Ўзбекистон | 16:44 / 26.01.2022
4407
4 дақиқада ўқилади

35 миллион кишидан ошдик, аҳоли ўсишига яраша шароитлар ҳам яратишимиз керак – президент

Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмаслиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

26 январь куни давлат раҳбари иштирокида жамият муаммоларини ечиш, тараққиёт стратегиясига оид видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Расмий нутққа ўтиш олдида президент кўпчиликни ўйлантирган масалаларга тўхталди.

«35 миллиондан иборат кўп миллатли халқимиз дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда.

Мана, 35 млн кишидан ҳам ошдик, Худога шукр. Лекин аҳоли ўсишига яраша шароитлар ҳам яратишимиз керак.

Бугун биз, жонажон Ўзбекистонимизнинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи билан боғлиқ бўлган, ўта муҳим масалани муҳокама қилиш учун йиғилдик.

Ҳаммангиз хабардорсиз, ўтган йили сайловолди дастури доирасида ҳудудларга ташрифларда «Инсон қадри учун» тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик.

«Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик.

Ушбу стратегияда:

- яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари қандай бўлади?

- келгусидаги фаолиятимизни белгилайдиган айнан қайси мақсад ва вазифалар, биз учун энг долзарб ва устувор ҳисобланади?

- давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳа ва йўналишларини комплекс ривожлантириш учун асосий эътиборни нималарга қаратишимиз керак?

- кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорларимиз, дастур ва режаларимизни янги даврда қандай давом эттиришимиз, уларга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритишимиз керак?

– деган саволларга чуқур ва атрофлича жавоб берилган.

Бугунги ҳаётимиз ва эртанги келажагимиз билан боғлиқ шу каби устувор масалалар таҳлили, «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобида ўзининг батафсил ифодасини топди. Энди халқимиз кутяпти, бу ислоҳотлар шабадаси қачон бизга етиб келади, деб.

Айнан шу сабабли демократик ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, келгуси фаолиятимиз учун «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган принципни бош тамойил этиб белгиладик.

Шу асосда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» бўйича давлат дастури тайёрланиб, кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз.

Бу мақсадга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз.

Мухтасар айтганда, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади», – деди президент.

Мавзуга оид