Электр таъминотида кучланишлар кузатилса «ҲЭТ» туман бўлимларига мурожаат қилиш сўралди
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда электр энергияси таъминотининг қайта тикланиши ортидан айрим ҳудудларда кучли кучланиш кузатилаётгани ва бу техника воситаларига зарар етказаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Kun.uz билан гаплашган «Ҳудудий электр тармоқлар» АЖ мутахассисига кўра, электр энергиясини узатишдаги кучланиш 2та ҳолатда содир бўлиши мумкин.
«Узатилган электр энергиясини тақсимловчи трансформатордаги носозлик туфайли бирорта линияга кўпроқ энергия кетиб қолиши мумкин. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги айрим хонадонларда электромонтаж ишларини нотўғри олиб борилгани туфайли кучланиш кузатилади. Лекин, бу ҳолат камдан кам кузатилади.
Электр таъминотида кучланиш юқори бўлган ҳолатлар кузатилса, фуқаролар дарҳол «Ҳудудий электр тармоқлар» АЖнинг туман бўлимларига мурожаат қилишларини сўраймиз. Кеч бўлишига қарамай, бригада етиб бориб носозликларни бартараф қилади», дейди мутахассис.