“Калашников” ва граната билан Самарқанддаги заргарлик дўконига босқинчилик жинояти тарихи
Худди кинолардагидек
Босқинчиларнинг ўқотар қурол билан заргарлик дўконига кириб, ичкаридаги одамларга ўқ узиб, қимматбаҳо тақинчоқларни йиғиштириб кетиши – Ҳолливуд киноларидаги воқеаларни эслатиб юборади. Аммо худди шундай кўринишдаги жиноят Ўзбекистонда ҳам содир бўлганига ишонасизми?
2008 йил 13 сентябр куни соат 9:00ларда Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасини ўқотар қуролдан отилган ўқлар ва одамларнинг бақир-чақир овозлари тутиб кетди – шу кўчада жойлашган “Изаура” заргарлик дўконига ниқобли, “Калашников” автомати билан қуролланган икки нафар номаълум шахс босқин уюштирган эди.
Иш кунини бошлаганига ҳали ҳеч қанча бўлмаган дўконга босқинчилар бостириб киради. Босқинчилардан бири дўкон ичида турган сотувчи Акром Алимов ва қоровул Муслим Абдураззоқовга қўлидаги автоматни ўқталиб, уларни қўрқитишга уринади. А.Алимов унга қаршилик кўрсатиши ортидан бошига автомат қўндоғидан зарба еб, ҳушини йўқотиб йиқилади. Қоровул М.Абдураззоқов уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлиб ўрнидан турган вақтда унга қарата ўқ узилади...
Яхшики, ўқ унга тегмайди. Шу заҳоти қоровул ташқарига қочиб чиқиб, кўчадагиларни ёрдамга чақиргани кетади.
Сотувчининг ҳушидан кетгани, қоровулнинг қочиб кетганидан фойдаланган босқинчилар дўкон пештахтасидаги жами 129 турдаги, қиймати 54 млн сўмдан ошиқ қимматбаҳо тилла тақинчоқларни сумкага жойлаб, дўкондан чиқади.
Дўкон ташқарисида одамларнинг кўплигини кўрган босқинчи уларни қочириш учун қуролдан осмонга қарата ўқ узади. Шу паллада ўзига дўкон фарроши Н.Алимова яқинлашиб келаётганини кўриб, унга ҳам ўқ узади.
Шундан сўнг, улар Мирзо Улуғбек кўчасидан Мустақиллик кўчаси томонга қараб юради. Йўлда уларни тўхтатиш учун келаётган дўкон эгаси Шуҳрат Валиевни кўрган босқинчи унга ҳам ўқ узади. Ўқ Ш.Валиевнинг чап елкасига тегади. Бунга ҳам қаноат қилмаган босқинчи унга қарата яна ўқ узиб, сонини жароҳатлайди. Кейинги ўқдан ерга йиқилган Ш.Валиевнинг сонидаги вена қон томири ёрилиб, жароҳат жойидан катта миқдорда қон оқиб чиқа бошлайди.
Шу маҳал ички ишлар профилактика нозири Латиф Парпиев ҳам жиноятчиларни тўхтатишга ҳаракат қилади. Лекин у ҳам автомат ўқига чап беролмай, елкасидан жароҳат олади (малакали тез тиббий ёрдам кўрсатилгани туфайли барча жабрланувчиларнинг ҳаёти сақлаб қолинади).
Мустақиллик кўчаси бўйлаб ҳаракатини давом эттирган босқинчилар кўзига кўринган илк автомобил билан кўздан ғойиб бўлиш пайига тушади. Шу заҳоти уларнинг кўзи йўл четида тўхтаб турган “Нексия” автомобили ва унинг ичида ўтирган Салима Каримовага тушади. Жиноятчилар аёлни дўппослаб, машинадан ташқарига улоқтириб юборади ва ўзлари автомобилга ўтириб, шу ерда кўздан ғойиб бўлади.
Натижасиз уринишлар
Ҳолат юзасидан дарҳол ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а” банди, 25,97-моддаси 2-қисми “а”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошлаб юборилади.
Жабрланувчилар, воқеага гувоҳ бўлган бошқа шахслар сўроқ қилиниб, уларнинг кўрсатмалари асосида юзига ниқоб кийган икки нафар номаълум шахснинг фотороботлари ишлаб чиқилди.
Фотороботлар жиноят содир бўлган кўчаларда яшовчи фуқароларга кўрсатиб чиқилди. Улар бундай шахсларни кўрмаганларини билдиришди.
Бундан ташқари, шаҳардаги барча заргарлик дўконлари сотувчиларига фотороботлар кўрсатилиб, уларнинг дўконларга кирган-кирмагани суриштирилди. Бироқ ушбу ҳаракатлар кутилган натижани бермади.
Калаванинг учи топилди
Маълум муддат давом этган бесамар уринишлардан сўнг, тергов гуруҳи томонидан навбатдаги режа тузиб чиқилди. Унга кўра, жиноятчиларнинг дўконга келган ва у ердан чиқиб кетган йўллари аниқланди. Ушбу йўлларда жойлашган ҳар бир хонадонда суриштирув ишлари олиб борилди. Натижада жиноят содир бўлганидан сўнг шаҳарнинг Гагарин кўчаси яқинида жойлашган хонадонларнинг бирида ташқи қиёфаси жиноятчиларникига ўхшаш шахслар бир неча марта тўпланганлари ҳақидаги маълумотга эга бўлинди.
Шунга асосан хонадон ўрганиб кўрилганда, унда Виктор Тарковский исмли фуқаро яшаб келаётгани аниқланди.
Виктор Тарковскийнинг уйи ва гаражи тинтув қилинганда, гараж остидан АК-74 русумли автомат ва Ф-1 русумли қўл гранатаси топилади.
