Жамият | 10:56 / 26.12.2021
2381
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Хоразмда бўлди

Делегация 2022 йилда ўтказилиши режалаштирилган «Дўстлик-2022» ўзбек-ҳинд ўқув-машғулотларини мувофиқлаштириш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг «Янгиариқ» умумқўшин полигонига келди.

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси полковник Нипун Ананд ҳамда Ҳиндистон қуролли кучлари бирлашган штаби вакиллари полковник Ракеш Шарма ва майор Мудассар Жавиад Вани таркибидаги делегация вакиллари келгуси йилда режалаштирилаётган ўзбек-ҳинд ўқув-машғулотларини ўтказиш ҳамда Ҳиндистон ҳарбий контингентининг мамлакатимизга келиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама этишди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги иштирок этган мазкур учрашувда икки мамлакат вакилларининг қўшимча таклифлари эътиборга олиниб, икки давлат ҳарбийлари иштирокида спорт ва маданий тадбирларни ҳам ташкил этиш бўйича тавсиялар режага киритилди.

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати
Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Шундан кейин меҳмонлар «Янгиариқ» умумқўшин полигонидаги шароитлар, ижтимоий ва жанговар тайёргарлик объектлари, ўқув марказининг имкониятлари ҳамда режалаштирилган ҳамкорлик машғулотларини олиб бориш ҳудуди билан яқиндан танишдилар. 

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Навбатдаги ўзбек-ҳинд ҳарбий ўқув-машғулотлари тарихдаги учинчиси бўлиб, 2019 йилда «Дўстлик–2019» тактик ўқув-машғулотлари Ўзбекистонда, 2021 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинциясида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида ўтказилган эди.

Мавзуга оид