Ўзбекистон | 12:26 / 27.12.2021
15898
13 дақиқада ўқилади

Эътиборсизлик товони: Ичимлик суви истеъмолчилари гарданига тўлаб бўлмайдиган суммалар юкланмоқда

Шаҳарларда жўмрак буралса бас, кранлардан зилол сув оқиб турибди. Шу сабаб айримлар унинг қадрига етмаётгани ҳам рост. Айримлар эса, эътиборсизлик сабаб сувсозларнинг миллионлаб сўмлик жарималарига гирифтор бўлмоқда.

Ўзбекистонда ичимлик суви 65 фоизи ерости ва 35 фоизи ерусти сув манбаларидан етказиб берилади. Сувни марказлашган тизимлар орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли қилиб етказиш бериш кўп машаққат, меҳнат ва харажат талаб этади. Шунинг учун сув учун тўловни ҳам ўз вақтида тўлаб боришни унутмаслик керак.

Тўлов ўз йўлига. Сув ҳисоблагич асбобларнинг ҳам рисоладагидек ишлашини назорат қилиш истеъмолчилар гарданида. Ўз вақтида текширувдан ўтказилмаган ва нотўғри ишлаётган ҳисоблагичлар ҳам катта жарималарга сабаб бўлиши мумкин экан.

Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида ичимлик суви ва оқова хизматлари ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволарнинг судларга берилиши ортиб бораётгани, истеъмолчилар томонидан марказлашган сув ва канализация тармоқларига уланиш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда.

Масалан, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида тузилган далолатномаларга асосан ичимлик суви ва оқова хизмати ҳақини ундириш борасида жами 208 та даъво аризалар киритилган.

Иқтисодий судлар томонидан 180 та иш кўриб ҳал этилган ва 142 та даъво аризаси қаноатлантирилиб, истеъмолчилардан «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ фойдасига 5 млрд 731 млн сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

Судларда кўриб чиқилган шу тоифадаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчилар асосан қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйишган:

  • марказлашган ичимлик суви ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш;
  • улардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш;
  • сув ўлчагич асбобларидаги тамғаларнинг сақланмаганлиги;
  • сув ўлчагич асбобларини ўз вақтида қиёслов кўригидан ўтказиш чораларини кўрмаганлиги;
  • тамғаланмаган сув ўлчагич асбобларидан фойдаланганлиги.

Ҳисоблагичи рўйхатдан ўтмаган боғчага 200 млн сўм жарима

Самарқанд шаҳридаги 107-сон боғча марказлаштирилган сув таъминоти тизимига D=32 мм пластмасса қувур орқали уланганлиги маълум бўлган. Текшириш кунигача ташкилот сув ўлчагич асбобини рўйхатдан ўтказмасдан ўзбошимчалик билан фаолият кўрсатиб келган. «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ судга даъво аризаси киритиб, жавобгардан қоидабузилиш учун ҳисобланган сув сарфи учун 179 млн 816 минг сўм, оқова хизмати учун 144 млн 294 минг сўм жами, 324 111 минг сўм ундиришни сўраган.

Суд жавобгарнинг узоқ вақт мобайнида сув ўлчагич асбобини қайта рўйхатга қўймасдан фаолият юритганлигини сувдан ноқонуний фойдаланиш деб баҳолаб, даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига жами 207 млн 678 минг сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Ўринли савол туғилади: Боғча қувурга сув ўлчагич ўрнатган, лекин уни рўйхатдан ўтказмабди. Шунинг учун даъвогар 324 млн 111 минг сўм ундиришни сўраган. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарорида шундай тартиб белгиланган.

Суд жавобгарга имкон қадар қонуний ёрдам қиляпти ва ундирув суммаси камайтирилиб, 207 млн 678 минг сўм қилиб белгиланмоқда. Аммо, бу сумма битта болалар боғчаси учун кўплик қилмайдими? Ҳолбуки, республикамизда деярли йўқолиб кетаёзган мактабгача таълим тизимини жонлантиришга киришилган бир пайтда. Қолаверса, бу пулни ким тўлайди, давлат бюджетими ё болажонларнинг ота-оналарими?

 

Етти асрга етгулик сув тўлови

Иккинчи мисол. Самарқанд туманидаги «M.S.S» МЧЖ чакана савдо билан шуғулланади. Дўкон эса ижарага олинган. Дўконда қўл ювиш учун битта водопровод крани ва раковина мавжуд. Сувдан фақат маиший мақсадда фойдаланилади.

Жамият раҳбарларини Тайлоқ туманлараро судига чақиришди. «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ улардан 84 млн 89 минг сўм ундиришни сўраб, Тайлоқ туманлараро судига мурожаат қилибди.

Суд жараёнида маълум қилинишича, 2020 йил 6 февраль куни «Сувоқова» ДУК ходимлари томонидан дўконда текшириш ўтказилиб, сув ўлчагич асбоби ишламаётганлиги аниқланган ва далолатнома тузилган. Унга кўра дўконда сув ҳисоблагич ўрнатилган сана 2017 йил 7 июндан текшириш ўтказилган кунгача бўлган даврда сув ҳисобсиз ишлатилган деб, ҳукуматнинг 2014 йил 194-сонли қарори 2-иловасидаги қоидаларга кўра, 84 млн 89 минг сўм зарар етказилган, деган хулосага келинган.

