Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги раиси билан интервью уюштирди.
— Муфтийлик вазифасига киришар экансиз, олдингизда қандай вазифалар турибди, деб ҳисоблайсиз? Мусулмонлар бугун сиздан нималарни кутишга ҳақли ёки аксинча?
— Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловату саломларимиз бўлсин. Гўзал бир диёр ва ажиб бир қавм ичида, мўмин-мусулмонлар билан ишлашни, уларга хизмат қилишни насиб қилиб турибди.
Муфтийлик – жуда оғир ва масъулиятли вазифа. Бошқа вазифалардан фарқли, уни ҳеч ким ўзи хоҳлаб қабул қилолмайди. Бу, энг аввало, Аллоҳнинг инояти ва биздаги уламолар кенгашининг эътирофи, қарори билан қабул қилинади.
Тўғрисини айтаман, бу вазифани менга ишонишларини кутмаган эдим. Чунки унга мендан кўра ҳақлилар, мендан кўра муносиблар бор деб ўйлагандим. Аллоҳнинг тақдири экан.

Муфтийликни қабул қилиб олар эканман, Аллоҳдан уни бажаришда мададкор бўлишини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган шариат мезонларининг вориси ўлароқ уни халқимизга чиройли тарзда етказувчи қилишини сўрадим.
Ҳар бир киши янги ишга киришаётганда олдига мақсадлар қўйгани каби, муфтийликка киришаётганда ҳам олдимга мақсадлар қўйдим. Биринчи мақсадим – бугунги Ўзбекистонда ҳамма соҳада бўлаётгани каби Диний идорада ҳам ислоҳотлар қилсак. Қолаверса, кўпчилик мусулмонлар анчадан бери кутиб турган кўплаб масалалар ҳам бор.
Агар эътибор берсак, охирги йилларда дин йўналишидаги ислоҳотлар бизнинг кўп йиллик орзуларимиз эди. Бундан фойдаланишимиз керак.
Мен уламолар кенгашининг ишончи ва халқимиз қўяётган вазифаларни оқлаш, бажариш учун бор билим, салоҳият ва имкониятимни ишга соламан. Аллоҳ ўзи муяссар қилсин.
— Муфтийликка сайланар экансиз, бу борада жамоатчиликнинг турли фикр ва баъзан танқидларини ҳам кўрдик. Қандай қарайсиз мана шундай танқидларга?

— Динимизда ҳар бир гапни асос билан гапириш буюрилади. Шу ўринда аввалги муфтийимиз Усмонхон Алимов домлани эслаб ўтсак. Халқимиз, бутун тизим у кишига ўрганиб қолганди. Лекин Аллоҳнинг тақдири экан, ҳазрат оламдан ўтди. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.








