Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда мактабларда чиқинди қути ўрнатмаган директорлар жарима қилинмоқда. Бу қанчалик асосли?
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида мактабларга чиқинди қути ўрнатмаган директорлар МЖтКнинг 91(2)-моддаси (Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш) билан жаримага тортилган. Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирув ўтказди.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Деҳқонобод туманида жойлашган мактаб директорларидан бўлди. Улар Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Деҳқонобод туман назорат инспекцияси инспекторлари томонидан чиқинди қути ўрнатилмагани учун бир қанча мактаб директорлари МЖтКнинг 91(2)-моддаси билан жаримага тортилганини маълум қилишган.
Қизиғи, Деҳқонобод туманидан мурожаат бўлган чоғда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси телеграм каналида шу ҳақда пост қўйилди.
«Чиқинди қутиларини ўрнатишни унутманг, акс ҳолда, жаримага тортиласиз.
Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Деҳқонобод туман назорат инспекцияси инспекторлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сонли қарорининг 5-, 8-бандлари ижроси юзасидан тумандаги корхона ва ташкилотлар, Халқ таълими бўлими ва мактаблар, Мактабгача таълим ташкилоти бўлими ва МТТлар, Тиббиёт бирлашмаси бўлими ва ҚВПларда мониторинг кузатуви ўтказилди.
Мониторинг давомида тумандаги 22 та давлат ташкилотларининг кириш-чиқиш жойларида қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштирадиган махсус чиқинди қутилари ўрнатилмаганлиги аниқланди. Чиқинди қутилари ўрнатилмаган барча ташкилотларнинг масъул ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 912-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жарималар қўлланилди», дейилади постда.
Kun.uz ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ХТБ мудири Бахтиёр Юсуповдан изоҳ олди. Унинг айтишича, экология инспекторларининг мактаб директорларини жарима қилиши биринчи ҳолат эмас. 2020 йилда ҳам бир қанча мактабларнинг директорлари жаримага тортилган.
«Мактабларда чиқинди қути ўрнатиш учун халқ таълими бўлими сметасида маблағ ажратиш кўзда тутилмаган. Чиқинди қути арзон нарсамас ва уни экология, ободонлаштириш ёки ҳокимиятдан бири ўрнатиши керак», дейди Бахтиёр Юсупов.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова ҳам мактабларга ўрнатиладиган чиқинди қутилари ҳудудий экология бўлимлари томонидан ўрнатилиши лозимлигини билдирди.
Деҳқонобод тумани экология бўлими Ўктам Жўллиев эса бошқача фикрда.
«Деҳқонобод туман ХТБга жорий йил баҳорда мактаблар ҳудудида чиқинди қутиларини ўрнатиш ва туман «Тоза ҳудуд» ДУК билан шартнома тузиб мактаблардан чиқарилаётган турли чиқиндиларни ўз вақтида чиқариш чораларини кўриш учун хат чиқарганмиз. Туман ХТБ хатимизни эътиборсиз қолдирди. Мактабларга қиммат чиқинди контейнер ўрнатиш шартмас. Кичик чиқинди қутилари ўрнатилса ҳам бўлади. Уни туман ХТБга ажратилган пулларга сотиб олса ҳам бўлади», деди у.
Унинг қўшимча қилишича туман экология бўлимига адлия бўлими томонидан чиқинди қутилари ўрнатилмаган мактаблар мутасаддиларини маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида таклиф хати чиқарилган ва улар шу хат асосида текшириш олиб боришган.
Ўктам Жўллиев чиқинди қути ўрнатилмаган мактаб директорларига ҳали жарима қўлланмагани, аниқланган ҳолатлар туман Адлия бўлимига юборилганини айтди. Вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати у тақдим этган маълумотларни бошқарманинг телеграм каналига нотўғри чиқариб юборган.
Туман ХТБ мудири Бахтиёр Юсупов мактаблар жаримага тортилганини ва бу биринчи марта эмаслигини билдирди. Маълум бўлишича, туман экология ходимлари томонидан 2020 йилда ҳам бир қанча мактабларнинг директорлари асоссиз жаримага тортилган. Уларнинг рўйхати ва тўланган жарималарнинг ҳисоб-китоб қоғозлари туман ХТБ бухгалтериясида сақланмоқда.
«Туман экология бўлимидан бизга хат чиқарилгани тўғри. Ўша хат бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан тумандаги 100 га яқин мактабдан 24 тасидан чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича «Тоза ҳудуд» ДУК билан шартнома қилинган. Узоқ тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларга чиқинди олиб чиқиб кетадиган машиналар бора олмайди. Шу сабабли «Тоза ҳудуд» ДУК билан қилинган шартномага улар киритилмаган. Биз шартнома қилинган мактаблардан чиқиндини олиб кетишгани учун пул тўлаяпмиз. Аммо чиқинди қути ўрнатиш бизнинг ишимиз эмас», дейди Б.Юсупов.




Kun.uz мазкур масала юзасидан тегишли ташкилотлардан асосли муносабат кутиб қолади.
Kun.uz мухбири Ғайрат Йўлдош