Олимпиада ўйинлари ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган энг йирик халқаро спорт мусобақасидир. Дастлаб тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида қайта ташкил этилган спорт мусобақаси ўзининг 126 йиллик тарихи давомида геосиёсий таъсир ўтказиш воситаси вазифасини ҳам ўтаган. Бунинг натижасида бекор қилиш, тақиқлаш ва бойкот эълон қилиш каби ҳолатлар ҳам тарихда кўп учраган.
Жорий йилнинг 4 февралидан 20 февралига қадар бўлиб ўтадиган Пекиндаги қишки Олимпия ўйинларига ҳам АҚШ, Буюк Британия, Канада, Ҳиндистон, Австралия, Литва, Косово, Бельгия, Дания ва Эстония каби давлатлар дипломатик бойкот эълон қилишди. Бу мамлакатлар ўз спортчиларини жўнатишса-да, мамлакат расмийлари тадбирларда қатнашишмади.
Бунга сабаб сифатида Шинжон ва Тибетда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани, шунингдек, Тайванга уюштирилаётган ҳарбий босимлар келтириб ўтилган. Аммо бу замонавий Олимпия ўйинлари тарихидаги биринчи ҳолат эмас.
Қуйида бир қанча давлатлар томонидан бойкот қилинган Олимпия ўйинлари ҳақидаги маълумотлар келтирилади.
1956 йил, мезбон шаҳар: Мелбурн, Австралия
Бойкот қилган давлатлар: Хитой, Миср, Ироқ, Ливан, Нидерландия, Испания ва Швейцария
Австралия ўз тарихида биринчи марта қабул қилган Олимпия ўйинлари бир қанча мамлакатлар томонидан сиёсий сабабларга кўра бойкот қилинган. Очилиш маросимига бир ойдан камроқ вақт қолганда СССР Венгриядаги коммунистик режимга қарши норозилик ҳаракатларини бостириш мақсадида мамлакатга қўшин киритади. Бунга қарши норозилик сифатида Нидерландия, Испания ва Швейцария Мельбурндаги спорт тадбирида иштирок этишдан бош тортади.
Шу билан бирга, Хитой ҳам мусобақада иштирок этмаслигини маълум қилади ва ХХР 1980 йилги қишки ўйинларгача бирорта Олимпия ўйинларида иштирок этмайди. Бунинг сабаби сифатида Хитой ҳукумати ажралиб чиққан вилоят деб ҳисоблайдиган Тайванга алоҳида давлат сифатида иштирок этишга рухсат берилгани келтириб ўтилади.
Британия-Исроил-Франция босқинидан кейин Сувайш каналида юзага келган инқироз туфайли Миср, Ироқ ва Ливан ҳам 1956 йилги мусобақани бойкот қилган.
1964 йил, мезбон шаҳар: Токио, Япония
Бойкот қилган давлатлар: Хитой, Шимолий Корея ва Индонезия
Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) 1963 йилда Жакартада Янги пайдо бўлган кучлар номи билан ўтказилган кўп миллатли ҳаваскорлар мусобақасида қатнашган спортчиларни дисквалификация қилишини эълон қилади. Бунга жавобан Осиё қитъасида ўтказилган биринчи Олимпия ўйинлари Хитой, Шимолий Корея ва Индонезия томонидан бойкот қилинади. Сабаб сифатида Жакартадаги мусобақада ушбу давлатлардан энг кўп ва энг яхши спортчилар қатнашганлиги келтирилган.















