Сайт мухбирлари аҳоли мурожаатида баён этган муаммоларни жойига бориб ўрганиб, мутасаддиларни саволга тутди.
Маълум бўлишича, Янгиер шаҳридаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланадиган Темур Малик маҳалласи 2017 йилда «Обод маҳалла» давлат дастурига тушган. Маҳалла кўчалари ободонлаштирилган.

Маҳалла фуқаролари йиғини идорасида маҳалла ҳақида дастлабки маълумотларга эга бўлдик. «Темур Малик» МФЙ оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассиси Соҳиба Ғаффарованинг айтишича, маҳалла тўлиқ газлашган. Фақат янги иморат солган Б сектордаги айрим уйларга газ тортилмаган экан. Шунда ҳам, аҳолининг саъй-ҳаракатлари билан кўча бошигача газ қувури тортилган.

Мурожаат келиб тушган, Б сектор деб аталувчи ҳудудда 2016 йилдан сўнг аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш учун 6 сотихдан ер участкалари ажратилган. Илгари бу жойлар саноат зонаси бўлган.
Бу ерда яшаётган аҳоли табиий газ ва ичимлик суви борасида муаммоларга дуч келаётгани, канализация ўтказиш учун кўчалар кавлангани, ишлар суст кетаётгани туфайли энди кўчалар қишнинг ёғин-сочинли кунларида лой бўлиб кетиши ҳақида ўз эътирозларини билдиришди. Кўчаларга ҳеч бўлмаганда тош ва шағал аралашмаси тўшаб берилиши керак.


Чиндан ҳам аҳоли ўз кучи билан ўзлари яшаётган кўчаларнинг бошигача газ қувурларини тортган. Уйгача қувур тортиб газ тушириш учун АСКУГ ақлли газ ҳисоблагичлари ўрнатиш керак.
«Янгиершаҳаргаз» газ таъминоти филиали муҳандиси Жаҳонгир Аҳмедовнинг айтишича, 2019 йилдаги ҳисоб бўйича аҳолига тўлиқ ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинган. Бу фойдаланувчиларнинг ҳали ҳисоб-китоб счёти (лицевой счёти) очилмагани сабабли, қўшимча равишда 500 дона АСКУГ ҳисоблагичлар учун буюртма берилган. Бу ҳисоблагичлар газ таъминоти филиалига етиб келгунга қадар аҳоли бироз сабр қилиши кераклиги маълум қилинди. Кимда ким ўз ҳисобидан ҳисоблагич харид қилса, уни ҳисобга олиб, ўрнатиб беришлари мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.
























