Ўзбекистон | 09:11 / 31.12.2021
14951
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик ва идоралар ходимларига иш ҳажми ва самарадорлигига қараб маош тўлаш тартиби жорий этилади

Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиш ва ташаббус кўрсатиш учун зарур шароитларни яратиш режалаштирилмоқда.

Фото: Kun.uz

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га кўра, вазирлик ва идоралар штат бирликлари сонини Молия вазирлиги томонидан белгиланган чеклов доирасида уларнинг раҳбарлари томонидан мустақил белгилаш, ходимларга иш ҳажми ва самарадорлигига қараб маош тўлаш тартибини жорий қилиш мўлжалланган.

Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан мустақил ҳал этиладиган ташкилий-ҳуқуқий масалалар доираси белгилаб қўйилади.

Барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича очиқ дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш тизими яратилади. Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Муҳим ижтимоий-масалалар бўйича очиқ маълумотларнинг доирасини янада кенгайтириш ва мазкур маълумотлардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш мўлжалланмоқда.

Вазирлик ва идоралар фаолиятига сифат менежменти тизимининг халқаро стандарти (ISO: 9001) жорий қилинади. Бунда, ушбу тизимни 2022 йилнинг якунига қадар вазирлик ва идораларнинг 30 фоизида жорий этиш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид