Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавируснинг янги штамми ҳомиладор аёлларда қандай кечяпти? Акушер-гинеколог билан суҳбат
Ўзбекистонда коронавирусга чалинаётган беморлар сони кунига 800 нафардан ошиб кетди. 15 январдан бошлаб Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 24 соат ишлайдиган махсус ковид-поликлиникалар фаолият бошлади.
Янги тўлқин Ўзбекистонга “омикрон” штаммининг кириб келиши билан боғлиқ. Хўш, бу штамм айниқса ҳимояга муҳтож тоифа – ҳомиладор аёлларга қандай таъсир қиляпти? Kun.uz шу савол билан 3-сон туғруқ комплекси акушер-гинекологи Динара Матниёзовага юзланди.

“COVID’га чалинган ҳомиладор аёлларнинг аксарият қисмида касаллик енгил даражада ўтяпти”
— Муассасамиз коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлларни даволаш ташкил этилган илк шифохона ҳисобланади. 2 йилдан буён ковидга чалинган ҳомиладорларни даволаб келяпмиз.
Афсуски, сўнгги кунларда улар орасида касаллик юқтирганлар сони ортиб бормоқда. Аммо сўнгги беморларимиз, хусусан янги омикрон штамми билан касалланган ҳомиладорларда оғир ва ўта оғир ҳолатлар кузатилмаяпти. Шифохоналарда даволанаётган беморларимизнинг аксарият қисми касалликни енгил даражада ўтказишяпти.
Бироқ, бугун касалликка чалинган кўпчилик ҳомиладор аёллар саросимага тушиб, дарров шифохоналарга мурожаат қилмоқда. Ҳар қанча тушунтирмайлик, туғуруқхонада ётиб даволанишни истаяпти. Ўз навбатида биз уларга керакли барча тиббий хизматни кўрсатяпмиз.
Шифохонамизда шу вақтга қадар бу касалликни юқтирган ҳомиладорларнинг 10-15 фоизигина енгил симптомлар билан даволанган бўлса, ҳозирда ётиб муолажа олаётганларнинг 85-90 фоизида нисбатан енгил ҳолат кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан оғир аҳволдаги беморларга ўз вақтида стационар тиббий ёрдам кўрсатиш имконини чеклаши ҳам мумкин.
“Ҳомиладорларда касаллик кўпайишига сабаб – вакцина олмаганлик”
— Ҳомиладорлар орасида касалликка чалиниш кўпайишига сабаб – уларнинг коронавирусга қарши эмланмаганликларида. Бундан ташқари, физиологик жиҳатдан бу пайтда аёлларда иммунитет пасайиши кузатилади. Тиббий ниқоб тақмаслик, оралиқ масофа сақламаслик ҳам бунга сабаб бўла олади.
Шунинг учун ҳомиладорликни режалаштираётган вақтда аввало касалликка қарши эмланиш энг тўғри йўл бўлади. Касалликнинг оғир кечиши ва ёмон асоратларга сабаб бўлишининг олди олинади.
Нафақат ҳомиладорлар, балки барча учун ҳамон долзарб бўлган санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, имкон қадар одам кўп тўпланадиган жойларга бормаслик, соғлом турмуш тарзига амал қилишни маслаҳат бераман.

“Ваҳима қилиб, кучли дорилар қабул қилиш – туғилажак болалар ҳаётига хавф солади”
— Энг муҳими – агар касаллик белгилари кузатилса, ёки текширув натижалари инфекция мавжудлигини кўрсатганда ваҳимага берилмаслик керак. Бундай пайтда айнан оилавий шифокорга мурожаат қилиш ва ўзбошимчалик билан дори-дармонларни қабул қилмаслик лозим. Барча тавсиялар ўрнида қўлланса, касаллик оғир даражага ўтмасдан, уй шароитида даволаниш ҳам мумкин.
Ваҳимага берилиб, касалхонага ётиб, шифокордан турли кераксиз муолажаларни, томчи уколларни талаб қилиш вазиятни баттар оғирлаштиради. Афсуски, беморларимиз шундай томчи уколларни, кучли дори воситалари қабул қилишни тезда тузалиш омили сифатида кўришади. Бу эса ўз навбатида туғилажак гўдакнинг саломатлиги учун хавфли. Оқибатда бўлғуси оналар нафақат ўзларининг, балки фарзандларининг ҳам ҳаётини ножўя таъсирлар остида қолдиришлари мумкин.
Ҳар бир касалликни даволашнинг ўз стандартлари бор. Жумладан, коронавирус инфекциясини даволашда ҳам унинг енгил ёки оғир даражада эканига қараб даво муолажалари қўлланилади. Айрим ҳолатларда шифокордан ортиқча дорилар, муолажалар ёзишни талаб қилиш ноўрин. Айни пайтда шифокорларнинг вақтини ҳам бекорга сарфламаслик бошқа беморларнинг ҳам шифо топишига сабаб бўлади.
Баъзи ҳолатларда ковидга чалинган ҳомиладор аёлларнинг яқинлари беморни шифохонага ётқизишни талаб қилишади. Аммо ундаги енгил даражадаги касалликни уй шароитида, оилавий шифокор билан ҳамкорликда даволаса ҳам бўлади.
Шу сабабли амалиётчи шифокор сифатида халқимиздан, хусусан, ҳомиладор аёлларимиздан, уларнинг яқинларидан ортиқча ваҳимага берилмасликни сўраган бўлардим.
Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:05 / 13.06.2026
Жуда иссиқ об-ҳаво ҳомиладорликка қандай таъсир кўрсатади?
11:33 / 16.08.2025
Хитойда сунъий бачадонли биринчи робот ихтиро қилинди
21:59 / 18.06.2025
АҚШда бир неча ҳафта олдин вафот этган аёлнинг фарзанди туғилди
06:22 / 21.02.2025