Жамият | 15:06 / 29.12.2021
21848
7 дақиқада ўқилади

Фото: 2021 йилда қурилган энг яхши архитектура дурдоналари

Коронавирус пандемияси давом этаётганига қарамай, 2021 йилда кўплаб қурилиш лойиҳалари битказилди. Масалан, Швецияда ёғочдан ишланган энг баланд минора, Хитойда эса энг катта астрономия музейи қад кўтарди. Уларнинг бари нафақат ҳажми, балки ташқи кўриниши ва қурилиш услуби билан кишини ҳайратга солади.

2021 йилда дунёдаги энг йирик ёғочли минора қуриб битказилди

АҚШнинг Техас штатида қисман 3D принтерида босиб чиқарилган турар жой бинолари сотувга қўйилди. Ғайриоддий биноларнинг энг кўпи Европада қурилди, улар жами 5та. Ундан кейинги ўринда эса 2та ана шундай бино барпо этилган Хитой. АҚШ, Қатар ва Вьетнам ундан кейинги ўринларни эгаллаган. Келинг, ўтаётган йилда қурилган энг қизиқарли архитектура лойиҳалари қандай кўринишда экани ва ўзига хос жиҳатлари билан танишиб чиқсак.

Сара Културхус маркази, Швеция

White Arkitekter архитектура фирмаси ниҳоят дунёдаги энг баланд ёғоч бинони қуриб битказди. У Швециянинг Шеллефтео шаҳри ҳудудида жойлашган ва Сара Культурхус маркази деб номланган. Мазкур улкан иншоотда театр, музей, бадиий галерея, жамоат кутубхонаси, конференция маркази ва меҳмонхона бирлаштирилган.

Сара Культурхус марказининг узоқдан кўриниши

Минора баландлиги 75 метрни ташкил этади. Ташқи томондан энергия самарадор иситиш ва совитишни таъминлайдиган тизим ўрнатилган. Маданий марказнинг айрим қисмлари қуёш панеллари ёрдамида энергия билан таъминланади. Бинони қуришда пластикдан минимал даражада фойдаланилган. Энергиянинг бир қисми эса экологик тоза манбалардан олинади. Бу эса келажакдаги атроф-муҳит учун хавфсиз иншоотлар намунасидир. 

Сара Культурхус марказининг ички қисми

Польша қишлоқлари шаҳидлар мақбараси, Польша

2021 йил июлда Польшанинг Михнюв қишлоғида ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. У 1941 йилдан 1944 йилгача нацистлар қўлида ҳалок бўлган Польша қишлоқлари аҳолисига бағишланган. Мазкур архитектура объекти қайта тикланган ўн битта қишлоқ уйларини ўзида жамлаган. Иншоотлар ичида уруш йилларига оид ҳужжатлар, суратлар ва бошқа буюмлар мавжуд. Лойиҳа Nizio Design International дизайнерлик студияси томонидан яратилган.

Михнювдаги Польша қишлоқлари шаҳидлар мақбараси

Casamia жамоат уйи, Вьетнам

Шунингдек, жорий йилда тўлиқ бамбукдан ишланган Casamia жамоат уйи ҳам қуриб битказилди. У Вьетнамнинг Хойан шаҳри ҳудудида жойлашган. Баландлиги 9 метр ва 22 аркадан иборат. Конструкция жамоат ва спорт марказлари, шунингдек, бошқа биноларни ўз ичига олган. VTN Architects дизайнерлик фирмаси вакилларининг сўзларига кўра, иншоот ҳатто атроф-муҳитнинг энг оғир шароитларига ҳам бардош беришга мўлжалланган. Бино ичида овоз яхши изоляция қилинган. Бу эса бамбукдан фойдаланиш афзалликларидан биридир. 

Бамбукдан қурилган энг катта бино
Casamia жамоат уйининг ички қисми

Le Monde Group қароргоҳи, Франция

Аслида бу иншоот 2020 йил сўнгида қурилган. Бироқ New Atlas муаллифлари уни ўз рўйхатига киритишга қарор қилди. Бино ярим асрдан бери чоп этиб келинаётган Le Monde француз газетасининг бош офиси ҳисобланади. Snøhetta архитектура бюро лойиҳа муаллифи. У фасадни 20 мингта шиша бўлакларидан яратишга қарор қилди. Шиша бўлаклари 722та турли нақшни акс эттиради. Ғоя шундан иборатки, бинонинг ташқи кўриниши об-ҳавога қараб ўзгаради. Ташқи чиройидан ташқари иншоот 1600 нафаргача ходимни сиғдира олиши билан ажралиб туради.  

