«Ўзавтосаноат» вакили импорт автомобиллар учун бож миқдори қайта кўриб чиқилиши кераклигини тан олди
«Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азиз Шукуров иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Ўзбекистонга автомобиллар олиб киришда божхона тўловлари ставкалари юқори эканлиги ҳақидаги фикрига қўшилди.
Аввалроқ иқтисодчи Юлий Юсупов автомобилсозлик монополияси туфайли қанча йўқотилаётганини айтган эди. Куни кеча «Ўзавтосаноат» раҳбари ўринбосари Азизбек Шукуров ҳам ўз фикрини билдирди.
«Юқори божхона тўловларидан ташқари, автомобиллар олиб киришда, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратишда яна бир жиддий тўсиқ мавжуд. Гап нотариф тўсиқлар ҳақида бормоқда. Улардан асосийси - маҳаллий сертификатлаш органларидан сертификат олиш зарурати. Бундай сертификатлашдан мамлакатга олиб кирилаётган барча автомобиллар, жумладан, жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг текширилган ва қайта текширилган, синовдан ўтказилган ва қайта синовдан ўтган ҳамда барча зарур тасдиқловларга эга бўлган брендлари ҳам ўтиши керак. Яъни, гап истеъмолчи ва бюджет манфаатлари нуқтайи назаридан нафақат маъносиз, балки ўта зарарли жараёнлар ҳақида бормоқда, улар автомобиль нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келади ва ҳам истеъмолчининг чўнтагига, ҳам давлат даромадига салбий таъсир қилади», деганди аввалроқ иқтисодчи.
Шукуров дунёнинг автомобилсозлик саноати мавжуд қайси давлатида сертификатлаштириш талаблари йўқлигини сўради. Унинг сўзларига кўра, «Ўзстандарт» БМТ ЕИК сертификатларини тан олади, бироқ Хитой ва АҚШ бундай сертификатларни тан олмайди ҳамда ўзининг талаблари учун сертификат талаб қилади.
Иқтисодчи иқлим бўйича синовлар ҳақида гапирди, бироқ «Ўзавтосаноат» компанияси вакили жисмоний шахслар томонидан автомобиллар олиб кирилаётганда бундай синовлар ўтказилмаслигини айтди.
Иқтисодчининг фикрига кўра, битта сертификат ўртача 51 300 еврога тушади.
«Автомобиль маркасининг оммабоп бўлиши ўртача уч йил давом этади. Бу даврда, юқори якуний нархлар ҳисобга олинса, импортёр Ўзбекистонда кўп автомобиль сота олмайди. Айтайлик, битта сертификат бўйича (эслатиб ўтаман, маълум бир двигателга эга маълум бир маркадаги автомобиль учун берилган) уч йил ичида ўртача 20 та машина сотиш мумкин. Битта ўртача автомобилнинг нархи 2 565 еврога ошиши керак (51 300/20). Айни пайтда, жисмоний шахс учун сертификатлаш ҳар бир автомобиль учун 3,5-4 миллион сўмни ташкил этади», — деди Юсупов.
Азизбек Шукуров қайси ишлаб чиқарувчи/импортчи 3 йил ичида 20 та автомобиль сотиш бўйича бизнес-режа тузиши ва бундай кичик ҳажм сертификатлаштириш талаби бекор қилинган тақдирда ҳам дилерлик шохобчасини ташкил этиш/сақлаш учун сарфланган сармояни қандай қоплаши мумкинлигини сўради.
Компания вакили, шунингдек, Россияда ишлаб чиқарилган автомобиллар (тегишли сертификатга эга), масалан, Lada учун божхона тўловлари олинмаслигини эслатди. Унинг таъкидлашича, Uzauto Motors’нинг бюджет сегментидаги автомобиллари нархлари «General Motors томонидан бошқа мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва бир хил бўлган автомобиллардан паст».
Бундан ташқари, Шукуров Юсуповдан соҳадаги коррупция фактлари ҳақида гапириб беришни сўради.
«Шу билан бирга, божхона тўловлари ставкалари юқори ва уларни қайта кўриб чиқиш мумкин эди, деган фикрга қўшиламан», — дея хулоса қилди у.
Мавзуга оид
17:51 / 09.09.2024
Ўзбекистонда хусусийлаштириш: қандай хатоларга йўл қўймаслик керак?
15:26 / 10.07.2024
“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик
17:48 / 26.04.2024
12 та йирик корхонадаги давлат улушининг бир қисми оммавий савдога чиқарилади
15:05 / 15.04.2024