Жамият | 17:00 / 01.02.2022
7379
5 дақиқада ўқилади

Asl Belgisi тизими дори воситаларини рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳасини муваффақиятли якунлади

Яширин бозор улушини қисқартириш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, давлат бюджетига киримлар ҳажмини ошириш – бу Asl Belgisi рақамли маркировкалаш тизими бажараётган функцияларнинг бир неча тури, холос. Рақамли лейблинг Ўзбекистонда ҳам фаол жорий этилмоқда.

Фото: Asl Belgisi

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги «Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва унга биноан 1 июндан бошлаб фармацевтика бозори фаолиятида Asl Belgisi рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасига старт берилди. Тажриба 2022 йилнинг январь ойи охиригача давом этди. Унинг натижалари тўғрисида “Дори воситалари” товар гуруҳи менежери Диёр Расулев интервью берди.

— Диёр, тажриба иштирокчиларининг умумий сони нечта?  

Фото: Asl Belgisi

 

– Тажрибада иштирок этиш учун имзоланган шартномаларнинг умумий сони 73та. Уларнинг 46таси – хорижий компаниялар ваколатхоналари. Шулар орасида KRKA, DR.REDDY, BERLIN-CHEMIE, FARMAK, ГЕДЕОН РИХТЕР, ABBOTT, Novartis, EGIS фармацевтика заводи, POLYSAN, PRO.MED.CS. Praha, VEGAPHARM, NOBEL ILAC SANAYI VE TICARET ANONIM SIRKETI кабилар бор.

Қолган 27 иштирокчи – маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчилари.

Лойиҳанинг бошида иштирокчилар сони бўйича операторларнинг тахмини қандай эди?

322 қарор бўйича 6та маҳаллий ишлаб чиқарувчи экспериментда иштирок этиши керак эди. Бироқ уларнинг сони 27тага етди. NAVBAHOR SANOAT, NOVA PHARM, GOLDEN MEDIKAL FARM, SERENE HEALTHCAREК, NOVUGEN PHARMA, SAMARKAND - ENGLAND EKO – MEDICAL’ни алоҳида тилга олишни истар эдим. Тажриба аввалида хорижий ишлаб чиқарувчилардан (24та компания) рақамли маркировкада иштирок этишга тайёрлик тўғрисида расмий хатлар олинди. Январь ойида иштирокчилар сони 46тани ташкил этди. Бу жуда катта ютуқ. Тажрибанинг афзаллиги шундаки, у барча учун очиқ бўлди. Сон жиҳатдан ҳеч қандай чекловлар бўлмади. Биз, албатта, бозор иштирокчилари томонидан билдирилаётган бундай қизиқишдан беҳад хурсандмиз.

Фото: Asl Belgisi

— Айтинг-чи, тажриба қандай ўтди, унинг қайси босқичлари амалга оширилди?

– Нисбатан, қисқа вақт ичида лойиҳанинг барча асосий вазифаларини бажаришга эришилди. 

Бу:

•маркировкалаш тизими функционалини янги товар гуруҳига созлаш;

•тажриба лойиҳаси иштирокчиларини рўйхатга олиш ва Asl Belgisi маркировкалаш тизимида шахсий кабинетларни очиш;

•тажриба маҳсулотини аниқлаш ва препаратларни “Маркировкаланган товарлар каталоги” тизимида рўйхатдан ўтказиш;

•дори воситалари ўрамлари дизайн-макетини қайта кўриб чиқиш ва рўйхатга олишга доир ҳужжатларга тегишли ўзгаришларни киритиш;

•маркировкалаш ускуналарини сотиб олиш, етказиб бериш ва монтаж қилиш ва тажриба лойиҳасининг барча иштирокчиларининг ишлаб чиқариш майдончаларида ишга тушириш-созлаш ишларини амалга ошириш; 

•корхона ишчиларини янги ускуналарда ишлашга ўргатиш;

•маркировкаланган маҳсулотларнинг сигнал партияларини ишлаб чиқариш ва рақамли маркировкаланган маҳсулотни серияли ишлаб чиқаришга ўтиш.

Хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳам ортда қолишмади. Масалан, DR.REDDYS, BERLIN-CHEMIE, FARMAK, ABBOTT LABORATORIES компаниялари маркировкаланган дори воситаларининг сигнал партияларини ишлаб чиқаришди, яқин орада уларнинг Ўзбекистон Республикасига етказиб берилиши кутилмоқда.

Фото: Asl Belgisi

— Тажриба даврида иштирокчиларга нечта маркировка кодлари берилди? 

– Шуни қайд этмоқчиманки, тажриба доирасида ишлаб чиқарувчилар битта ишлаб чиқариш линиясини маркировкалаш учун бепул ускуналарни олиш, шунингдек Data Matrix кодларини олиш имкониятига эга бўлдилар. Хорижий компаниялар ваколатхоналарига фақат маркировкалаш кодлари тақдим этилди, техник характерга эга бўлган масалаларни уларнинг ўзлари мустақил ҳал қилдилар.

Жами 6 млн код берилди. “Маркировкаланган товарлар каталоги” тизимида 593та дори воситаси рўйхатга олинди. Улардан 332таси – маҳаллий ишлаб чиқарилган препаратлар, 261таси – хорижий препаратлар.

Тажрибани хулосалайдиган бўлсак, у қандай ўтди?

– Фикримизча, дори воситаларини маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси муваффақиятли ўтди. Тажрибанинг барча вазифалари ўз муддатида бажарилди. Тажриба иштирокчилари маркировкалаш тизимининг ишлаш тамойиллари ҳақида билимларга эга бўлишди, ишлаб чиқариладиган маҳсулотни рақамли маркировкалаш билан боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш бўйича тажриба тўплашди.

Яқин орада масъул идораларнинг дори воситаларини рақамли маркировкалаш изчил жорий этилиши тўғрисидаги қарорини ва мамлакатимиз дорихоналарида маркировкаланган маҳсулотларнинг биринчи партиясини кўришни кутмоқдамиз.

Фото: Asl Belgisi

Маълумот учун: «CRPT TURON» МЧЖ Ucell ва Ўзбекистонга тегишли ҳолдинг активлари USM — ICS Holding Uzbekistan'ни ўз ичига олган Digital Holding қўшма корхонаси таркибига киради.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш