Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинган лойиҳаларда шунингдек, Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғи ободонлаштирилиши, «Дўстлик» боғи янгиланиши, Нурафшон ва Намангандаги «Янги Ўзбекистон» боғлари ёнида туризм марказлари ташкил қилиниши қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабр куни қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда Тошкент шаҳридаги Юнусобод деҳқон бозорини кенгайишига жой йўқлиги, уни замонавий концепция асосида юқорига «ўстириш», савдо ўринлари ва қулайликларни кўпайтириш режалари намойиш этилди. Лойиҳага кўра, аввало, аслият сақлаб қолиниб, ҳозиргисининг ўрнида уч қаватли экобозор қурилади. Унинг ёнида қўшимча савдо маркази ҳамда заргарлик уйи барпо этилади. Энг муҳими, ушбу биноларнинг ерости қисми мингдан ошиқ автомобил сиғадиган тураргоҳ бўлади. Жами 4-5 минг иш ўрни очилади. Мутасаддиларга булар сабабли бозор фаолиятини тўхтатиб қўймаслик, қурилишни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди.
Кейинги лойиҳаларга кўра, Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғи ободонлаштирилади. Релйефдан тўғри фойдаланиб, яшил ҳудудлар кўпайтирилади. Сайр ва томоша жойлари, фавворалар, янги планетарий қурилади. Сайёҳларни жалб қилиш учун гастро-хол ташкил этилади.
Давлат раҳбари боғда шароитларни яхшилаш ва анъаналарни акс эттириш зарурлигини таъкидлади.
«Дўстлик» боғи ҳам янгиланиб, аҳолини ўзига жалб этувчи масканга айлантирилади. Сайр йўлаклари, сув ҳавзалари, дам олиш жойлари таъмирланиб, ўриндиқлар ўрнатилади. Оилавий кўнгилочар маскан ва болалар ижод маркази ташкил қилинади. Ёшлар учун скейт майдончаси, дарахтлар билан уйғун авиарий ҳамда томоша чархпалаги қурилади.
Шу ердаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ортидаги майдонда миллий маданият марказларининг павилйонлари барпо этилади.
Президент ташаббуси билан 2019 йилда Тошкент шаҳрида «Наврўз» боғи барпо этилган эди. Бу ерда меҳмонхона, ёпиқ спорт майдончаси, ресторан, конференция зали бунёд қилиш кўзда тутилмоқда.
Нурафшон ва Наманган шаҳарларида «Янги Ўзбекистон» боғлари барпо этилган. Навбатдаги лойиҳалар улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва меҳмонларни кўпроқ жалб этишга қаратилган. Бунинг учун Нурафшон ва Намангандаги «Янги Ўзбекистон» боғлари ёнида туризм марказлари ташкил қилинади. Уларда Шарқ бозори, ҳунармандчилик жойлари, амфитеатр, фаввора ва бошқа қурилмалар бўлади. Дарахтлар экилиб, яшил ҳудуд кенгайтирилади.
Давлат раҳбари лойиҳаларни сифатли қилиш, боғларда аҳоли ва туристлар учун қулай шароитларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид

23:59 / 25.07.2025
Свет ўчмаган кун йўқ: Тошкент электрсиз қийналмоқда

18:40 / 25.07.2025
Вазир ўринбосари Тошкентнинг бош режаси ўзгаришини рад этди. Лекин акс баёнотлар ва лойиҳалар кўп

17:48 / 25.07.2025
Тошкентда 670 мингдан ортиқ хонадонга ақлли сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

22:49 / 24.07.2025