Иқтисодиёт | 19:00 / 17.12.2021
21802
3 дақиқада ўқилади

“Ўзгаринг, йўқса ўласиз” — Бизнес консультант Акмал Насриддинов компаниянинг ўз вақтида трансформация қилинмаслик оқибатлари ҳақида

Ҳар бир компаниянинг савдо бўлими структуранинг энг муҳим бўғини саналади. Шу сабаб “Трансформация” кўрсатувининг бу галги сонида трансформация жараёнида савдо тизими, савдони бошқариш қандай бўлиши кераклиги хусусида савдо бўйича консультант ва бизнес-тренер Акмал Насриддинов билан суҳбат ташкил қилдик. Marketbridge ва Marketbridge Events асосчиси бўлган Акмал Насриддинов 2012 йилдан бери Ўзбекистон корхоналарига савдони ошириш ва тизимлаштириш бўйича ёрдам бериб келади.

— Бугунги кунда Ўзбекистон корхона ва фирмаларида трансформацияга муҳтожлик сабаби нимада?

— Трансформациянинг таърифида айтиладики, бирон-бир нарсани, унинг хусусиятлари, структураси ва баъзида шаклининг тубдан ўзгаришига трансформация дейилади. Яъни бирор жараёнга жиддий ўзгартириш киритиш трансформацияга олиб келади. Корхона ва компаниялар кўпайиб рақобат ошиши қувонарли албатта, чунки бозор очилди дегани ҳам ички, ҳам ташқи бозорда маҳсулотларингиз билан кириб бориб, у ерда ўрин эгаллаш мумкин деганидир.

Шу билан биргаликда бу қандайдир бир таҳдидларни ҳам пайдо қилади. Бу таҳдидлар компанияни трансформация қилишни талаб этади. Компания ёпилиб кетишни истамаса, доим ўзгариб ривожлантириб турилиши керак. Бизнес доираларда шундай нақл ҳам пайдо бўлган: “Ёки ўзгаринг, ёки ўласиз”. Шунинг учун корхоналар ўзгаришга мажбур бўлади.

Яна шуни ёдда тутиш керакки, трансформация эволюцион, яъни тадрижий эмас, балки революцион тарзда амалга оширилади.

Мен сизга бир неча мисоллар келтираман. Бундан ўн йиллар муқаддам жудаям ривожланган соҳа бўлган таксопарклар бугунга келиб ўз аҳамиятини йўқотди, унинг ўрнига Yandeks, Mytaxi каби компаниялар уларни ўзида бирлаштириб юборди. Ёки бошқа мисол, ҳозир ҳеч ким халқаро қўнғироқларни бирор сўзлашув пунктларида амалга оширмайди, унинг ўрнига мобил телефон, қолаверса, ривожланган ижтимоий тармоқлар орқали суҳбат қилинади. Бирор компания ёки соҳанинг ўлимига олиб келмаслиги учун трансформацияга ҳаракат қилиш лозим бўлади. Трансформация компанияни бутунлай, шаклан ўзгартириб юбориши ҳам мумкин. Юқоридаги икки мисолда айнан вақтида трансформация қилмаслик икки соҳанинг “ўлими”га олиб келганини кўриш мумкин.

Суҳбат давомида, шунингдек тажрибали консультант Акмал Насриддиновнинг компаниялар учун ўзгаришларнинг муваффақиятлари ҳамда таҳдидлари, ривожланган компанияларда ҳам учраб турадиган хавфли хатолар ва бошқа кўпгина қизиқарли мавзуларда фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилинг.

Кўрсатув ҳомийси: IDEA

Кўрсатув муаллифи ва бошловчи – Аббос Ризкиев.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид