Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Инсон қадри индекси жорий этилади
31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Дастлаб аҳоли ҳаёт даражасини маҳаллалар кесимида ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилди.
Маълумки, дунёда Инсон тараққиёти индекси бор. У аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткичдир. Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган “инсон қадрини улуғлаш” ғояси билан ҳамоҳанг.
Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида Инсон қадри индексини жорий этиш бўйича таклиф тайёрланган. Бунинг учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.
Тақдимотда шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилди.
– Бунинг мезонлари қандай бўлади? Олти ой ёки йил якунида нимага эришилади? Шунинг учун илмий асосланган тизим керак. Шаҳар ҳокимлигида Ситуацион марказга ўхшаш таҳлил маркази ташкил қилиш, дастурий маҳсулот яратиш зарур. Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият оляпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берилди. Бу уларнинг ўз иш услубини ўзгартиришга ундаши таъкидланди.
Мавзуга оид
21:06 / 21.03.2026
Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни қандай ўзгарди?
08:39 / 30.07.2025
Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси икки йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди
18:54 / 10.03.2025
Ўзбекистон терроризм таҳдиди паст бўлган мамлакатлар қаторига кирди
08:00 / 06.02.2025