Хоразм вилояти, Урганч тумани, Арбоблар маҳалласи, Маърифатчилар кўчаси 17-уйда яшовчи Даврон Сапаев оиласи ва 19-уйда яшовчи Феруза Нурметова оиласи яшаётган хонадонлар қурилиш бошланган хавфли ҳудудга жуда яқин турибди. Улар кўчиб кетишга тайёр, ҳокимлик томонидан ер майдони ҳам ажратилган, бироқ компенсация масаласи ҳал этилмаган.
Ҳокимлик томонидан ер ажратилиши
Ушбу ҳудудда “Xorazm invest xolding” МЧЖ кўпқаватли турар жой биноси қурмоқда. Урганч тумани ҳокимлиги 2017 йилда корхонага шу мақсадда 2500 кв.м. ер майдони ажратган.
Шунингдек, туташ ҳудуддан Шерпажон Салаевага кўпхонадонли уй қуриш учун 850 кв.м. ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган. 2021 йил июль ойида “Xorazm invest xolding” МЧЖ шу ернинг 650 кв.м. майдонини Шерпажон Салаевадан сотиб олган.
Чала қолган келишув битими
2020 йил февраль ойида Урганч тумани ҳокимлиги бузилиш ҳудудига тушган 2 хонадон эгаларига ер ажратиб берган. Жумладан, Даврон Сапаевга ҳар бири 392 кв.м.дан иборат 1,5 та ер участкасини, Феруза Нурметовага ҳар бири 392 кв.м.дан иборат 2 та ер участкасини ажратиб бериш ҳақида келишув битимини расмийлаштирган.
Унинг 4.1-бандида компенсация пул маблағи юзасидан учтомонлама, яъни ҳокимлик, қурувчи тадбиркор ва мулкдор ўртасида қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча битим имзоланиши мажбуриятини Урганч тумани ҳокимлиги ўз зиммасига олган. Бироқ ҳокимлик ўз мажбуриятини шу пайтгача бажармай келмоқда ва учтомонлама келишув битими расмийлаштирилмаган.
Қурилиш ишлари эса шаҳарсозлик меъёрларига зид равишда хонадонларнинг остонасига жуда яқин жойда олиб бориляпти.

Учтомонлама келишув битими нега имзоланмади?
“Xorazm invest xolding” МЧЖ раҳбари Мақсуд Бобоев компенсация пули тўғрисидаги келишув битимини имзолашдан бош тортмоқда. У билан боғланиб, масала юзасидан изоҳ олишга уриндик. Аммо Бобоев мурожаат нима ҳақида эканини эшитганидан сўнг алоқага чиқмай қўйди.
Бироқ, қўлимиздаги расмий ҳужжатлар ва масъул идораларнинг маълумотномалари асосида хулоса қилиш имкониятимиз бор.



















