20:11 / 27.01.2022
7548

Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасида Деҳли декларацияси қабул қилинди

Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Ҳиндистон—Марказий Осиё саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ортди, қўшма корхоналар сони 400 тага етди. Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, Андижон вилоятининг Гужарат штати билан кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.

Тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестициялар ва савдо соҳасида янги ўсиш нуқталарини аниқлаш мақсадида Ҳиндистон—Марказий Осиё ишбилармонлар кенгаши фаолиятига жадал суръат бағишлаш муҳим экани таъкидланди.

Президент минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқалари самарадорлигини ошириш ва замонавий инфратузилма яратиш масалаларининг устувор аҳамиятини қайд этди. «Қуруқ» портлар тармоғини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, юк ташишда чегирма ва имтиёзли тарифлар тақдим этиш, божхона тартиботларини соддалаштириш мақсадида транспорт вазирларининг кўп томонлама учрашувлари механизмини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Энергетик самарадорлик ва «яшил» тараққиёт соҳаларида Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини ва кооперация истиқболларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги минтақавий ҳамкорлик масалаларини келгуси йилнинг сентябр ойида Оролбўйида ўтказиладиган халқаро форумда муҳокама қилиш таклифи илгари сурилди. Маданий-гуманитар соҳа учинчи устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Музейлараро ҳамкорлик, кўргазма ва анжуманлар ташкил этиш, қўлёзма фондларини рақамлаштириш ва виртуал кутубхона яратиш, умумий тарихий-археологик меросни тадқиқ этишни назарда тутадиган қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳиндистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан минтақа мамлакатларида ҳинд маданияти ва киноси фестивалларини ўтказиш таклиф қилинди. Давлат раҳбари Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга алоҳида тўхталди. Ушбу мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўймаслик, йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга кўмаклашиш чораларини кўриш муҳим экани таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев бош вазир Нарендра Моди ва Ҳиндистон халқини Республика куни ва мамлакат мустақиллигининг бўлажак 75 йиллиги билан табриклади.

Бошқа делегациялар раҳбарлари ҳам ўз нутқларида шериклик муносабатлари ва минтақавий ҳамкорликни, энг аввало, савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва туризм соҳаларида кенгайтириш учун катта имкониятлар борлигини қайд этди.

Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар баён қилинган Деҳли декларацияси қабул қилинди.

Top