Сўнгги йилларда дунёда юрак-қон томир касалликларидан (ЮҚК) касалланиш ва ўлим статистикаси сезиларли даражада ошди. Миокард инфаркти ва беқарор стенокардия каби клиник шароитларни бирлаштирувчи юрак ишемик касаллигининг зўрайиши даври бўлган ўткир коронар синдромдан (ЎКС) ҳар йили АҚШ ва Европада 914 мингга яқин одам вафот этади. Ўзбекистон юрак-қон томир патологияларидан ўлим ҳолатлари бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабаблари ва уни бартараф этиш йўлларини ўрганиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси, профессор Курбанов Равшанбек Давлетович билан суҳбатлашдик.

Равшан Курбанович, сиз қандай фикрдасиз, нима учун ЮҚК бугунги кунда мамлакатимизда ўлимнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади?

Дарҳақиқат, ЮҚК ўлимга олиб келадиган касалликлар умумий сонининг деярли 59 фоизини ташкил қилади. Мамлакатимизда бу кўрсаткичлар, масалан, Европа, Япония, АҚШ ва Қозоғистондагидан юқори ҳисобланади. Мен ўйлайманки, бу муаммо нафақат тиббий, балки ижтимоий-иқтисодий хусусиятга ҳам эга, сабаби, ушбу кўрсаткичлар ЮҚК билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш даражасига, тиббиёт муассасаларидаги жиҳозларга, касалликка ўз вақтида ташхис қўйилишига ва бошқаларга боғлиқ.

Илгари тиббий муолажаларни, хусусан, тери ости коронар аралашуви (ТКА), шунтлаш, ангиопластика каби муолажаларни фақат кардиология марказларида олиш мумкин эди. Охирги йилларда Президентимиз фармойишига кўра, Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳридаги ЎКС билан касалланган барча беморлар энг яқин шифохонада тромболиздан ўтиши мумкин бўлган дастур тайёрладик. Биз учун бу ютуқ ва ушбу касалликка қарши курашда терапияни ривожлантириш йўлидаги салмоқли қадамдир. Ишончимиз комилки, юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилиши, албатта, ўз самарасини беради, аммо ундан фойдаланиши мумкин бўлган беморларни қамраб олиш даражасини ошириш зарур. Мисол учун, тромболизга муҳтож бўлган беморларнинг атиги 25 фоизи даволанган, ангиопластика ва шунтлашга муҳтож бўлган аҳолининг улуши атиги 53 фоизни ташкил қилади.

Биз бу кўрсаткичларни ошириш устида ишлаяпмиз. Марказлар ва мутахассислар сони сезиларли даражада, хусусан, сўнгги йилларда деярли 10 бараварга ортди, аммо, ЮҚС билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун беморлар ва мутахассислар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш ҳам долзарб масала ҳисобланади, масалан, авваламбор поликлиникада ўз вақтида ташхис қўйиш, кейин эса кардиология марказига ёки заруратга қараб, ангиологларга юбориш.

ЎКСнинг олдини олиш чоралари мавжудми?