Тадбиркор бундан бехабар. Унда ҳаттоки далолатнома нусхаси ҳам йўқ. Чунки далолатнома тузилганлигини билганида камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиб, ишни судга етказмай ҳал қилган бўлар эди. Чунки тадбиркор 2019 йил январь ойигача ўз вақтида ҳисобот топшириб, тўловларни амалга ошириб келган. Ҳужжатлари бор. Даъвогар эса ҳисоблашни 2017 йил 7 июндан бошлаб турибди.

Мана шу жўмракдан 3 йилда 84 млн сўмлик сув оқиб кетган эмиш.

Бунинг устига «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ 2021 йил 4 февралда талабнома билан мурожаат қилиб, тадбиркордан 84 млн 89 минг сўм қарздорликни тўлашни сўраб мурожаат қилганмиз, лекин жавобгар тўлаш чорасини кўрмади, деб турибди.

Тўғри, даъвогар бу талабномани чиқариб, имзо муҳр қўйиб ўз ҳужжатларига ўз вақтида тикиб қўйгандир. Лекин тадбиркор бу талабномадан ҳам бехабар. Бу талабнома унга етиб келганда, у зудлик билан «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖга югуриб бориб масалага ойдинлик киритар эди.

Чунки, ундириш сўралаётган рақам оддий эмас, даҳшатга туширадиган сумма! Ахир 84 млн сўм 24 минг метр куб сувнинг пули бўлади, ваҳоланки дўкон бир йил давомида бор-йўғи 30 куб метр сув ишлатган.

Бунча сувни ишлатиш учун 668 йил керак бўлади. Бошқача айтганда, сув ҳисоблагич асбоби бузилганлиги учун дўкондан салкам етти асрга етгулик сувнинг пулини тўлаш талаб қилинмоқда.

Ҳужжатларда қувур 20 мм эканлиги кўрсатилган ва шу асосда ҳисоб-китоб қилинган. Шу фактнинг ўзи ҳам назоратчилар далолатномани савдо дўконида тузмаганини англатади. Тадбиркор қувур диаметри 15 мм эканини маълум қилгач, даъвогар қайта ҳисоб-китоб қилиб, суммани 64,5 млн сўмгача қайта ҳисоблайди ва суд шуни инобатга олди.

Бу факт ҳам ҳукуматнинг 2014 йилги 194-сонли қарори унинг иловасидаги қоидалар бирёқлама ва ўта кескин тарзда ёзилганига ишора қиляпти. Энди тадбиркор Олий судга шикоят ёзиб, катта умидлар билан кўз тикиб турибди.

Тадбиркор қоидабузарлик содир бўлганини тан олиб турибди. Ҳеч бўлмаса даъвогар охирги ҳисобот топширилган 2019 йил январдан текшириш ўтказилган 2020 йил 6 февралгача бўлган муддат учун ҳисобласин, дея илтижо қиляпти. Уни эшитадиган одам йўқ.

Тадбиркор сув учун 64,5 миллион сўм тўлайдиган бўлса қарзга ботиб, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади. Бир тадбиркорлик субъекти тугатилиб, 4–5 киши ишсиз қолади.

Ҳатто жиноий жазолар либераллаштирилиб, етказилган зарарни қоплаган, айбига иқрор бўлган, қилмишига пушаймон бўлиб кечирим сўраган, қатъий тузалиш йўлига ўтган жиноятчиларнинг жазоси енгиллаштириляпти. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар белгиланмоқда, қамоқдагилар озод қилиняпти, лекин сув ишлатиш қоидасини бироз бузганлар қаттиқ жазоланяпти, улар хонавайрон бўляпти.

Йўқса, 15 мм.лик қувур улаган, ойига ўртача 3 куб метр сув ишлатадиган, бир йилда ичимлик сув учун 51 120 сўм тўлаб келаётган тадбиркорнинг бўйнига ҳар замонда қўл ювгани учун 64,5 млн сўм илиб қўйиш адолатданми?

3 ойнинг бадали

Қашқадарё вилоят иқтисодий судининг апелляция судлов ҳайъатида кўрилган ишга эътибор қаратинг.

Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи «OFSET FAYZ» МЧЖ билан «QASHQADARYO SUV TA’MINOTI» МЧЖ ўртасида 2021 йил 4 январда сувдан фойдаланиш хусусида шартнома тузилган. Тадбиркор ҳисоблагич ўрнатиб, уни муҳрлаш учун давлат хизматлари марказига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилган. Бироқ, метролог ходимларнинг иши кўплиги сабабли мурожаат ўз вақтида (суд ҳужжатида шундай ёзилган) ўрганиб чиқилиб, жавоб берилмаган.

