Жаҳон | 14:16 / 22.01.2022
36539
8 дақиқада ўқилади

«Урушнинг олдини олишга уриниш»: АҚШ ва Россиянинг бош дипломатлари Украина масаласида учрашди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Женевада учрашди. Томонлар Украина атрофидаги воқеалар кескинлашган бир вақтда учрашди. Блинкен бу учрашув учун Лавровга раҳмат айтиб, уни Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган уриниш, деб атади.

Фото: ТАСС

Кетма-кет муваффақиятсиз музокаралар

АҚШ нашрлари, кейинчалик сиёсатчилар ўтган йил октябрида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплай бошлагани ҳақида гапиргач, мавзу жиддийлашиб кетди. Россия Украина билан чегарада 100 минг атрофида қўшин тўплагани айтилди. Буни рад этмаган Москва ўз қўшинларини мамлакат ичида исталганча ҳаракатлантириш ҳуқуқига эга эканлигини иддао қилди.

Кейинчалик Байден ва Путин ўртасидаги кетма-кет суҳбатлардан кейин томонлар музокаралар столига ўтиришга келишди. Аввалига Женевада АҚШ – Россия форматида, кейинроқ Брюсселда НАТО – Россия форматида, кейин эса Венада ЕХҲТ доирасида музокаралар ўтказилди. Уларда АҚШ томонидан давлат котиби ўринбосари, Россиядан эса ташқи ишлар вазири ўринбосари иштирок этди. Учала музокаралар ҳам самара бермагач, томонлар юқори дипломатик доирада гаплашиб олишга қарор қилишди.

Бироз олдинга силжиш бордек

Олдинги дипломатик миссиялар учрашувида ҳар сафар бир хил ҳолатлар кузатилди: Россия Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТОга қўшилмаслигини сўради, АҚШ ва НАТО эса кескин рад жавобини берди. Оқибатда қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш учун ўтказилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Шу сабаб Америка ва Россия бош дипломатлари ёрдамида учрашув ташкил қилди. Улар кейинроқ яна бир бор учрашади ва бу гал конкрет таклифлар муҳокама қилинади.

Блинкен ва Лавровнинг учрашувидан бироз аввал Россия дипломатия майдонида «бир қадам орқага қадам ташлади» дейиш мумкин. Россия олдинги музокараларда муросага ҳоли йўқлигини кўрсатишга уринган, Грузия ва Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича юридик кафолат кераклиги ҳақида шартини қайсарларча такрорлаб келаётганди. Кейинроқ талаб бироз ўзгарди: Россия Украина ҳамда Грузия НАТОга киришига фақат АҚШ рози бўлмаслигини сўради. Бу сиёсий майдонда ҳам орқага ташланган қадам сифатида қаралган ёки қаралмагани АҚШ бир ҳафтадан кейин тақдим этадиган ҳужжатда акс этади.

«Аввал ким таҳдид қилаётганини ажратиб олинг: бизми ёки ана у русофобларми»

Фото: РИА Новости

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирокидаги матбуот анжумани ярим соатга бормай якунланди. Асосан рус пропагандачи ОАВ вакиллари савол берган анжуманда Россияда хушлашмайдиган Ғарб нашрлари ҳам Лавровни «безовта қилиб туришди». Лавров уларга очиқчасига хоҳламай жавоб берди. Масалан, CNN журналистини дипломатчасига жеркиб, ўз позициясини саволга тиқиштирмасликни маслаҳат берди.

Лавров брифинг давомида Украина ҳақида гапирганда доимгидек «Киев режими» иборасини ишлатди. Зеленскийни эса Ғарб ҳомийлиги ва муҳофазасидаги русофоб, деб атади. Лавровнинг айтишича, Зеленский ўзини рус деб ҳисоблайдиганлар мамлакатдан кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган: «Россия ҳеч қачон, ҳеч қаерда Украинага бостириб кирмоқчи экани ҳақида расмий вакиллари орқали гапирмаган. Зеленский ўзини рус деб ҳисоблайдиганлар мамлакатдан чиқиб кетиши мумкинлигини айтганини ҳаммамиз биламиз. Хўш, ўзи ким кимга таҳдид қиляпти, аввал шуни ажратиб олиш керак».

