Жаҳон | 12:45 / 08.01.2022
59154
7 дақиқада ўқилади

Назарбоев Қозоғистон учун ҳамма эди. Энди эса шунчаки элбоши

Қозоғистоннинг ҳар ерида Нурсултон Назарбоевни учратиш мумкин. Унинг номи кўчаларга, шаҳарларга берилган, ўзи эса «элбоши», «халқнинг отаси» номларини олган. 1989 йилдан буён мамлакатни бошқарган «миллат отаси» оммавий намойишлар вақтида йўқолиб қолди.

Фото: AFP

Аввалига у оиласи билан хорижга чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди, бугун унинг матбуот котиби элбоши пойтахтда экани, қозоғистонликларни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев атрофида бирлашишга чақираётганини айтди.

BBC таҳлилчиси Алексей Калмиков Қозоғистондаги сиёсий вазият нега нотинч бўлганини таҳлил қилди.

Намойишлар сабаб ўнлаб қозоғистонликлар ҳалок бўлди. Намойишлар ҳали тинчигани йўқ, лекин ҳукумат истеъфога чиқишга улгурди. Назарбоев эса ҳукуматдаги ягона расмий лавозимидан айрилиб, Хавфсизлик кенгаши раислигидан кетди.

Энди Назарбоев шунчаки элбоши

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши раислигига ўзини тайинлади. Олдинроқ Назарбоев халқ ассамблеяси кенгаши ҳамда ҳукмрон «Нур Отан» партияси раислигини ҳам Тўқаевга топширганди. Аммо «халқ отаси» номини ҳеч кимга бериб бўлмайди. Одамлар ҳозир мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни ҳам Назарбоев, унинг оила аъзолари ва атрофидагилар билан боғлади. Намойишчилар «Чол, кет!» деб бақирди, ҳайкалларини қулатишди.

Қозоғистон айнан Назарбоев вақтида ҳозир қандай бўлса шундай ҳолатга келди. Имкониятлари, потенциали катта, аҳолиси кам, дунё ва минтақадаги таъсири ҳам кам хомашё давлатига айланиб қолди. Унинг даврида ўзгача фикрловчи оз сонли одамларга кун берилмади, мулкий табақаланиш эса кучайиб бораверди.

Оила, бойлик, Ғарб

Қозоғистонда 20 миллионга яқин одам яшайди. KPMG аудит компанияси таҳлилчиларининг Credit Suisse Research Institute'га асосланиб ёзишича, мамлакат қазилма бойликларининг ярми сони 200 нафарга ҳам етмайдиган одамлар орасида тақсимланади. Миллионерлар мамлакат аҳолисининг 0,2 фоизини ташкил этади. Уларнинг аксари хорижда яшашни яхши кўради. Айниқса Лондонда.

Фото: Reuters

2008 йилдан 2015 йилгача Британия «сахий инвесторлар»га яшаш учун рухсатнома берган вақтда қозоғистонликлар «олтин виза» олишда етакчилар қаторида бўлишди. Chathman House институти маълумотларига кўра бу давр мобайнида 200 нафардан ортиқ қозоғистонлик миллионерлар Британияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритган ва фуқаролик олиш учун ҳужжат топширган.

Қозоқ миллионерлар Британияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритгач, ўзларини кўчмас мулк сотиб олишга урди. Бу эса аввалига жамоатчиликнинг, кейинроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эътиборини тортди. Британия Назарбоевнинг қизи Дариға ва унинг ўғли Нурали Алиевга тегишли иккита уй ҳамда апартаментга чеклов қўймоқчи бўлган. Аммо оила судда уйларни Дариғанинг эри, Австрия қамоқхонасида ўлган Роҳат Алиевнинг жиноий пулларига эмас, ишлаб топган пулига сотиб олганини исботлаганди.

АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Уилям Куртни мамлакатда бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди: «Назарбоев ҳамда унинг оиласи Европада кўчмас мулк сотиб олгани ҳақида кўплаб суриштирувлар эълон қилинди. Бу эса қозоғистонликлар орасида норозиликни кучайтириб юборди. Афтидан, энди Назарбоев барчаси учун ортиғи билан тўлайдиганга ўхшайди».