В.Тарковский жиноят ишига жалб этилиб, сўроқ қилинганида дастлаб жиноятга алоқадор эмаслигини, қуролни кимдир унга туҳмат қилиш учун гаражи остига бекитиб кетганини билдиради. Аммо терговчи халқи битта ёлғонга ишониб кетаверадиган лақма эмас. Қайта сўроқлар жараёнида В.Тарковский сувдан қуруқ чиқолмаслигини тушуниб етиб, айбини бўйнига олади. Унинг икки нафар жиноий шериги ҳам қўлга олинади.
Жиноий режа
В.Тарковский узоқ йиллардан буён рухсатсиз қурол сақлаб келарди. “Бир коримга яраб қолади” деб олиб қўйилган қурол охир-оқибат В.Тарковскийни жиноят содир этишга ундади. Осон қўлга киритиладиган катта бойликка эга чиқиш истагида у дастлаб банкни ўмаришни режа қилди. Бироқ банклар жиддий қўриқланиши уни бу ниятидан қайтарди.
Шундан сўнг, у қурол ёрдамида заргарлик дўконига босқин уюштириш фикрига келади. Зеро, дўкондан қимматбаҳо буюмларни олиб кетиш банкдаги пулларни олиб кетишдан анча осон эди.
Ушбу вазифани бир ўзи уддалай олмаслигини тушунган В.Тарковский ўзига шерик излай бошлайди. Шу тарзда у Жиззах вилоятида яшовчи таниши Асад Бековга телефон қилиб, зудлик билан Самарқандга етиб келишини тайинлайди, уни кутиб олишни шаҳарда яшовчи таниши Соҳиб Фозиловга юклайди.
С.Фозилов 2008 йил 12 сентябр куни А.Бековни кутиб олиб, уни В.Тарковский билан учраштиради. Учрашувда В.Тарковский танишларини осонгина катта бойлик орттириш режасидан хабардор қилади. Режа шерикларга маъқул келади.
Учовлон 2008 йил 13 сентябр куни соат 7:00ларда В.Тарковскийнинг Москвич автомобилида Шоҳрух Мирзо кўчасига боради. Шу ерда В.Тарковский ва А.Беков машинадан тушиб қолиб, Мирзо Улуғбек кўчаси томон ҳаракатланади. С.Фозилов эса автомобилни Мироншоҳ кўчасига олиб бориб, шу ерда шерикларини кутиб туради.
Жиноий режага кўра, В.Тарковский қонунга хилоф равишда сақлаб келган АК-74 русумли, 5,45 калибрли автомат ва Ф-1 қўл гранатаси билан қуролланиб, дўконга ҳужум қилиши, қаршилик кўрсатган шахсларни отиб ўлдириши, А.Беков эса В.Тарковский ҳимояси остида дўкондаги қимматбаҳо тақинчоқларни сумкага жойлаб, дўкондан олиб чиқиши, дўкондан чиқилгач, В.Тарковский яқин атрофда турган бирорта автомобилни зўрлик ишлатиб олиб қочиши, Мироншоҳ кўчасига етгач, бегона автомобилдан тушиб, С.Фозилов бошқарувидаги Москвичга ўтишлари ва кўздан ғойиб бўлишлари лозим эди. Шунингдек, шов-шувлар босилгач, “ўлжа”ни 3 қисмга бўлиб олишга келишилганди.
Шунга асосан, В.Тарковский ва А.Беков дўкон яқинига бориб, барча тақинчоқлар дўкон пештахтасига териб чиқилишини кутишади.
Соат 9:00ларда қулай фурсат етгач, икковлон юзига ниқоб тақиб, дўконга бостириб киради. Дўконни ўмариш силлиқ кечиб, босқинчилар С.Каримовага тегишли “Нексия” автомобилида Мироншоҳ кўчасидаги келишилган жойга етиб олиб, у ерда С.Фозилов бошқарувидаги Москвичга ўтириб, жуфтакни ростлайди.
В.Тарковский жиноят изларини яшириш учун автомат ва гранатани ўз гаражи остига кўмиб қўяди. Тақинчоқлар эса Рудакий кўчасидаги девор тагига кўмиб қўйилади. Шундан сўнг, жиноий гуруҳ бир неча бор В.Тарковскийнинг уйида тўпланиб, бундан кейинги ҳаракатларини келишиб олади.
Тергов давомида В.Тарковский тергов гуруҳига тилла тақинчоқлар кўмилган жойни кўрсатади. Тақинчоқлар ўз жойида турган эди. Дўкон эгалари ҳам ушбу тақинчоқларни таниб олиб, ўзларига тегишли эканини тасдиқлайди.
Жиноят ва жазо
Тергов жараёнида барча иштирокчиларнинг жиноий қилмишлари тўла фош этилади.
В.Тарковский ва С.Фозиловга ЖК 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а”, “г”, “д”, “и”, “л”, “о”, “п”, “р” бандлари, 248-моддаси (қуролга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисми, 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми, 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “б”, “г” бандлари, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 2-қисми “б” банди билан;
А.Бековга ЖК 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а”, “г”, “д”, “и”, “л”, “о”, “п”, “р” бандлари, 248-моддаси (қуролга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 2-қисми, 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми, 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “а”, “б”, “г” бандлари, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айблов эълон қилиниб, иш судга оширилади.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг ҳукми билан барча судланувчиларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланади.
Аббос Салайдинов тайёрлади.
Мавзуга оид
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
11:36 / 12.12.2024
Заргарлар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши мумкин
19:31 / 29.11.2024
Андижонда машинасида пул олиб юрадиган фуқаро ниқобли шахслар ҳужумига учради
10:10 / 31.10.2024