19:11 / 17.12.2021
24101

Тўққиз ёшдан жиноий жавобгарлик: йил бошидан бери Эронда камида 15 аёл қатл этилган

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, жорий йилда Эронда 15 нафар аёл ўлим жазосига ҳукм қилинган ва қатл ижро этилган. Уларнинг кўпчилиги ўзига нисбатан зўравонлик қилган эрини ўлдиришда айбланган.

 Ҳуқуқ ҳимоячилари Эрондаги суд тизимини аёлларга нисбатан дискриминацион деб ҳисоблашади

Эронда амалда бўлган «қасос қонуни»га кўра, қотилликдан кейин қурбоннинг оиласи қотилни кечирмаса ёки ундан товон пулини қабул қилмаса, яна бир ҳаётни олиш кераклигини англатади. Амалиётда эса бу оиладаги зўравонлик каби юмшатувчи ҳолатлар суд томонидан эътиборга олинмаслигини англатади.

Эронда ўлим жазоси қўлланишини кузатувчи, Ослода жойлашган Iran Human Rights нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, ўз эрини ўлдиргани учун 27 октябрда дорга осилган Сьюзан Резайпурнинг турмуш ўртоғи унинг тоғаваччаси ҳам бўлган.

Аёл олти йил қамоқда ўтирди ва қурбоннинг яқин қариндошлари, жумладан, аёлнинг она томонидан тоғаси уни кечиришга рози бўлмагани учун қатл этилди.

Судда Сьюзан Резайпур қотиллик содир этилган куни эри қаттиқ маст ҳолатида бўлгани, уни чидаб бўлмас даражада калтаклаганини айтган.

«Ўзимни ҳимоя қилмоқчи бўлдим»

«Қатл этилган аёллар сонининг ўсиши жиддий хавотир уйғотади», дейди Iran Human Rights директори Маҳмуд Амирий Могҳаддам.

Ташкилот маълумотларига кўра, фақат шу йилнинг ўзида камида 15 нафар, 2010 йилдан бери эса камида 170 нафар аёл қатл этилган.

Эронда турмуш ўртоғи ёки шеригини ўлдириш жиноят ҳолатлари ҳисобга олинмасдан, автоматик тарзда ўлим жазосини англатади

Маҳмуд Амирий Могҳаддамнинг айтишича, «кесас» халқаро ҳуқуққа мос келмайди, чунки суд қотил оиласи кўрсатмаларини ҳисобга олиши керак бўлса-да, жазо тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқини қурбоннинг оиласига беради.

Энг шов-шувли ишлардан бири 26 ёшли Райҳона Жабборийнинг қатл этилиши бўлган. Қиз ўзини зўрлашга уринган собиқ разведка ходимини ўлдиришда айбланган. У 2014 йил октябрь ойида дорга осилган.

Райҳона Жабборий айбловга иқрор бўлиш учун қийноққа солинганини айтган. Жабрланувчининг оиласи агар у ўзини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилгани тўғрисидаги гапларидан воз кечмаса, ўлиши кераклигини таъкидлаган.

«Эронда аёлларнинг қатл этилиши сабабларини тушуниш учун айнан партиархат ва дискриминация муҳим аҳамиятга эга. Ахир уларнинг кўпчилиги ўзларини зўрлаш ва калтаклашдан ҳимоя қилишган», дейди Париждаги «Биргаликда ўлим жазосига қарши» нодавлат ташкилоти вакили Жулия Бурбон Фернандес.

«Энг заифлар»

Фаолларнинг сўзларига кўра, қотилликда айбланган аёлларнинг кўпчилиги Эрон жамиятининг энг четда қолган қатламлари орасида ўсган ва яшаган.

«Улар кўпинча жуда камбағал, ўқимаган, ўз оилалари эса улардан воз кечишга тайёр», дейди Вашингтондаги Абдураҳмон Боруманд маркази таъсисчиларидан бири Ройя Боруманд.

Марказ маълумотларига кўра, қотиллик учун аёлларнинг қатл этилиши аксар ҳолларда оиладаги зўравонлик, эрта никоҳ, ажралиш вақтидаги низолар билан боғлиқ. Иккинчи сабаб – наркотик моддалар билан боғлиқ айбловлар.

Эрон зиёлилари мамлакатда ўлим жазоси бекор қилиниши тарафдори. Бироқ Эрон қатл этилганлар сони бўйича ҳозирча Хитойдан кейин иккинчи ўринда турибди

Ҳуқуқ ҳимоячилари 2017 йилда наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазо юмшатилгач, қатллар сони камайганини айтишмоқда. Бироқ 2017 йилда статистика яна ўса бошлади: наркотик билан боғлиқ ишлар бўйича юз нафарга яқин, хусусан, аёллар ҳам қатл этилган.

Наркотик моддалар савдосида айбланиб, яқинда қатл этилганлар орасида 41 ёшли Мириам Хакпур ҳам бор. Уни 2021 йилнинг 25 ноябрь куни дорга осишган. Аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам судланган, лекин қатл этилмаган, қамоқ жазоси берилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Эрон суд тизими аёлларни камситади: масалан, жиноий жавобгарликка тортиш ёши қизлар учун 9 ёш, ўғил болалар учун эса 15 ёш этиб белгиланган. Аёллар кўрсатмалари эркакларнинг сўзларига қараганда камроқ ҳуқуқий аҳамиятга эга.

«Ўлим жазоси - йўқ»

Ҳозир қатл этилганлар сони бўйича Эрон фақат Хитойдан кейинги иккинчи ўринда. «Биргаликда ўлим жазосига қарши» ташкилоти вакили Жулия Бурбон Фернандес хавотирли статистикага қарши шуни қайд этадики, ҳозирда Эрон жамиятида ўлим жазоси бекор қилинишига қарши фаол ҳаракат кузатиляпти.

Бу эронлик режиссёрлар суратга олган фильмларда ҳам ўз аксини топмоқда: хусусан, Фернандес Муҳаммад Расулов муаллифлигидаги «Бу ерда ёвузлик йўқ» фильмини мисол тариқасида келтиради. Унда Эрондаги тўртта ўлим жазоси тўғрисида ҳикоя қилинади. Фильм 70-Берлин кинофестивалида «Олтин айиқ»ни қўлга киритди.

Бундан ташқари, Эрон зиёлилари вакиллари ижтимоий тармоқларда ўлим жазоси тўғрисидаги қонунни назарда тутган ҳолда, «Бажарманг» ҳэштегини йўлга қўйди. Мазкур кампания нафақат Эрон ичкарисида, балки мамлакат ташқарисида ҳам кенг тарқалди.

«Статистикага қарамай, жамият ўлим жазосини қўллаб-қувватламайди, бу эса расмийлар позициясига кескин зиддир», - дея ҳисоблайди Фернандес.

Top