Орадан 3 ой ўтиб, 23 март куни «QASHQADARYO SUV TA’MINOTI» МЧЖ ходимлари келиб текшириш ўтказган ва диаметри 20 мм ичимлик сув қувуридан сув ўлчагич асбоби стандарт муҳри мавжудлиги, аммо сув қудуғи санитария ҳолатига жавоб бермаслиги ва сув ўлчагич асбоби сув таъминоти бўлимининг назорат муҳри йўқлигини аниқлаб, 8,375 млн сўм зарар ҳисоблаган ва далолатнома тузган.

Иш судгача борган. Биринчи инстанция суди «QASHQADARYO SUV TA’MINOTI» МЧЖ даъвосини қаноатлантириб, тадбиркордан 8,375 млн сўм зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган. Тадбиркор вилоят судига апелляция шикояти ёзгач, Қашқадарё вилоят судида адолат қарор топиб, зарарни ундириш рад этилди.

Стандарт муҳри мавжуд бўлган сув ўлчагич асбобига назорат муҳри урдириш учун мурожаат қилиб, ўз вақтида жавоб ололмаган тадбиркор 3 ойгина сув ишлатиб, сувсозларга 8,375 млн сўм зарар етказгани қайси қолипга сиғади?

Ундириладиган зарар улкан, аммо сувсозлар норози

«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, «Дарғом» давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси ичимлик сув тармоғига D=32 мм.ли пластмасса қувур орқали уланиб, сув ўлчагич асбобини рўйхатга қўймасдан фаолият кўрсатиб келаётганлиги учун 371,5 млн сўм ундиришни сўраган.

МЧЖ ва «Дарғом» давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси ўртасида 2020 йил 11 июнь куни шартнома тузилган, сўнгра D=20 мм қувур орқали уланиб, ЛК-20 сув ўлчагич асбоби ўрнатилган.

2021 йил 6 январь куни «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ходими томонидан текшириш ўтказилганда, сув ўлчагич асбоби қиёслаш кўригидан ўтказилмаган ҳамда пломбаланмагани аниқланган. Камчиликлар корхона томонидан 2021 йил 11 январь куни «Ягона интерактив давлат хизматлари портали»га мурожаат қилиш орқали тегишли тартибда бартараф этилган.

Бироқ, даъвогар ҳукуматнинг 2014 йил 194-сонли қарори 2-иловасидаги қоида талабларига мувофиқ, истеъмолчи сув ўлчагич асбобини ўз вақтида давлат қиёслаш кўригидан ўтказиб, давлат рўйхатига қўймасдан (пломбаламасдан) фойдаланиб келгани учун унга нисбатан фойдаланилган сув миқдорини қувур кесими бўйича сув ўлчагич асбобини пломбалаш учун ариза берилган кунгача бўлган 3 йиллик давр ҳисобга олиниб, 371,5 млн сўм зарар етказган, деб ҳисобланган.

Энди эътибор беринг: ташкилот бу манзилга келганига 6 ой бўлган. Шартнома тузилганига ҳам 6 ой бўлган. Сув ўлчагич асбоби ўрнатилган. Фақат кўрикдан ўтказилмаганлиги ва пломбаланмаганлиги учун шунча зарар етказилган экан. Бунинг устига корхона унча катта ҳам эмас, жами 33 киши ишлайди.

Суд ҳар бир ҳолатга одилона баҳо бериб, 63,44 млн сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Ушбу вазиятда эътиборсизликка йўл қўйган ташкилотни ҳам оппоқ, дея олмаймиз. Улар ҳам ўз қоидабузарлиги учун жазога рози, фақат жазо ёки жарима қилмишга яраша бўлса-да. Суд ҳам қонун доирасидан чиқолмайди, чунки ҳукуматнинг 194-сонли қарори талаблари амалда.

Қизиғи шундаки, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ суднинг бу қароридан норози бўлиб, Олий судга кассация шикояти ёзган.

* * *

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Бу фикрлар билан қай бир ташкилотни оқ, бошқасини қора, дейишдан йироқмиз. Чунки, истеъмолчилар ҳам бутунлай айбсиз эмас. Асос борки, судларга даъво аризаси киритилмоқда. Сувсозлар ҳам талаб даражасида ишлаётган истеъмолчиларга бирор эътироз билдираётгани йўқ ва ўзаро ҳамкорликда ишламоқда. Судлар ҳам адолат нуқтайи назаридан хулоса қилишга ҳаракат қиляпти, аммо амалдаги меъёрий ҳужжатлардан четга чиқиб бўлмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори қабул қилинган чоғда, эҳтимол кескин чоралар қўллашга эҳтиёж бўлгандир. Замон ва жамият ўзгаришига қараб кодекслар, қонунлар, ҳатто Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритилаётган бир пайтда ҳукуматнинг мазкур қарори қайта кўриб чиқилиши, либераллаштирилиши керак.

Айтмоқчи бўлганимиз: жазо ҳам, жарима ҳам, хуллас, ҳар қандай таъсир чораси қилмишга яраша бўлиши керак. Шундагина у чинакам тарбиявий аҳамиятга эга бўлади.

Садриддин НАБИЕВ,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Мавзуга оид