Ғарбнинг улар устида суриштирувлар ўтказаётганига қарамай, Назарбоевлар оиласи ҳеч қачон Ғарбдан узоқлашмади. АҚШ ва Европанинг бизнес нашрларида тижорий шартнома асосида Қозоғистоннинг эришган ютуқлари ҳақида мақолалар чиқди, йирик қозоқ компаниялари акцияларини Лондон биржасига қўйди. Қозоғистон пойтахтида ғарблик машҳур архитекторлар бинолар қурди, у ерларда кўп пул олувчи инглиз судяларни чақириб, тижорий, фуқаролик ва арбитраж ишлари бўйича суд мажлисларини кўришди. Мамлакат футбол иттифоқи ҳам пиар учун 2002 йил УЕФАга ўтказилди. Бироқ ҳозиргача Қозоғистон бирорта Европа чемпионатида иштирок этгани йўқ.

Фото: Getty Images

Қашшоқлик, коррупция ва иллюзия билан хайрлашув

Европача ҳаётга интилиши Назарбоевни минтақадаги бошқа етакчилардан ажратиб турарди гўё. Аммо ҳар сафар «мурватлар қаттиқроқ буралаётганда» Қозоғистондаги ҳаёт Европадагидан узоқлаша борди. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан Хитойга, сиёсий жиҳатдан эса Россияга боғланиб қолди. Ҳозирги ҳолат кўрсатдики, Қозоғистон Россиясиз ҳатто ўз хавфсизлигини таъминлай олмади.

Тўқаев намойишчиларни террорчи деб атаб, уларга қарши туриш учун четдан ёрдам сўради. Агар ҳукумат ваъда қилинаётган ислоҳотлар ўрнига ички сиёсатни кучайтиришга зўр берса, Назарбоев эпохасидаги ғарбга интилиш билан боғлиқ охирги орзулар ҳам элбоши билан биргаликда кетади.

«Биздаги элита жуда космополит ва уларни Россия-Беларусь воқеаларидаги каби сценарий қаноатлантирмайди», дейди Ҳарвард университети қошидаги Россия ва Евросиё тадқиқот институти илмий ходими Наргис Касенова. Аммо унинг фикрича, мамлакат ҳозир шундай ҳолатга келганки, элита қандайдир шарт қўядиган аҳволда эмас.

«Қозоғистон тизим билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келди. Уларни ҳамма кўрмоқда ва ечимни ортга суришнинг энди иложи йўқ», дейди Касенова.

Назарбоев ўн йиллар давомида халққа ёрқин келажак ваъда қилди, лекин эришилган натижалар мақтанадиган эмас. Тўғри, иқтисод ўсиб борди, лекин давлатнинг пуллари тўғри тақсимланмади. Мамлакат ҳамон хомашё савдоси, Хитойдаги талаб ва Россиядаги вазиятга боғлиқ.

Фото: AFP 

Мамлакат ушбу омилларга боғлиқ эканини аввало 2008 йилдаги халқаро иқтисодий инқироз кўрсатиб қўйди. 2009 йил нефть нархи тушиши ортидан тенге қадрсизланди. 2014 йил Қрим аннексиясидан кейин эса рубль қадрсизланиши ортидан тенге яна девалвация бўлди.

Назарбоев Қозоғистон-2020 лойиҳасида мамлакатни дунёдаги коррупция энг кам бўлган учта давлатдан бирига айлантиришга ваъда берди. Аммо мамлакатда коррупция гуллаб-яшнашда давом этди. Халқаро коррупция рейтингида Қозоғистон 180 давлат орасида 94-ўринда турибди. Ҳатто Ҳиндистон, Танзания ва Марокаш ҳам олдинда.

Мамлакатга ислоҳотлар керак экани ҳақида анчадан буён гапиришади, аммо кутилмаганда Назарбоев ваколатини Тўқаевга топширди. Ўринбосарни «ижтимоий камикадзе» деб аташди. Одамлар Назарбоев ўзига қулоқ соладиган «қўл-оёғи чаққон югурдак топиб», унга қора ишларни топширади-да, ўзи чинакам халқ отасига муносиб кошонада чордана қуриб ўтиради деб ўйлашди.

Назарбоев кетгач, орадан 2,5 йил ўтди. Ундан икки йили коронавирус йили бўлди ва у ижтимоий, тиббиёт соҳасидаги аҳвол ёмонлигини кўрсатиб қўйди. Бу эса борган сари мамлакатдаги мурватлар бўшашига олиб келди. Оқибатда эса инсонлар шуурида норозилик кучая борди.

Энди ҳал қилувчи палла келди. Хўш, калтак кимнинг бошида синади: Тўқаевнингми ёки ўзгармас раҳбарлиги билан Қозоғистонни ҳозирги нотинч ҳолатга олиб келган одамнингми?

Мавзуга оид