Ўзбекистон | 08:21 / 06.01.2022
2865
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистоннинг 3та ҳудудида қўлбола ароқ ишлаб чиқараётганлар ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Тўрткўл, Чимбой туманлари ва Нукус шаҳрида қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётган шахслар аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, департаментнинг Тўрткўл туман бўлими, ДХХ ҳамда ИИБ ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.

Унда Ю.Р. ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда алкоголли ичимликларни ишлаб чиқараётгани аниқланган. Жами 2 203 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти, 15 литр спирт ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Шу каби Чимбой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Т. ўз уйида яширин цех ташкил этиб, харидор Г.га қалбаки акциз маркали 120 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулотини 4 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Яширин цехдан қалбаки акциз маркали жами 1 804 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундай, Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро К.У. “Дамас” русумли автотранспорт воситасида қалбаки акциз маркали жами 530 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулотини ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани маълум бўлган. Қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан олдин Тўрткўл туманидаги яширин цехда вояга етмаган ёшлар қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришга жалб қилингани маълум бўлганди.

Мавзуга оид