Ўзбекистон | 12:55 / 04.01.2022
44413
5 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги янги туннел деворларидан сув отилиб чиқди. Қурилиш тендерсиз амалга оширилган

Қурилиши учун 143 млрд сўм сарфланган лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилган. Туннел 31 декабрь куни фойдаланишга топширилганди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида 31 декабрь куни фойдаланишга топширилган автомобиль-трамвай туннели шаклидаги йўл ўтказгич деворларидан ёмғир туфайли сув сизиб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалди.

«Ёмғир Самарқанд шаҳрида барпо этилган янги туннел ва кўприкли йўлни синовдан ўтказмоқда», дейилади Samarqand | Kun.uz каналидаги видеоли постда.

«Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган йўл иншооти, афтидан, кеча ёққан ёмғирлар синовидан ўта олмаган», дейди davletovuz канали муаллифи.

Туннел очилганига бир ҳафта ҳам бўлмади

2021 йил 31 декабрь куни Самарқандда Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида барпо этилган автомобиль-трамвай туннели тантанали равишда очилди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Туннель қурилиши 2019 йил охирида бошланганди. Ушбу қурилиш 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилган. Қурилиш сабабли чорраҳадаги транспорт қатнови тўхтатиб қўйилган эди, шу жумладан 2-рақамли «Вокзал — Сиёб бозори» трамвай қатнови ҳам.

Ҳокимликнинг «Самарқанд овози» нашри маълумотларига кўра, қурилиш учун 143 млрд сўм сарфланган, бу маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Туннель ҳар бир томонга учта ҳаракатланиш йўлагига эга, улардан бири трамвай учун мўлжалланган.

Фото: t.me/samvest.

Нега «шес секунд»да?

«Ўзгидромет» етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов телеграмдаги каналида дренажларни қуришда метеорологик маълумотларга асосланилганини шубҳа остига олди.

«Ўзбекистон МТРКда туннел кўринишидаги йўл ўтказгич очилиш маросимида кетган лавҳада журналист қиз томонидан «Режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган туннел 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галерея типидаги йўл ўтказгичи эса олти ой ичида фойдаланишга топширилишига эришилди» дея таъкидланган. 

«Нега бунча тез ва нега галерея типидаги йўл қурилиши сўнгги босқичи совуқ қиш ойларида барпо этилди?» дея савол берадиган одамнинг ўзи йўқ.

Бу типдаги кўприк лойиҳа умумий қиймати 143 млрд сўм (тахминан 14 млн доллар) бўлиб, қурилиш объектининг параметрлари қуйидагича: 

  • йўл ўтказгич узунлиги 1 км;
  • баландлиги 5,8 метр;
  • кенглиги 26,4 метр;
  • ёпиқ қисмининг узунлиги 120 метр.

Хўш, лойиҳада ҳудудда кузатилган ёғинларни хавфсиз талафотсиз ўтказиб юборувчи дренажларни қуришда қандай ёғин миқдори инобатга олинган? Ўзи умуман, қурилиш лойиҳасида табиий омил таъсирлари эътиборга олинганми? Самарқанд шаҳрида муқаддам кузатилган максимал ёғин жадаллиги тўғрисидаги маълумотлар асосида сув ўтказиш иншоотлари лойиҳада кўрсатилганми? 

Ҳисобга олинган бўлса, нега «тўртта ёмғир»да сув янги объект деворларидан сизиб чиқмоқда? Баҳор ва ёзда сел-сув тошқин келтириб чиқарадиган ҳақиқий интенсив ёғинлар даврида нима бўлади? 

Ўзи бу кўприкни қайси пудрат ташкилоти «шес секунд»да қуриб ташлади? Ва нима учун «шес секунд»да? 

Самарқанд кузатув метеорологик станцияси ўз иш фаолиятини бошлаганига мана салкам 1 асрдан кўп вақт бўлди. У ўзида ҳудудда кузатилган асрий ёғингарчилик маълумотларини тўплаб, йиғиб ётибди. Маълумотлар шу каби қурилиш объектларини барпо этиш учун тўпланяпти. Нега, чуқурроқ таҳлил олиб бориб мукаммал объектлар қурмайсизлар? Сизларга ким, нима халақит беряпти?» дейди канал муаллифи.

Пудратчи — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК

2019 йилги маълумотларга кўра, мазкур туннел «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига, истисно тариқасида, рухсат берилган. Шунингдек, қурилиш-монтаж, таъмирлаш, реконструкция ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда амалга оширилишига ҳам ижозат берилган.

Bakiroo канали туннелни «Ғалвиртуннел» деб атади.

«Давлетовнинг эътибор қаратишича, лойиҳанинг амалга оширилишига тендерсиз (бошқача бўлиши мумкинми?) тарзда рухсат берилган.

Умуман олганда, давлат буюртмалари бўйича лойиҳалар қийматининг чексиз шиширилиши ва тақсимловчилар томонидан маблағларни ўзлаштиришда тугамайдиган қонунбузарликлар давлат яхши тақсимловчими ўзи, деган саволни ўртага чиқараверади.

Биз ғалвирда сув ташишни давом эттираверамизми?» дея савол қўяди у.

Мавзуга оид