Ўзбекистон | 08:40 / 06.01.2022
4884
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши янги авлод маҳаллий вакциналар яратилади 

Коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни яратиш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, биотехнологик йўл билан коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва клиник олди синовларини ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

Пандемия ва шу каби офатлар билан боғлиқ жараёнларнинг барвақт олдини олиш тизимини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бунда, вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарлар, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилиш, уларнинг ечимига аниқ режа ва чоралар билан тайёр туриш тизими яратилади.

Шунингдек, касалликларни енгиш учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик кучайтирилади. 

Беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб бораётган мулоқотларни кенгайтириш, халқаро тажрибалар ва тавсияларни фаол жорий этиш назарда тутилган.

Коронавирус қайтадан тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш ишлари ҳам амалга оширилади.

Аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни давом эттириш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид