Жамият | 14:31 / 23.01.2022
6251
7 дақиқада ўқилади

“LINGUIST” — янгича ёндашув ва янги имкониятлар калити

Фото: LINGUIST

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва Агентликнинг вилоятлардаги ҳудудий вакилликлари ўз фаолиятини бошлади. Жумладан, Хоразм вилоятида ўз фаолиятини бошлаган Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги чет тилларни ўрганишни ривожлантириш борасида бир қатор янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5117-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли қарорлари ижросини самарали ва муваффақиятли таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти бўйлаб барча ёшдаги тил ўрганувчиларни кенг қамровда жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳудудий вакиллик ўз олдига қўйилган вазифани режали амалга ошириш йўлида Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг 2021 йил 27 октябрдаги буйруғи билан “LINGUIST” чет тиллари олимпиадасини ташкил этди. Ўз устави ва тегишли ҳуқуқий асосларига эга бўлган мазкур олимпиада қамрови ва шаклига кўра янгича ёндашувдаги лойиҳа ҳисобланади.

“LINGUIST” олимпиадасида барча ёшдаги ва турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи юртдошларимизнинг ихтиёрий иштирок этиши таъминланди. Шу сабабли 2021 йил 10 декабрдан 18 декабргача Урганч шаҳрида бўлиб ўтган олимпиадада умумий ўрта таълим мактабларининг 2-синф ўқувчиларидан тортиб университет ўқитувчи-педагогларигача бўлган юртдошларимиз фаол қатнашишди. Ушбу олимпиадада тегишли қарорларда кўрсатиб ўтилган хорижий тиллар бўйича тест синовлари бўлиб ўтди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, барча иштирокчилар инглиз, рус, немис, француз, итальян, турк, араб, форс, корейс ва хитой тиллари бўйича ўз билим даражаларини синаб кўрдилар. Янгича кўринишда биринчи марта ўтказилган “LINGUIST” олимпиадасида иштирокчилари грамматика, луғат бойлиги ва матн билан ишлаш шартлари бўйича синовдан ўтказилди.

— Хоразм вилоятида илк маротаба янгича шаклда ташкил қилинган мазкур олимпиада барча юртдошларимиз учун ўз билим даражасини синаб кўриш имкониятини берди. Биз ҳар доим “LINGUIST” олимпиадасига ўхшаган самарали ва замон талабига жавоб берадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Чунки айнан ушбу лойиҳа вилоятимиз бўйлаб барча тил ўрганувчиларни ҳаракатга келтирди ва уларни янада фаолроқ бўлишга ундади, — дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси ходими Гулсунжон Назарова.

“LINGUIST” олимпиадасида Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятидан жами 2000 нафарга яқин турли ёшдаги юртдошларимиз иштирок этишди. Олимпиада синов имтиҳонларида барча иштирокчилар 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўз билим даражаларига мос тест саволларига жавоб беришди. Мазкур олимпиадани ташкил этишда юқорида келтириб ўтилган қарорлар ва ҳуқуқий асосларга кўра Хоразм вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат таълим муассасалари ҳам жалб қилинди. Шу сабабли, “LINGUIST” чет тиллари олимпиадасини давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида ушбу соҳада амалга оширилган илк катта лойиҳа сифатида эътироф этиш ўринли бўлади.

 — Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги томонидан “LINGUIST” чет тиллари олимпиадасини ўтказиш таклифи билдирилганда шахсан мен жуда қувондим. Чунки бу бизга ҳам кўплаб имкониятлар эшигини очишига ишонаман. Бундай қамровдаги олимпиада биринчи марта ўтказилаётган бўлса ҳам, ўзимиз кўзлаган мақсадга эришдик деб ўйлайман. Кейинги олимпиадаларда унинг шаклини ва тартибини янада такомиллаштириб борамиз, — дейди KHOREZM LANGUAGE ACADEMY нодавлат таълим муассасаси раҳбари О.Қаландаров.

Фото: LINGUIST

2021 йил 10 декабрдан 18 декабргача бўлиб ўтган биринчи олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросими Хоразм вилояти ҳокимлиги, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги ҳамкорлигида 2021 йил 25 декабр куни вилоят Ёшлар марказида тантанали тарзда бўлиб ўтди. 1,2,3-ўринларни қўлга киритган 23 нафар ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдим этилган жами 110.000.000 сўмлик пул мукофотларини қўлга киритдилар. Шунингдек, улар вилоят ҳокимлигининг дипломларига эга бўлишди. Ташкилотчи нодавлат таълим муассасалари томонидан ғолибларга чет элга саёҳат қилиш имконияти ҳам берилди. Мазкур тадбирда бундай кўринишдаги олимпиадани ташкил этишда катта ҳисса қўшган ташкилотчилар ҳам муносиб тақдирландилар. Уларга Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги номидан директор ўринбосари Азимжон Ҳусанов ташаккурномалар тақдим этди.

 — Тўғрисини айтсам, бошида бу олимпиада ҳақида эшитганимда унинг шаффоф, ҳаққоний ва адолатли ўтишига шубҳам бор эди. Лекин шунга қарамасдан охирги дақиқаларда рўйхатдан ўтиб ўзим ҳам иштирок этдим ва ғолибликни қўлга киритдим. Ҳақиқатан ҳам бу олимпиада янгича ёндашувдаги лойиҳа эканига амин бўлдим. Ҳақиқатан ҳам адолатлилик таъминланди. Ташкилотчиларга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман, — дейди 1-ўрин ғолибаси Ф.Адамбоева.

Мазкур олимпиадада намунали иштирок этиб юқори кўрсаткичга эришган 500 нафарга яқин юртдошларимизга ҳам олимпиада ташкилотчилари ва ҳомийлар томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари берилди.

“LINGUIST” олимпиадасида иштирок этган ҳар бир қатнашувчи фаол иштироки учун махсус сертификатларга эга бўлишди. Намунали иштирок этган ўқитувчи-педагоглар эса тегишли қарорлар бўйича имтиёз ва устунликлар берувчи Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқларини ҳам қўлга киритишди.      

 “LINGUIST” чет тиллари олимпиадаси уставига кўра ҳар йили 3 маротаба олимпиада синовлари ўтказилиши белгилаб қўйилган. Навбатдаги олимпиада синовларининг 2022 йил март ойи охирги ўн кунлигида ўтказилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги 2022 йилда ҳам чет тилларни ўрганишни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ва Янги Ўзбекистон учун имконият даражасида янгиликларни яратиб юртдошларимизнинг, хусусан, ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаб юзага чиқаришда давом этади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий вакиллиги

Телефон+998901214875, +998995658625

Вебсайт: www.lpa-khorezm.uz

Telegram: @xorijiytillar_agentligi_xorazm

Реклама ҳуқуқи асосида