Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда нафақа тайинлашда ёрдам берганини айтиб, фуқародан пул сўраган МФЙ раиси ўринбосарига жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманидаги МФЙ раиси ўринбосари нафақа тайинланишида кўмаклашганини айтиб, фуқародан пул талаб қилгани, пулни клик орқали олишга урингани ҳақида хабарлар тарқалди. Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳозирда МФЙ раиси ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро Ю.М. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғига ариза билан мурожаат қилган.
Унинг аризаси юзасидан олиб борилган терговга қадар текшириш давомида Деҳқонобод туманида яшовчи Ҳ.Б. 2021 йилнинг 29 январь кунидан ҳозирги кунга қадар МФЙ раиси ўринбосари сифатида ишлаб келиб, хизмат мавқейидан фойдаланиб, бошқалар билан ўзаро жиноий тил бириктирган.
Сўнг ўзгалар мулкини қўлга киритиш мақсадида, ўзларида бўлмаган ваколатларни намоён қилиб, 2021 йилнинг ноябр ойида фуқаро Ю.М.га 14 ёшга тўлмаган беш нафар фарзанди учун кам таъминланган оилаларга ажратиладиган ижтимоий нафақа чиқариб беришини ваъда қилиб, ундан жами 250 минг сўм пулларни талаб қилиб олган ва фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан МФЙ раиси ўринбосари Ҳ.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.