Le Monde Group’нинг янги қароргоҳи

Шанхай астрономия музейи, Хитой

2021 йил август ойида дунёдаги энг йирик астрономия музейи пайдо бўлди. У Хитойнинг Шанхай шаҳрида жойлашган. Ennead Architects архитектура бюроси конструкцияни самовий жисм кўринишида яратди. Музейнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга тенг. Бу ерда вақтинчалик ва доимий экспонатлар, қуёш телескопи, обсерватория, шунингдек, кузатув майдончалари ҳамда театр-планетарийлар жойлашган. 

Шанхай астрономия музейининг ташқи қисми 
Шанхай астрономия музейининг ички қисми 

“Товуш ибодатхонаси” концерт зали, Хитой

Иншоот 2021 йилнинг декабрь ойи бошида қуриб битказилди. У Пекин марказидан икки соатлик масофада жойлашган ва тоғ водийсида мувозанат ушлаб турган улкан тошни ёдга солади. Мазкур ғаройиб иншоот аслида очиқ осмон остидаги концерт зали ҳисобланади. Бинога бежиз улкан тош шакли берилмаган. Қурилиш вақтида OPEN Architecture студияси нафақат бетон, балки маҳаллий тошлардан ҳам фойдаланган. Шунингдек, дизайнерлар бино атроф-муҳит билан максимал даражада уйғун бўлиши, шунингдек, концерт залларининг барча стандартларига жавоб беришини исташган.

“Товуш ибодатхонаси” концерт зали улкан харсангтош шаклида ишланган
Бино ичидаги мусиқачи 

Стефано Боэри вертикал зинаси, Нидерландия

Стефано Боэри — вертикал зинали уйлар қурадиган итальян архитектори. Унинг қурилмалари дунёнинг кўплаб шаҳарларида бор. 2021 йилда эса улардан бири Нидерландияда пайдо бўлди. Иншоот Эйндховен шаҳрида жойлашган бўлиб, даромади кам бўлган оилалар учун уйдан иборат. Бино баландлиги 70 метр, унда 19та қават бор. Конструкция ташқи томонга чиқиб турувчи балкон ва ўсимликлар кўплиги билан диққатга сазовор. Нидерландия минорасида 135та дарахт, 8 500та бута ва 1500та ўсимлик бор. Бу жой шаҳарда бўлатуриб, ўзини қишлоқдагидек ҳис қилишни истовчилар учун аъло даражада мос келади.

Расм: Архитектор Стефано Боэри томонидан қурилган яшил минора 

3D принтерида босиб чиқарилган турар жой бинолари, АҚШ

АҚШнинг Техас штатида 3D принтерида босиб чиқариш технологиясида қурилган тўртта уй пайдо бўлди. Технология Icon компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Эҳтимол, келажакда ундан кўп фойдаланиш мумкин бўлар. Босиб чиқариш технологиясидан уйнинг пастки қаватларини яратиш учунгина фойдаланилган, юқори қаватлар эса ёғочдан ишланган. Ҳар бир уй нархи 450 минг долларга яқин. Майдони 179 квадрат метргача. Уй ичкарисида айвон, яшаш ҳудудлари ва шифтлари баланд ётоқхоналар бор.

Қисман 3D принтерида босиб чиқарилган уй

974 футбол стадиони, Қатар

Футбол бўйича 2022 йил жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилади. Ана шу тадбирга атаб, у ерда улкан стадион барпо этилди. Қурилиш ишлари ноябрь ойида якунланди. У икки сабабга кўра рақамли “974” номини олди. Биринчидан, бу Қатарнинг телефон коди, иккинчидан, уни яратишда айнан шунча транспорт контейнерларидан фойдаланилди. Стадион майдони 450 минг квадрат метрга тенг. У ерга 40 мингта томошабин сиғади. Стадионнинг асосий ўзига хос жиҳати, у ҳақиқатан ҳам контейнерлардан иборат эканида. Ана шу конструкция туфайли стадион чемпионатдан кейин осон йиғилади, деб ҳисобланмоқда. 

974 футбол стадионининг қуш парвоз этадиган баландликдан кўриниши
Стадион катта миқдордаги юк контейнерларидан иборат

Мавзуга оид