1983 йилда дунёдаги сиёсий вазият анча таранг эди. Бир тарафда совет армияси Афғонистонда «социалистик тузум душманларига қарши кураш» баҳонасида афғон халқига қарши жанг қиларди. Бошқа томондан шу уруш туфайли ғарб совет иттифоқига қарши халқаро иқтисодий санкциялар жорий этган, АҚШ ва СССР ўртасида «совуқ уруш» ҳолати авжи палласига чиққанди.

Мана шундай вазиятда, 1 сентябрь куни СССРнинг Су-15 қирувчи самолёти Узоқ Шарқда Жанубий Кореяга тегишли Боинг-747 йўловчи самолётини уриб туширади. Оқибатда, самолёт бортида бўлган 269 киши ҳалок бўлади.

Бу ҳодисадан сўнг дунёнинг кўплаб мамлакатларида СССРга қарши намойишлар бошланиб кетади.

Фото: Wikipedia

СССР аввалига самолёт уриб туширилганини тан олмайди. Ҳолат исботлангач, Боинг-747 СССР ҳудудига ўтгани ва ҳарбий самолёт деб гумон қилиниб, уриб туширилгани айтилади. Халқаро ҳамжамият эса СССР ҳарбийлари самолётнинг фуқаро авиациясига тегишли эканини била туриб уриб туширган, деган хулосага келади.

Ўша пайтлар СССР ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилмаган эди. Ҳар икки давлат 1950–1953 йилларда Корея яриморолида содир бўлган фуқаролар урушидан кейин ўзаро душманчилик позициясида эди. Ўша уруш туфайли БМТ Жанубий Корея ва КХДРни ўз сафига қўшмай келаётганди.

Самолёт уриб туширилгач, ғарб мамлакатларининг  СССР билан муносабатлари баттар совуқлашади: Аввалроқ эълон қилинган иқтисодий санкциялар янада кучайтирилади.

Korean Air Lines’га қарашли Боинг-747

Жанубий Корея авиакомпаниясига қарашли Боинг-747 1972 йилда ишлаб чиқарилган. Самолёт илк парвозини ўша йили 17 март куни амалга оширган ва 31 март куни ГФРнинг Condor Airlines авиакомпаниясига сотилган.

1979 йил 3 февралда самолётни кореяликлар сотиб олади. Самолёт Нью-Йорк-Сеул йўналишида KE007 рейси остида мунтазам парвозларга қўйилган. Уриб туширилган кунгача самолёт 9237 та учиш-қўнишни амалга оширган ва 38.7 минг соат парвоз қилганди.

Боинг-747’нинг уриб туширилиши

1983 йил 31 август куни Боинг-747 Нью-Йоркдан ҳавога кўтарилади ва бир неча соатлик парвоздан сўнг ёнилғи қуйиш учун Аляскадаги Анкориж аэропортига қўнади. Самолёт 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 3:00да самога кўтарилади ва парвозни давом эттиради. Парвоз вақтида Боинг-747 учувчилари йўналишдан бироз чалғишади ва самолёт СССР ҳаво чегарасини бузиб, аввалига Камчатка ярим ороли, сўнг Сахалин оролининг жанубий қисми устидан учиб ўтади.