Жаҳон | 14:38 / 20.01.2022
7845
3 дақиқада ўқилади

Зарарли газларни ютишда самарали қурилма - «суюқ дарахт» ишлаб чиқилди

Табиий ресурсларни тежамай сарфлаш оқибатида глобал экологик муаммолар юзага кела бошлади, Иқлим ўзгаришларининг асосий сабаби энергия ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага катта миқдорда СО2 ажралишидадир.

Фото: 24Gadjet

Hypergiant Industries компанияси инженер-тадқиқотчилари зарарли газларни ютишда дарахтлардан 400 баробар самаралироқ бўлган биологик реактор прототипи – “суюқ дарахт”ни яратди. Реактор нафақат ҳавони тозалайди, балки қўшимча тарзда хавфсиз ёқилғи ишлаб чиқаради.

90х90х120 см ўлчамга эга, унча катта бўлмаган бундай қурилма 300 квадрат метр майдонда жойлашган дарахтлар ўзига ютадиган газлар миқдори каби самара кўрсатган. СО2 ва Н2О’ни ютиш борасида бошқа ўсимликлардан самаралироқ ҳисобланган Chlorella vulgaris сувўтлари жойлашган резервуар қуёш энергияси ёрдамида ўзини ўзи ишлатишга зарур бўлган қувватни ишлаб чиқаради, бу атроф-муҳит учун безарар.

Олимлар бу қурилмани Еos деб номлади. Бундай қурилмаларни шаҳарнинг исталган жойига ўрнатиш мумкин.

Сербия пойтахти Белград шаҳри марказида уч ойдан бери мана шунга ўхшаш қурилма – “суюқ дарахт” бор. Бу қурилма муниципалитет биноси қаршисида ўрнатилган. Айтилишича, бу резервуар ҳам юқоридаги реактор каби сув, сув ўтлари ва уларнинг яшаши учун шароит яратадиган тизимдан иборат. Қурилманинг вазифаси - шаҳар ҳавосини зарарли газлардан тозалаш ва ҳавога кислород чиқариш. Қолаверса, унинг дизайни пухта ўйланган.

Eos’дан фарқли равишда LIQUID3 номли бу тизим иккита катта дарахт ёки 200 квадрат метр майсанинг ўрнини босади. Бу ҳақда Белград университети қошидаги тадқиқотлар институти вакили, лойиҳа муаллифларидан бири Иван Спасоевич айтиб ўтган. Қурилма ишлаш принципи дарахтники билан бир хил: дарахт ҳам, ўтлар ҳам, сув ўтлари ҳам зарарли газларни фотосинтез йўли орқали тозалайди. Бундай резервуарлар дарахт экиш ва ўстиришнинг имкони бўлмаган жойларда ўрнатилади.

Сув ўтлари космик фантастикада экипаж аъзолари ҳаётий фаолиятини қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида кўрилади. “Суюқ дарахт”нинг шаҳар инфратузилмаси лойиҳасида қўлланаётганига кўп бўлмади. Eos ва LIQUID3 – жаҳондаги илк биореакторлар эмас, эҳтимол, охиргиси ҳам эмас, ҳали бундан-да самаралироқ реакторлар ихтиро қилиниши ҳақиқатга яқин.

Қувонарлиси, инсониятнинг аксар қисми табиатни йўқ қилаётган бир пайтда ушбу соҳада фаолият юритиб, экологик ҳолатни яхшилаш устида ишлаётганлар ҳам бор.

Мавзуга оид