«Кап-катта одамлар Зеленскийнинг қош-қовоғига қараб ўтирмаслигимиз керак»

Лавровнинг фикрича, АҚШ ва Россия дунёнинг икки йирик давлатлари сифатида глобал муаммолар устида бош қотириши керак: «АҚШ ва Россия «катта одамлар каби» иқлим ўзгариши ҳақидаги глобал мавзулар устида бош қотириши керак. Ҳозир эса Америка – Россия муносабатлари Зеленский ва режимининг қош-қовоғига қараб қолган. Бу тўғри эмас. Кап-катта одамлар дунё хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик қилиш ўрнига ким зўрлиги устида тортишиб ўтиргани ачинарли», деди Лавров.

Расмий хат кўринишида жавоб

Россия ташқи ишлар вазири кўплаб саволларни жавобсиз қолдириб, уларга АҚШ томони берадиган расмий жавобдан кейин тўхталиш мумкинлигини таъкидлади. Лавров бир неча марта Америка тез орада хат кўринишида расмий жавоб беришини айтди: «Америка томони шу вақтгача бизнинг таклифларга фақат оғзаки жавоб берди. Тез орада АҚШ томони хат кўринишида расмий жавоб беради. Жаноб Блинкен бу ҳақда кўп гапирди», деди Лавров. Унинг айтишича, Блинкен билан учрашув АҚШ томони тақдим этадиган расмий жавобдан келиб чиқиб тузилади.

НАТО бўйича фикрлар тўғри келмади

АҚШ ва Россия томонининг яна фикрлари тўғри келмади. Лавров альянс НАТОга қараб кенгаймаслиги бўйича Россиянинг талабини такрорлади. Блинкен эса бу Украинанинг ўз иши эканини айтди: «Бу Украинанинг суверенитети билан боғлиқ масала ва уни ўзлари ҳал қилиши керак. Бу ерда савдога ўрин йўқ», деди АҚШ давлат котиби.

Россия ташқи ишлар вазири эса НАТО Украинани ўз муҳофаза ҳудуди деб ҳисоблаётганидан ҳайрон қолаётганини билдирди.

«Агар Россия мақсадлари жиддий эканига ишонтирмоқчи бўлса...»

АҚШ давлат котибининг айтишича, агар Россия агрессив режалари йўқлигига дунёни ишонтирмоқчи бўлса, ҳаракатни Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқишдан бошлаш керак. Блинкен катта эҳтимол билан Донецк ва Луганскдаги аскарларни назарда тутган.

Фото: РИА Новости

Блинкен АҚШ воқеалар ривожининг ҳар қандай ривожига тайёрлигини билдирди: «Россия олдида икки танлов турибди: музокара ёки тўқнашув. АҚШ эса воқеалар ҳар қанақа ривожланишига тайёр».

Томонлар учрашувдан қониқиш ҳосил қилганини айтишди. Блинкен шунчаки суҳбатдан қониқиш ҳосил қилгани, бу музокара эмас, ғоялар алмашинуви бўлганини айтган бўлса, Лавров ҳамкасби билан учрашув фойдали ва очиқ бўлганини таъкидлади. Ҳар икки томон ҳам Байден ва Путин доим ўзаро учрашувга тайёрлигини маълум қилди.

Ҳар қандай қўшиннинг кириши босқин деб ҳисобланади

Олдинроқ АҚШ президенти Жо Байден бир йиллик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжуманида Россиянинг ҳар қандай қўшинлари Украинага кириши босқин деб қабул қилинишини айтганди. Блинкен ҳам бу сўзни яна бир бор такрорлади. Шунингдек, давлат котиби «Россия агрессияси» терминини тез-тез ишлатиб, босқин содир бўлса, оқибатлари жиддий бўлишидан огоҳлантирди.

Эрон мавзуси

Блинкеннинг айтишича, Лавров билан Эрон мавзусини ҳам муҳокама қилган. АҚШ давлат котибининг Эрон билан имзоланган Комплекс ҳаракатлар режаси келишувига қайтиш имконияти бор: «Бу бўйича гаплашганимиз АҚШ ва Россия хавфсизлик бўйича ҳамкорлик қилиши мумкинлигини англатади. Комплекс ҳаракатлар режаси келишувига қайтиш бўйича музокаралар ҳал қилувчи паллада турибди. Музокараларни муваффақиятли якунлаш орқали кўплаб давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконияти мавжуд», деди Блинкен.

Томонларнинг Эрон мавзусидаги мулоқоти ҳам муҳим эди. Чунки саккиз сафардан буён муваффақиятсиз кечаётган Эрон ядро дастури бўйича музокаралар давом этиши фонида Эрон президенти Иброҳим Раисий 19 январ куни Россияга борганди. Буни Ғарбда АҚШнинг кўриши учун ташкиллаштирилган учрашув, деб баҳолашганди.

Мавзуга оид