Жаҳон | 13:12 / 23.11.2024
5146
3 дақиқада ўқилади

Курск областида яшовчи 46 киши Украинадан қайтиб келди

Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили август ойида Украинага олиб кетилган Курск области Суджа райони аҳолиси қайтарилганини маълум қилди. Қайтганлар орасида 12 нафар бола ҳам бор.

Украина Қуролли кучлари томонидан Украинага олиб кетилган Курск областининг 46 нафар аҳолиси Россияга қайтди. Улар орасида 12 нафар бола, жумладан, янги туғилган чақалоқ ва уч ёшгача бўлган бир бола, шунингдек, ногиронлар аравачасида ҳаракатланадиган киши бор, деди 22 ноябр, жума куни Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова.

Аҳоли Суджа районидан олиб чиқиб кетилган

Бу одамларнинг барчаси август ойида Украина Қуролли кучлари назоратига олинган Курск области Суджа районидан олиб кетилган, деди омбудсман.

Унинг сўзларига кўра, россияликларнинг қайтиши «Украина томони билан музокаралар жараёни натижасида» мумкин бўлган. Акцияни тайёрлашда Россия Федерацияси президенти маъмурияти, Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Беларуснинг «ваколатли органлари» ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этдилар, деди Москалкова.

Бироқ у келишувга қандай шартлар асосида эришилганига аниқлик киритмади.

Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас

Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳали Курск областини тарк этишни режалаштирмаяпти ва «керак бўлгунича» у ерда қолишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги 22 ноябр куни Украина армиясидаги манбаларга таяниб ёзди. Ҳисоботда қайд этилишича, Украина Қуролли кучлари ўз вақтида Россиянинг халқаро миқёсда тан олинган 1400 квадрат километрдан сал камроқ қисмини назорат қилган. Ҳозирда қарийб 800 квадрат километр уларнинг назорати остида қолмоқда.

Шунингдек, украиналик манбалар AFP агентлигига Россия армияси Донецк областида Покровск ва Курахова томон олдинга силжишда давом этаётганини айтди. Курахово яқинида у ҳар куни 200-300 метр майдонни эгаллашга муваффақ бўляпти.

Россия президенти Владимир Путиннинг Украинанинг Днипро шаҳрига зарба бериш учун Россиянинг янги «Орешник» ракетасидан фойдаланилгани ҳақидаги сўзларини шарҳлар экан, AFP манбалари Россия Қуролли кучлари арсеналидаги бундай ракеталар сони «жуда чекланган»лигини айтди. «Улардан фақат бир нечтаси бор», деди улар.

Мавзуга оид