлик қилолмаганини қайд этди.

Жэцзян провинциясида 64,6 млн киши яшайди. Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия маълумотига кўра, душанба куни мамлакатнинг материкдаги қисмида Covid-19га чалиниш билан боғлиқ 101 ҳолат қайд этилган, шундан 80таси мамлакат ичидагиларда, 21таси хориждан келганларда аниқланган.

Покистонда илк касалланиш ҳолати
Душанба куни Карачидаги Ага Хон университети Покистонда омикрон варианти билан илк касалланиш ҳолати ҳақида хабар берди.

Ҳозирча мамлакатда коронавируснинг ушбу вариантини юқтириб олиш ҳолатлари йўқ. Соғлиқни сақлаш миллий институти ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

Хабар қилишларича, 57 ёшли пациент вакцина қабул қилмаган ва унда коронавирус симптомлари бўлмаган. Соғлиқни сақлаш департаменти маълумотига кўра, айни вақтда омикрон билан боғлиқ янги ҳолатларни аниқлаш учун ушбу беморнинг сўнгги контактлари кузатилмоқда.

Коронавирус пандемияси бўйича бошқа айрим маълумотлар:

  • Норвегияда ҳам коронавирус чекловлари кучайтирилиши ҳақида эълон қилишди, бу ерда ҳам омикрон тез тарқалмоқда, ковидга чалиниб, шифохонага ётқизиш зарур бўлган беморлар сони тез ўсмоқда.
  • АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази мамлакат аҳолисига коронавирус туфайли Италия, Гренландия ва Маврикийга бормасликни тавсия қилди.
  • Калифорния расмийлари ёпиқ бинолар ичида ниқоб тақиш режимини жорий этди. Шукроналик кунидан кейин штатда янги касалланиш ҳолатлари 47 фоизга ўсган ва ҳозирда ҳар 100 минг кишига 14та ҳолат тўғри келмоқда.
  • Латвия пойтахти Рига шаҳрида бир неча минг киши иштирокида пандемиянинг навбатдаги тўлқини фонида жорий этилган чекловларга қарши акция бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг полиция билан тўқнашуви оқибатида тўрт киши қўлга олинди, бир полициячи яраланган.
  • Сўнгги ҳафта мобайнида Англия Премьер-лигасида 42 футболчида коронавирус аниқланди - бу жорий йил январидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Мавзуга оид